Зангиотадаги ноқонуний ҳужрада болаларга тазйиқ ўтказиб келингани аниқланди

17:50 04 Февраль 2026 Жамият
648 0

Фото: Тошкент вилояти ИИББ

Тошкент вилояти Зангиота туманида хонадонида ҳужралар ташкил этиб, моддий даромад эвазига болаларга ноқонуний диний сабоқ бериб келган шахслар аниқланди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти ИИББ ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. Унда Зангиота тумани Чинор маҳалласида яшовчи 44 ёшли шахс ва унинг 65 ёшли холаси икки хонадонда яширин тарзда ҳужра ташкил этилгани аниқланган.

Улар етарли диний билимга ҳамда тегишли рухсатномага эга бўлмаган ҳолда ўз хонадонларида жами 15 нафар вояга етмаган болага ноқонуний диний таълим бериб келган. Жумладан, бир хонадонда 10 нафар, иккинчисида эса 5 нафар бола яшаш ва таълим олиш шароитлари билан жойлаштирилган.

Маълум бўлишича, ҳар бир бола учун ойига 1 миллион сўмдан 300 АҚШ долларигача миқдорда пул олган. Айрим ҳолатларда болаларга нисбатан жисмоний тазйиқ ўтказилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ноқонуний диний таълим бериш билан шуғулланган икки нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 229 (2)-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, болаларни тарбиялаш ва таълим бериш мажбуриятларини лозим даражада бажармаган ота-оналарга нисбатан ҳам маъмурий чоралар кўрилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер