CNN телеканали Ислом цивилизацияси марказига бағишланган ҳужжатли фильмни намойиш этди
Америка Қўшма Штатларининг CNN телеканали Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига бағишланган ярим соатлик ҳужжатли фильмни намойиш этди. Унда жаҳон аҳамиятига эга энг нодир маданий мерос буюмлари акс эттирилган бўлиб, Ўзбекистонни ислом оламининг энг муҳим тарихий марказлардан бири сифатида очиб беради.

CNN ташаббуси билан яратилган мазкур фильм телеканалнинг муаллифлик лойиҳаси ҳисобланади. Янги йил дастурлари давомида фильм беш марта намойиш этилди. Бу эса Ислом цивилизацияси маркази мавзусига ҳамда Ўзбекистоннинг маданий меросига халқаро таҳририят ва аудитория томонидан катта қизиқиш ва эътибор қаратилганидан далолат беради.
Ҳужжатли фильм намойишидан олдин эксклюзив видеоролик тақдим этилди. Унда Ислом цивилизацияси марказининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусига оид муаллифлик концепцияси ёритилган. Видеоматериалда халқаро сиёсатчилар ва жамоат арбоблари лойиҳани юксак баҳолаб, уни маърифат, мулоқот ва гуманистик қадриятларга йўналтирилган замонавий маданий-цивилизациявий макон сифатида эътироф этдилар.
Видеороликда Ислом цивилизацияси марказининг ноёб лавҳалари, жумладан, афсонавий Усмон мусҳафи, Муқаддас Каъбанинг калитлари, Амир Темур бисотида сақланган Қуръондан бир парча, шунингдек, ислом ва жаҳон маданий меросининг хазинасини ташкил этувчи бошқа бутун дунё аҳамиятидаги артефактлар намойиш этилган. Ушбу материал Euronews телеканали эфир дастурида ҳам тақдим этилган.
10 гектар ҳудудда барпо этилган мажмуа бешта галереяни бирлаштириб, исломни билим ва бағрикенглик дини сифатида очиб беради. Марказ экспозициялари Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон илми ва маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссасини яққол намойиш этади.
Марказнинг халқаро эътирофи «Оскар» мукофоти соҳиби Бен Кингсли иштирокида амалга оширилган «Маърифат акс-садоси» маданий-маърифий лойиҳаси билан ҳам тасдиқланади. Бу эса ушбу ташаббуснинг юксак мақоми ва аҳамиятини янада яққол кўрсатади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Марказий Осиёнинг интеллектуал меросини улуғлашда янги босқич Тошкентда бошланмоқда — The Washington Post
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг