Тошкентда яна «дарахткушлик». Хорижий корхона 12 туп дарахтни ноқонуний қўпориб ташлаган

12:22 22 Февраль 2026 Жамият
448 0

Тошкент шаҳрида «Миллий боғ» хиёбони яқинидаги қурилиш майдонида 12 туп дарахт ноқонуний кесиб ташланди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербаев маълум қилди.

Унинг қайд этишича, Озарбайжоннинг «PD Estatess» МЧЖ корхонасига берилган ер майдонида мораторий талабларига зид равишда 12 туп қимматбаҳо дарахт рухсатномасиз кесиб қўпориб ташланган. Ҳисоб-китобларга кўра, бунинг оқибатида табиатга 351 миллион 230 минг сўм миқдорда зарар етказилган.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдириб, Давлат экологик назорат инспекцияси томонидан 20 февраль куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманида навбатдаги рейд тадбири ўтказилганини хабар қилди.

Билдирилишича, рейд давомида Чилонзор тумани «Байналминал» кўчаси, 102А-уй манзилида жойлашган «PD Estatess» МЧЖга тегишли ҳудудда соғлом ўсиш ҳолатида бўлган жами 12 туп дарахт, шундан 9 тупи Президент фармонига асосан муддатсиз даврга узайтирилган мораторий талабларига зид равишда, ҳеч қандай тегишли рухсатномаларсиз илдиз қисми билан қўпориб олингани маълум бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан белгиланган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳамда табиатга 351 млн 230 минг сўм миқдорида зарар етказилгани ҳисоблаб чиқилган.

Билдирилишича, ҳозирда тўпланган ҳужжатларни ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиши учун Бош прокуратурага юбориш чоралари кўрилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер