«Оддий пароль — хакерлар учун очиқ эшик»: шахсий маълумотларни қандай ҳимоялаш керак?

18:34 03 Февраль 2026 Жамият
1095 0

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда 15 миллион Ўзбекистон фуқаросининг шахсга доир маълумотлари «Dark Web»га сиздирилгани билан боғлиқ хабарлар кенг тарқалди. Турли оммавий ахборот воситалари хакерлар фуқароларнинг шахсий маълумотларини аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг расмий веб-сайтидан олганини даъво қилди.

Мазкур ҳолат юзасидан аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирининг расмий саҳифасида шахсий маълумотлар хавфсизлиги бўйича ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлиги маълум қилинди.

«Рўйхатга олиш жараёнида тўпланган барча маълумотлар алоҳида серверларда шифрланган ҳолда хавфсиз сақланмоқда. Маълумотлар миллий ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ қатъий муҳофаза остида сақланмоқда ва ташқи манбалар орқали сизиб чиқиши эҳтимоли мавжуд эмас», — дейилади муносабатда.

Шунингдек, Киберхавфсизлик маркази ҳам мазкур вазият юзасидан маълумот бериб, ҳозирда ўрганиш ишлари олиб борилаётгани ҳамда ҳолат бўйича қўшимча ахборот тақдим этилишини таъкидлади.

Юқоридаги каби ҳолатлар ҳар бир фуқародан янада ҳушёр бўлишни талаб этиш билан бир қаторда, бирор тизимга киришда фойдаланиладиган шахсий паролларнинг мураккаб бўлишини ҳам талаб қилади. Сабаби оддий пароллар, жумладан, «12345» ёки туғилган йилингиз каби содда логин-пароллар кибержиноятчилар учун шахсий маълумотларингизни осон ўғирлашга имкон яратиши мумкин.

Тизимларга киришда мураккаб пароль нима учун керак?

Мураккаб пароллар турли киберҳужумларда муҳим ҳимоя ҳисобланади. Оддий паролларни махсус дастурлар бир неча сонияда топа олади. Мураккаб паролни (белгилар, рақамлар ва турли регистрдаги ҳарфлар аралашмаси) бузиш учун эса йиллар керак бўлиши мумкин.

Идентификация хавфсизлиги: «My.gov.uz» орқали сизнинг номингиздан кўплаб давлат хизматлари кўрсатилади. Пароль кучли бўлса, бегоналар сизнинг номингиздан ариза бера олмайди ёки маълумотларингизни кўра олмайди.

Занжирли реакция: Агар барча тизим ва сайтларга киришда бир хил ва оддий пароль ишлатсангиз, битта тизим бузилиши билан барча аккаунтларингиз хавф остида қолади.

Хавфсизлик бўйича 3 та олтин қоида:

Пароль формуласини яратинг: Камида 12 та белгидан фойдаланинг. Унда катта ва кичик ҳарфлар, рақамлар ва махсус белгилар бўлсин.

Икки босқичли аутентификацияни ёқинг: Паролни билсалар ҳам, телефонингизга келган кодсиз тизимга кира олишмасин.

Шубҳали ҳаволаларга ишонманг: «Сизга субсидия чиқди» ёки «Маълумотларингизни янгиланг» деган ёлғон хабарлардаги ҳаволаларни очиб, паролингизни киритманг!

Шунингдек, номингизга фирибгарлар томонидан кредит расмийлаштирилишидан хавотирда бўлсангиз, «My.gov.uz» порталида «Кредит битимини тузишга тақиқ қўйиш» хизмати орқали кредит берилишини чеклаб қўйинг.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер