Дунёда ҳар 10 та саратон ҳолатидан қарийб 4 тасини олдини олиш мумкин — ЖССТ

17:05 04 Февраль 2026 Дунё
1121 0

Иллюстратив фото

Бугун, 4 февраль — бутун дунёда Саратон касаллигига қарши кураш куни сифатида нишонланади. Шу муносабат билан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (WHO) ва унинг Халқаро саратонни ўрганиш агентлиги (IARC) томонидан эълон қилинган янги глобал таҳлил саратон касаллиги билан боғлиқ юкни камайтиришда профилактиканинг улкан аҳамиятга эга эканини яна бир бор тасдиқлади. Тадқиқот натижаларига кўра, дунёда ҳар ўнта саратон ҳолатидан қарийб тўрттасининг олдини олиш мумкин.

Таҳлилларда олдини олиш мумкин бўлган 30 та омил қамраб олинган бўлиб, улар орасида тамаки маҳсулотлари, алкогол истеъмоли, юқори тана массаси индекси, жисмоний фаолликнинг пастлиги, ҳаво ифлосланиши, ультрабинафша нурланиш ҳамда илк бор тўққизта саратон касаллигига сабаб бўлувчи инфекция кўриб чиқилган. Бутунжаҳон саратонга қарши кураш куни арафасида эълон қилинган ҳисоботга кўра, 2022 йилда аниқланган барча янги саратон ҳолатларининг 37 фоизи — тахминан 7,1 миллион ҳолат — айнан олдини олиш мумкин бўлган сабаблар билан боғлиқ бўлган.

185 та давлат ва 36 турдаги саратон касаллиги бўйича маълумотларга таянган таҳлил тамакини энг асосий олдини олиш мумкин бўлган омил сифатида кўрсатган. У глобал миқёсда барча янги саратон ҳолатларининг 15 фоизига сабаб бўлган. Кейинги ўринларда инфекциялар (10 фоиз) ва алкогол истеъмоли (3 фоиз) қайд этилган.

Дунё миқёсида олдини олиш мумкин бўлган саратон ҳолатларининг қарийб ярмини уч тур — ўпка, ошқозон ва бачадон бўйни саратон касаллиги ташкил этган. Ўпка саратони касаллиги асосан тамаки чекиш ва ҳаво ифлосланиши билан, ошқозон саратони “Helicobacter pylori” инфекцияси билан, бачадон бўйни саратони эса деярли тўлиқ инсон папиллома вируси (HPV) билан боғлиқ экани аниқланган.

Тадқиқот натижалари эркаклар ва аёллар ўртасида ҳам жиддий фарқ мавжудлигини кўрсатган. Эркакларда янги саратон ҳолатларининг 45 фоизи олдини олиш мумкин бўлган сабаблар ҳиссасига тўғри келган бўлса, аёлларда бу кўрсаткич 30 фоизни ташкил этган. Эркаклар орасида асосий хавф омили тамаки бўлса, аёлларда инфекциялар етакчи ўринда қайд этилган.

Шунингдек, минтақалар кесимида ҳам сезиларли тафовутлар мавжуд. Аёллар орасида олдини олиш мумкин бўлган саратон касаллиги улуши Шимолий Африка ва Ғарбий Осиёда 24 фоизни, Саҳройи Кабирдан жанубдаги Африкада эса 38 фоизни ташкил этган. Эркаклар орасида энг юқори кўрсаткич Шарқий Осиёда (57 фоиз), энг пасти эса Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзасида (28 фоиз) кузатилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, саратон касаллигига қарши самарали кураш контекстга мос профилактика сиёсатини талаб қилади. Қатъий тамаки назорати, алкоголни чеклаш, HPV ва В гепатитига қарши эмлаш, ҳаво сифатини яхшилаш, хавфсиз меҳнат шароити яратиш ҳамда соғлом овқатланиш, шунингдек, жисмоний фаоллик муҳитини ривожлантириш миллионлаб одамларнинг ҳаётини асраб қолиши мумкин. Бу нафақат касалланишни камайтиради, балки узоқ муддатли тиббий харажатларни қисқартиради ва жамият саломатлигини мустаҳкамлайди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер