Наманганга метеорит тушдими? Астрономия институти изоҳ берди
Видеодан кадр
Кеча, 19 февраль куни Тошкент шаҳри осмонида номаълум ёрқин жисм ҳаракати кузатилди. Ҳодиса тасвирланган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Шунингдек, Наманган вилоятида аҳоли кучли шовқин ва ер силкинишига ўхшаш ҳолатни ҳис қилган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳодиса тахминан соат 12:30–13:00 лар оралиғида содир бўлган. Осмонда 2-3 сониялик ёрқин чақнаш кузатилган ва номаълум жисмдан қолган қора тутун траекторияси бир неча соат сақланиб турган.
Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти мазкур воқеа бўйича расмий ахборот эълон қилди. Унга кўра, институт мутахассислари томонидан ушбу ҳолат юзасидан дастлабки ўрганишлар олиб борилган. Ҳозирги вақтда видеода қайд этилган ҳодисанинг метеорит тушиши ёки бошқа табиий-техноген манба билан боғлиқ экани расман тасдиқлангани йўқ.
«Ер юзасига етиб келган қолдиқлар мавжуд бўлмаса, ҳодисанинг табиати ҳақида аниқ хулоса бериш имконсиз», дейилади Астрономия институти хабарида.
Қўшимча қилинишича, вазият билан боғлиқ янги маълумотлар аниқланиши билан жамоатчиликка расман хабар берилади.
Маълумот учун, метеоритлар — Қуёш тизимида ҳаракатланувчи кичик қаттиқ жисмлар бўлиб, улар Ер атмосферасига кирганда кучли қизиш натижасида ёрқин из қолдиради ва бу ҳодиса метеор деб аталади. Агар бундай жисм атмосферада тўлиқ ёниб кетмай, Ер юзасига етиб келса, у метеорит деб юритилади.
Илмий ҳисоб-китобларга кўра, Ер атмосферасига сутка давомида миллионлаб майда космик зарралар киради, бироқ уларнинг мутлақ кўпчилиги атмосферада ёниб кетади. Ер юзасига етиб келадиган метеоритларнинг умумий массаси эса ўртача кунига бир неча ўн тоннани ташкил этади. Шу билан бирга, аҳоли яшаш ҳудудларига йирик метеоритларнинг тушиши ниҳоятда кам учрайдиган ҳодиса ҳисобланади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини улуғлашда янги босқич Тошкентда бошланмоқда — The Washington Post
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг