Испанияда тезюрар поезд рельсдан чиқиб кетди. Ўнлаб қурбонлар бор
Кеча, 18 январь куни тунда Испаниянинг Кордова вилояти яқинида Малагадан Мадрид шаҳрига ҳаракатланаётган тезюрар «Iryo» йўловчи поезди рельсдан чиқиб кетди. Бу ҳақида BILD нашри хабар берди.
Испания оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, фожиа оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлган, яна тахминан 75 нафар йўловчи турли даражада тан-жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган. Уларнинг 15 нафари ўта оғир аҳволда экани айтилмоқда.
Маълум бўлишича, ҳодиса Кордова вилоятидаги Адамус шаҳри яқинида маҳаллий вақт билан соат 19:39 атрофида содир бўлган. Поезднинг охирги учта вагони рельсдан чиқиб кетган бўлиб, улардан бири ағдарилиб, қўшни йўлга чиқиб кетган. Натижада у қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган «Renfe» компаниясига тегишли йўловчи поезди билан тўқнашган. Тўқнашув оқибатида иккинчи поезднинг ҳам бир нечта вагони рельсдан чиқиб кетган.
Фожиа оқибатида қурбон бўлганлар орасида машинистлар ҳам борлиги айтилмоқда. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, йўловчилар ҳодисадан сўнг дарҳол тиббий ёрдам чақиришга уринган, кондукторлар эса шошилинч болғалар ёрдамида вагон ойналарини синдириб, одамларни эвакуация қилишга уринган.
Қутқарув ишларига жами 130 нафар қутқарувчи, тиббиёт ходимлари ва полиция ходимлари жалб этилган. Испания транспорт вазири Оскар Пуэнте ҳодиса сабаблари ҳақида ҳозирча аниқ маълумотлар мавжуд эмаслигини билдирган. Билдирилишича, фожиа содир бўлган темир йўл 2025 йилнинг май ойида тўлиқ таъмирдан чиққан бўлган. Бу эса кўплаб шубҳали саволларни келтириб чиқармоқда.
Ҳозирги вақтда Мадрид ва Андалусия ўртасидаги тезюрар поезд қатнови вақтинча тўхтатилган. Ҳодиса юзасидан тергов ишлари бошлаб юборилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг