Отам учун сўз, китоб, ўқувчи муқаддас эди — Сайёра Самандарова
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли шоир, адиб, драматург, давлат ва жамоат арбоби Эркин Самандар таваллудининг 90 йиллигига бағишланган маърифий тадбир ҳамда адибнинг «Танланган асарлар» китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирни уюшма раиси Сирожиддин Саййид очиб берди. Устоз адиб хотирасига бағишланган ушбу учрашувда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори Абдусаид Кўчимов сўзга чиқиб, Эркин Самандар ижодининг адабиётимиздаги ўрни, унинг сўз санъатига қўшган ҳиссаси ҳақида илиқ фикрлар билдирди.

Шоир ўзбек адабиётида серқирра ижодкор сифатида танилган. Унинг шеърлари, достонлари, тарихий роман ва драмаларида халқ тақдири, ватанга муҳаббат, инсон қалбининг нозик туйғулари самимий ифода этилган. Адибнинг «Аму жилолари», «Дунёнинг ёшлиги», «Осмон тўла нур», «Вафо деган гавҳар», «Севги фасллари», «Мен шу эл фарзандиман» каби ўнлаб шеърий тўпламлари китобхонлар қалбидан мустаҳкам ўрин олган.
Тадбир доирасида тақдим этилган «Танланган асарлар» китоби Ёзувчилар уюшмасининг «Адабиёт» нашриётида чоп этилди. 736 бетдан иборат ушбу нашр адиб ижодининг кенг қамровини намоён этади. Китоб «Ўз ичингдан чиққан балога...» романи билан бошланади. Шунингдек, ундан «Қудуқ тубидан садолар», «Қирон ғилдираги» тарихий романлари, «Жалолиддин Мангуберди» тарихий драмаси, шеърлар, қиссалар, достон-қиссалар, эртаклар ва поэмалар ўрин олган.


Йиғилишда сўз олганлар Эркин Самандар асарларининг бадиий қиммати, уларнинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамиятига алоҳида тўхталишди. Шогирдлар ва қаламкаш қадрдонлари адиб билан боғлиқ хотираларини ўртоқлашиб, унинг самимий инсон, талабчан устоз бўлганини таъкидлашди.
Адибнинг қизи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Сайёра Самандарова ушбу тадбир ва китоб тақдимоти ҳақида ўз фикрларини бизларга илинди: — Отам учун сўз, китоб, ўқувчи муқаддас эди. «Танланган асарлар» унинг бутун умри, изланишлари, қалб кечинмаларининг бир жамланмаси. Бундай тадбирлар орқали отамнинг ижоди яна кўплаб қалбларга етиб боришига ишонаман, — деди у.



Маълумот ўрнида, Эркин Самандар 1935 йил 22 мартда Хоразм вилояти Хонқа тумани Навхос қишлоғида таваллуд топган. У 2024 йил 13 апрелда Урганч шаҳрида вафот этган. Умри давомида миллий адабиётимиз ва журналистикамиз ривожига қўшган хизматлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» унвони ва «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.
Эркин Самандар қолдирган бой адабий мерос, унинг сўзга бўлган муҳаббати ва халққа садоқати китобхонлар хотирасида ҳамиша яшайверади.
Улуғбек РЎЗИМАТОВ, («Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг