Гашишни ташиш мумкин эмас!

14:15 21 Январь 2026 Жамият
432 0

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситаларининг интернет-дўконлар орқали сотилиши ҳамда “закладка” усулида тарқатилишига қарши қаратилган тезкор тадбир ўтказилди.

Тезкор тадбирлар Тошкент шаҳрининг Яшнобод ҳамда Мирзо Улуғбек туманларида бўлиб ўтди.

Унда А. Н. нинг кўрсатмаси асосида Мирзо Улуғбек туманида жойлашган деҳқон бозори ҳожатхонаси кўздан кечирилиб, оғирлиги 20 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситасининг ҳожатхона ортига яшириб қўйилгани аниқланди.

Мазкур тадбирлар давом эттирилганида, А. Н. нинг жиноий шериги Т. С. Мирзо Улуғбек тумани “Олмачи” маҳалласи ҳудудида қўлга олинди. Т. С. текширилганида, камзулининг ўнг чўнтагидан оғирлиги 11 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилди.

Шунингдек, “Олмачи” маҳалласида жойлашган А. Н. хонадони кўздан кечирилиб, ошхонада 2 ўрамда ҳам жами оғирлиги 525 грамм бўлган “гашиш” топилди. Хонадоннинг ётоқхонасида эса гиёҳвандлик воситаларини қадоқлашда фойдаланиладиган “зип” пакетлар, 2 дона электрон тарози, магнит мосламалари ҳамда 144 дона алоҳида қадоқланган, магнит мосламалари бириктирилган ўрамлар билан бирга, оғирлиги 276 граммни ташкил этувчи “гашиш” сақланиб келинаётгани фош этилди.

Айни пайтда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Отабек ИСРОИЛОВ, «Xalq soʻzi».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер