Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)

21:04 04 Февраль 2026 Жамият
2409 0

Бугун глобаллашув жараёнлари жадал кечаётган бир пайтда миллий ўзликни асраш, азалий қадрият ва анъаналарни сақлаб қолиш ҳамда уларни келажак авлодга етказиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу жиҳатдан миллий маданият, урф-одат ва маънавий меросни замон талабларига мос тарзда кенг тарғиб қилиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2023 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми, махсус веб-платформа ҳамда мобил илова ишлаб чиқилди.

Бугун, 4 февраль куни Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Республика маънавият ва маърифат маркази томонидан «Миллий қадриятлар атласи» номли китоб-альбоми тақдимот қилинди. Ушбу тақдимот маросимида китоб муаллифлари, академиклар, соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Хасанов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбомининг яратилиш тарихи, лойиҳани амалга оширишдан кўзланган мақсад ва унинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди. Мазкур нашр миллий қадриятларни тизимли тарзда жамлаш, уларни илмий асосда таҳлил қилиш ҳамда замонавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка, жумладан, ёш авлод ва хорижий аудиторияга етказиш, шунингдек, ушбу китоб-альбом миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани мустаҳкамлаш ва маънавий меросни асраш йўлидаги муҳим манба экани таъкидланди.

Маълум қилинишича, мазкур лойиҳа доирасида 28 нафар олим, зиёли ва юқори малакали мутахассислардан иборат ижодий гуруҳ фаолият олиб борган. Мутахассислар томонидан Янги Ўзбекистоннинг миллий қадриятлари, миллий-ахлоқий қадриятлар, урф-одатлар, маросимлар, байрамлар, миллий ўйинлар, миллий-табиий ва миллий-бадиий қадриятлар каби 8 та йўналиш бўйича кенг қамровли илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилган.

Нашрни тайёрлаш жараёнида 1,7 мингдан ортиқ матн, 3 мингдан зиёд фотосурат, 300 дан ортиқ миллий қўшиқ ҳамда 2 мингга яқин видео ва аудио материаллар таҳлил қилинган. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми барча ҳудудлардан жамланган материаллар асосида ўзбек, инглиз ва рус тилларида нашр этилган.

Китобда Марказий Осиёда шаклланган юксак илмий-маданий муҳит ифода этилади. Қадимги туркий битиклар, халқ оғзаки ижоди намуналари, шунингдек, алломалар мероси миллий қадриятларнинг асосий манбалари сифатида таҳлил қилинади. Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан, маданият ва ислом қадриятларининг юксалиши алоҳида эътироф этилган. Шунингдек, миллат ва миллий қадриятлар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, уларнинг этник макон, тил, тарихий хотира ва генофонд билан чамбарчас алоқадорлиги очиб берилади. Ўзбек халқига хос урф-одатлар, оила ва жамиятдаги ахлоқий меъёрлар миллий қадриятларнинг амалий ифодаси сифатида талқин қилинган.

Тақдимот тадбири давомида китоб-альбом билан бир қаторда, нашр учун фойдаланилган материаллар асосида «qadriyatim.uz» электрон платформаси ҳамда унинг мобил иловаси ҳам намойиш этилди. Мазкур платформа доимий равишда янгиланиб бориладиган интерактив ахборот базаси бўлиб, у хорижий фойдаланувчилар ва чет элдаги ватандошларга миллий қадриятлар, моддий ва номоддий маданий мерос ҳақида бир нечта хорижий тилларда маълумот тақдим этади. Айни вақтда «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми мамлакат бўйлаб олий таълим муассасалари, миллий маданият марказлари ва туристик объектларда кенг жамоатчиликка тақдим этилмоқда.

Тадбир якунида жорий йилда «Ватандошлар» жамоат фонди билан ҳамкорликда ушбу китоб-альбомни қўшимча минг нусхада чоп этиш, хориждаги ватандошлар ва диаспора вакиллари иштирокида элчихоналарда тақдимотлар ўтказиш, шунингдек, китоб-альбомнинг ўзбек, инглиз ва хитой тилларидаги янги нашрларини тайёрлаш режалаштирилаётгани таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер