Уч ҳудудда 500 миллион сўмлик «свет» ва газ талон-торож қилинди

20:06 20 Февраль 2026 Жамият
379 0

Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.

Унда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қўшработ тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.

Аниқланишича, «Б.О.» фермер хўжалиги раҳбари С.Б. сув насосларини электр тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан улаб, 219,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани фош қилинган.

Шу каби яна бир ҳолат, Департаментнинг Жомбой тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ҳам аниқланган.

Унга кўра, «А.Н.» оилавий корхонаси раҳбари Т.И. корхона ошхонасида табиий газ тармоғига ўзбошимчалик билан тўғридан-тўғри уланиб, 165,7 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, Департаментнинг Бувайда тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «Х.О.» фермер хўжалиги раҳбари Х.А. «Меҳнатобод» МФЙ ҳудудидаги балиқ ҳавзасида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида ўзбошимчалик билан уланиб, 117,7 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошлаб юборилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер