Қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш бўйича янги қарор қабул қилинди

18:37 06 Февраль 2026 Ҳужжатлар
692 0

Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни кенг жорий этишни рағбатлантириш мақсадида Президентнинг “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–47-сон қарори қабул қилинди. Ҳужжат сув таъминоти чекланган шароитда аграр соҳада самарадорликни ошириш, ресурслардан тежамкор фойдаланиш ва замонавий ҳисобга олиш механизмларини жорий этишни назарда тутади.

Қарорга мувофиқ, 2027 йилдан бошлаб сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари ва субсидиялар миқдори суғориладиган ер майдонларининг сув билан таъминланганлик даражасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Хусусан, сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудларда жойлашган ерларда сув тежовчи технологиялар жорий этилса, ажратиладиган субсидиялар 1,25 оширувчи коэффициент асосида ҳисобланади. Аксинча, сув билан барқарор таъминланган ҳудудларда бундай технологиялар жорий қилинмаган ҳолларда сувдан фойдаланиш солиғи икки баробар оширилган миқдорда қўлланилади.

Янги тартибга кўра, 2027 йилдан шоли етиштириладиган майдонларнинг сув кириш нуқталарига, шунингдек балиқчилик хўжаликлари ташкил этилган ер участкаларининг сув кириш ва чиқиш жойларига тадбиркорлар ўз маблағлари ҳисобидан “ақлли” сув ўлчаш ва ҳисоблаш воситаларини ўрнатиши мажбурий бўлади. Бундай қурилмалар ўрнатилмаган тақдирда ҳам сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси икки баробар миқдорда ҳисобланади.

Қарор билан яна бир муҳим янгилик — сув тежовчи технологиялар ускуналарини ишлаб чиқариш ва жорий этишда рақамли назорат тизимларини жорий қилишдир. 2026 йил 1 октябрдан бошлаб таъминотчи корхоналар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан насос ҳамда фильтр қурилмалари махсус QR-кодли ёрлиқ билан ишлаб чиқарилиши, шунингдек уларга сунъий йўлдош кузатув тизими — GPS трекер ўрнатилиши белгиланди. Шу санадан эътиборан сув тежовчи технологияларни ўрнатиш ишлари тасдиқланган минимал талаб ва меъёрлар асосида амалга оширилади.

Шу билан бирга, сув тежовчи технологияларни банк кредитларини жалб қилмасдан, ўз маблағлари ҳисобидан жорий этадиган ташаббускорлар учун субсидия ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилади. Унга кўра, лойиҳа ташаббускори белгиланган минимал талаблар асосида лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқади ва таъминотчи корхона билан шартнома тузади. Мазкур ҳужжатлар асосида ҳисобланган субсидиянинг 50 фоизи Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан олдиндан ажратилади. Технологиялар тўлиқ ўрнатилиб, фойдаланишга топширилгандан кейин субсидиянинг қолган 50 фоизи ҳам тўлаб берилади. Агар дастлабки маблағ ажратилганидан сўнг икки ой ичида технологиялар ишга туширилмаса, берилган субсидия белгиланган тартибда қайтарилади.

Мазкур қарор сув ресурсларини ҳисобга олишни рақамлаштириш, тежамкор технологияларни иқтисодий жиҳатдан рағбатлантириш ва аграр ишлаб чиқаришда самарадорликни оширишга қаратилган комплекс механизмларни белгилаб берди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер