Импортдан арзонроқ маҳаллий маҳсулот яратган давлат корхоналари муҳандисларига мукофот берилади

16:31 13 Февраль 2026 Сиёсат
530 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўтган йили халқаро молия институтлари иштирокидаги 2,5 миллиард долларлик шартномаларда маҳаллий компанияларнинг улуши бор-йўғи 15 фоизни ташкил қилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган йиғилишда маълум қилинди.

Ёки давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улуши 68 фоизга етган бўлса, Олмалиқ комбинати, «Ўзтрансгаз», «Миллий электр тармоқлари», «Uzbekistan Airports» ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари»да 40 фоизга ҳам етмайди.

Тадбиркорлар «давлат хариди, экспертиза, сертификат олишда бюрократия кўп, идорама-идора юриш керак» деб айтаётгани, айрим вазирлар ва тармоқ раҳбарлари «чет элники сифатлироқ» деган эскича фикрда юриб, маҳаллий тадбиркорларга йўл бермаётгани кўрсатиб ўтилди.

Бу тизимни тубдан ислоҳ қилиш, маҳаллий корхоналарни халқаро молия институтлари лойиҳалари ва давлат харидларидаги иштирокини кенгайтириш мақсадида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги ташкил этилди.

Энди вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар ҳар бир лойиҳадаги музокара, тендер, қурилиш, хомашё топишни барча босқичида маҳаллий улушни кўпайтиришга шахсан жавоб бериши қайд этилди.

Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги қайси корхона нима чиқараётгани, қуввати, техник параметри, сертификати кўриниб турадиган платформани ишга туширади.

Тармоқ раҳбарлари ва ҳудудий саноат штаблари ҳар бир корхона маҳсулотини номма-ном, техник хусусияти билан ушбу платформага киритади. Янги платформада маҳаллий маҳсулот бўла туриб, импорт товар сотиб олган давлат ташкилотларида харидларнинг асосли эканлиги ўрганиб борилади. Давлат компаниялари импорт қилаётган товар, уларнинг ҳажми ва техник параметрлари тўғрисидаги маълумотлар ҳар ойда ушбу порталда эълон қилиб борилади.

Тармоқ раҳбарларига импорт хомашё ва бутловчи қисмларни ўзимизда ишлаб чиқариш имкониятини чуқур ўрганиш учун маҳаллий ва хорижий консультантларни жалб қилиш топширилди.

Халқаро молия ташкилотлари билан музокара ўтказиб, лойиҳаларда маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 25-30 фоизга олиб чиқиш бўйича келишувга эришиш муҳимлиги қайд этилди.

Маҳаллий маҳсулотларни кўпайтириш учун ташкил қилинадиган алоҳида жамғарма ҳисобидан маҳаллийлаштириш лойиҳаларига 10 йилгача хорижий валютада 6 фоизли, миллий валютада 12 фоиз кредит ажратилади. Тадбиркорларга илғор технологиялар трансфери учун 1 миллион долларгача, саноат стартаплари учун 1 миллиард сўмгача компенсация беради.

Энди давлат корхоналари муҳандислари импортдан арзонроқ маҳаллий маҳсулот яратса, тежалган маблағнинг 20 фоизи уларга мукофот қилиб берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер