АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
АҚШ Адлия вазирлиги вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликда айбланган молиячи Жеффри Эпштейн иши бўйича терговга оид янги ҳужжатлар тўпламини оммага тақдим этди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Адлия вазири ўринбосари Тодд Бланшнинг маълум қилишича, жами 3 миллиондан ортиқ файл эълон қилинган. Улар орасида 2 мингдан зиёд видео ва 180 мингта тасвир мавжуд. Айрим материаллар қисман ёпиқ ҳолда қолдирилган.
Ҳужжатларда Эпштейн қурбонларининг шахсий маълумотлари, шунингдек, ошкора фото ва видеолар таҳрирланган. Бироқ айрим файлларда қурбонларнинг таҳрирланмаган исмлари ҳам учраб қолган.
Бланш таъкидлашича, ҳужжатларни эълон қилиш олдидан Оқ уй Адлия вазирлиги фаолиятига ҳеч қандай тарзда аралашмаган.
Материалларда АҚШ президенти Дональд Трумп номи ҳам учрайди. Ижтимоий тармоқларда 2025 йил август ойига оид ФҚБ ҳужжати кенг тарқалди. Унда Америка етакчисига алоқадор жинсий зўравонликка доир айбловлар рўйхати келтирилган. CNN қайд этишича, мазкур айбловларнинг аксарияти тасдиқланмаган маълумотларга асосланган.
Файлларнинг бир қисми ФҚБ томонидан ўтказилган гувоҳлар сўроқларига тегишли. 2021 йилдаги сўроқлардан бирида жабрланувчи вояга етмаган пайтида жинсий зўравонликка учраганини, бунга сабаб у аввал ахлоқ меъёрларига зид муносабатга дуч келганини Эпштейнга айтганини маълум қилган. 2020 йил июнь ойида ўтказилган бошқа бир сўроқда эса гувоҳ Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Стив Банноннинг Эпштейн билан муносабатлари ҳақида сўзлаб берган.
Ҳужжатларда айрим америкалик сиёсатчилар ва бизнесменлар ҳақида ҳам маълумотлар учрайди. The Telegraph маълумотларига кўра, айрим файллар ичида Эпштейн 2013 йилда ўзига ўзи ёзган хатлар ҳам мавжуд. Уларда Microsoft асосчиси Билл Гейтс гўё «рус қизлари» билан мулоқотдан сўнг жинсий йўл билан юқадиган инфекцияга чалингани ҳақида иддаолар келтирилган.
Бироз вақт ўтиб, Билл Гейтс Эпштейн ишига оид янги файллардаги маълумотларни рад этди. Унинг вакили шундай деди:
«Бу ҳужжатлар фақат Эпштейннинг Гейтс билан доимий [дўстона] муносабатлар ўрната олмаганидан норозилигини ва уни тузоққа илинтириб, обрўсини тушириш учун нимага тайёр бўлганинигина кўрсатади».
Яна бир файлда Tesla ва SpaceX раҳбари Илон Маскнинг 2013 йилда Эпштейнга йўллаган хати келтирилган. Унда Маск: «Қачон сизнинг оролингизга борамиз?» — деб сўраган. Илгари у Эпштейнга тегишли икки оролдан бирига таклифни рад этганини айтган эди.
Associated Press ёзишича, айрим ҳужжатлар Эпштейннинг ҳибсга олиниши ва унинг ўз жонига қасд қилишига оид маълумотларни ўз ичига олади.
Файлларнинг бир қисмида ФҚБнинг ахборот манбалари билан мулоқотлари ҳақидаги ҳисоботлар мавжуд бўлиб, уларда оккультизм ва инсон қурбонликлари билан боғлиқ ҳикоялар ҳам келтирилган.
Эпштейн 2019 йил июль ойида ҳибсга олинган. Прокуратура маълум қилишича, у 2002–2005 йиллар оралиғида Манҳэттендаги уйига ўнлаб вояга етмаган қизларни келтирган. Эпштейннинг таниш-билишлари орасида нафақат АҚШ, балки бошқа кўплаб давлатларнинг амалдаги ва собиқ мансабдор шахслари, собиқ давлат раҳбарлари, йирик тадбиркорлар ва шоу-бизнес юлдузлари ҳам бўлган. Молиячига нисбатан жиноий таъқиб 2019 йил 10 август куни унинг қамоқхона камерасида ўз жонига қасд қилиши билан якунланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини улуғлашда янги босқич Тошкентда бошланмоқда — The Washington Post
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг