Талаба хазон баргидан фойдаланиб экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқариш технологиясини яратди

11:18 17 Февраль 2026 Илм-фан
1299 0

Бухоро давлат университети табиий фанлар ва агробиотехнология факультети 3 – босқич талабаси Жаҳонгир Назаров кузги хазон барглари воситасида экологик тоза қадоқлаш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга оид инновацион ғояни илгари суриб, айтса арзигулик натижага эришди. Изланувчан юртдошимиз лаборатория шароитида махсус технологик жараёнлар асосида хазон баргларни қайта ишлаб, биологик парчаланадиган қоғоз ва қадоқлаш маҳсулотлари тайёрлаш мумкинлигини исботлади.

Инновацион ривожланиш агентлиги вилоят бўлинмаси бош мутахассиси И. Муродовнинг таъкидлашича, ушбу маҳсулотлар пластик қадоқлаш воситаларига муқобил бўлиб, табиатга зиён етказмаслиги ва қисқа вақт ичида табиий равишда парчаланиши билан эътиборга лойиқ.Қолаверса, гап амалда фойдаланилмаётган, чиқит сифатида қаралаётган, айрим ҳолларда эса ёқиб юбориладиган кузги хазон баргларини қайта ишлаш ҳақида бормоқда. Шу йўл билан экологик муаммоларнинг бирига ечим топиш мумкин.

-Даставвал Бухоро шаҳридаги 31 -, кейин эса 38 – умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олганман,- дейди Жаҳонгир Назаров. – Болалигим кимё лабораторияларида ўтган, десам муболаға қилмаган бўламан. Негаки, раҳматли отам Илҳом Назаров Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг кимё кафедраси мудири эдилар. У киши кимё фанлари номзоди сифатида самарали илмий изланишлар олиб борган. Отамдан олган сабоқларим менга асқатмоқда.Улар ишини давом эттириш ниятидаман.

Жаҳонгир ҳали ёш бўлишига қарамай илмда бошқалар юрмаган йўлдан боришга, креатив фикрлашга интилади. Ушбу ғоя туғилганида “Сендан ҳам ақллироқ, билимли кишилар буни эплай олишмаган”, дея танбеҳ берганлар ҳам бўлди. Аммо қатъиятли йигит буни уддалади. Агар у таклиф қилаётган лойиҳа амалиётда қўлланилса, ўнлаб янги иш ўринлари яратилади, маҳаллий хом ашёни қайта ишлаш орқали экологик тоза маҳсулотга бўлган талаб ҳам қондирилади.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер