Ўсмир нега жиноятга қўл урди?

17:22 13 Январь 2026 Жамият
578 0

Мамлакатимизда ёшларнинг сифатли таълим ва тарбия олиши, илм-фан, спорт, санъат ёки бошқа соҳаларда ўз истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариши учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.

Албатта, бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, турли йўналишларда катта ютуқларни қўлга киритаётган, ютуқлари халқаро миқёсда кенг эътироф этилаётган ёшларимиз кўп. Аммо турли қинғир ишларга қўл ураётган, жиноят кўчасига кириб қолаётганлари ҳам йўқ эмас. Айниқса, ҳали вояга етмаган ўсмирлар томонидан содир этилган жиноятлар сонининг ошиб бораётгани янада ачинарли.

Қашқадарё вилоятида содир этилган жиноятларнинг ўртача 4,5 фоизи вояга етмаганлар ҳиссасига тўғри келади. Бу кичик рақамлар эмас. Хусусан, 2025 йилнинг дастлабки уч чорагида жиноят ишлари бўйича вилоятдаги туман, шаҳар судлари томонидан жами 3713 шахсга нисбатан 2915 та жиноят иши кўриб чиқилган бўлса, шундан 133 та жиноят иши (163 та шахсга нисбатан) вояга етмаганлар иштирокида содир этилган. 16 нафар вояга етмаган шахсга нисбатан судлар томонидан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазо чоралари қўлланилган.

Машҳур адиб Тоҳир Маликнинг “Болалик” қиссасида “Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Уни одамлар, жамият жиноятчига айлантиради”, деган гап бор. Дарҳақиқат, вилоятда вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларни таҳлил қилар экансиз, бунга яна бир бор ишонч ҳосил қиласиз. Аксарият ҳолларда оила, маҳалла ёки таълим муассасасидаги бепарволик, назоратсизлик ҳали вояга етмаган ўсмирнинг жиноятга қўл уришига замин яратган.

Масалан, Нишон туманидаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирининг 9-синф ўқувчиси Улуғбек Мардонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) отаси ургани учун аразлаб, уйдан чиқиб кетган. Ўзлари вақтинчалик Тошкент шаҳрида бўлган бир оиланинг қишлоқдаги уйига дераза орқали кириб, ҳафталаб шу ерда яшаган. Хонадон соҳибига тегишли пул ва бир нечта буюмларни ўғирлаб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Ажабланарли томони, 15 ёшли боланинг ҳафталаб уйга келмагани ота-онани сира ташвишга солмаган. Маҳалла-кўйдан бирор бир киши бу бола нима учун бегона хонадоннинг олдида ўралашиб юрганига қизиқмаган.

Ёки бошқа бир мисол. 2009 йилда Чироқчи туманида туғилган, тумандаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирининг 9-синф ўқувчиси бўлган Жасур Норсафаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) илк бор 2024 йилнинг апрел ойида ўғирлик жиноятини содир этиб, судланган эди. Ўшанда унга нисбатан 1,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Аммо орадан бир ой ўтиб яна бир қинғирлиги ошкор бўлди. Бу сафар унга нисбатан аввалги жазонинг ўталмай қолган қисмини тўлиқ қўшиш йўли билан 1 йилу 10 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланди. Бироқ 2024 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига асосан афв этилган.

Шунча ғавғолардан сўнг ҳам на оила аъзолари, на маҳалла-кўй Жасур Норсафаровнинг қаерда, ким билан юргани, нима ишлар билан машғуллигига эътибор қилмади. Натижада мутлақ назорат ҳис этмаган ўсмир 2025 йилнинг 7 март куни уйдан чиқиб кетиб, Яккабоғ тумани марказига бориди. Тун ярми шу ердаги савдо дўконларидан бирининг эшигини бузиб кириб, у ердан умумий нархи 13 миллион 110 минг сўмлик 6 дона телефон аппарати, 1 дона қўл соати, 1 дона эркаклар сумкаси ҳамда 500 минг сўм пулни ўмариб кетди.

Эртаси куни ўғирланган маҳсулотларни Чироқчи тумани марказидаги савдо шохобчаларига сотиб, пулини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Орадан ўн кун ўтиб “ёш ўғри” яна овга чиқади. Бу сафар Чироқчи тумани марказидаги савдо дўконларидан бирини нишонга олганди. Ярим тунда дўкон эшигини бузиб, ичкаридан умумий нархи 11 миллион 540 минг сўмлик 8 дона телефон аппарати ва 2 дона зарядлаш воситасини олиб, секингина жуфтакни ростлаган. Йўл-йўлакай яна бир дўкондан 6 дона эркаклар кўйлаги ҳамда 2 жуфт поябзални ўмарган.

Жасур Норсафаров 2025 йилнинг 30 март куни тунда Кўкдала тумани марказидаги кўчалардан бирида қаровсиз қолдирилган “Nexia”автомобилини олиб қочган. Аммо машина эгасининг хабарига асосан тезкор қидирувга киришган ИИБ ходимлари томонидан туманнинг Уйшун маҳалласи ҳудудига етганда қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Кўкдала тумани судининг ёпиқ суд мажлисида Жасур Норсафаров томонидан содир этилган қилмиш кўриб чиқилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жазо тарбия колонияларида ўташи белгиланди.

Ҳа, ёш авлодни ниҳолга қиёслашади. Уни қай томонга эгса, шу зайилда ўсади. Жасурнинг тарбиясига ҳам ота-онаси бефарқ бўлмаганида, ўқиши, ким билан қаерда юрганини назорат қилганида у ҳам жиноятга қўл урмаган, катта ҳаёт остонасидаёқ йўлдан адашмаган бўларди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер