77 ёшида юртимизни пиёда кезган отахон
Бухородаги Етти пир зиёратгоҳи Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Ромитан, Когон туманларида жойлашган. Улар оралиғидаги масофа 150 километр атрофида. Автомобилда борилса, зиёрат амалларини ўташ билан бирга саккиз – тўққиз соатча вақт сарфланади. Бу масофани Пешку тумани Янгитурмуш қишлоғида яшовчи 77 ёшли Муҳаммад Қудратов яқинда 24 кунда яёв босиб ўтди.
– Муҳаммад ака вилоят туризм бошқармаси кўмагида пиёда юриб, муқаддас қадамжоларни тавоф этди, – Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, шоира Махфират Атоева. – Яёв юриш ижодкорга илҳом бахш этади. Негаки, юртимизнинг ҳар гиёҳи, рангин қиёфаси, қайноқ нафасини кўнгил кўзи билан кўрмоқнинг гашти бўлакча.
Муҳаммад ака серқирра ижодкор. У ҳам Ёзувчилар, ҳам Журналистлар уюшмаси аъзоси. Кейинги ўн йиллик умрини пиёда юрт кезишга, юртимиз сайёҳлик салоҳиятини намойиш этишга бағишлади. 2018 йилда республикамиз вилоятларини велосипедда сайр этиб келганди. Орадан уч йил ўтгач, турмуш ўртоғи Ширин Саидова билан Ўзбекистон бўйлаб яёв саёҳат қилди. Олган таассуротлари асосида “Водийларни яёв кезганда” деб номланган китоб ҳам ёзди.
– Ўшанда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил” дастури доирасидаги сафаримиз Андижон вилоятининг Хонободидан бошланганди, – дея эслайди Муҳаммад ота. – Икковлон 100 кундан зиёд вақт мобайнида республикамизнинг 12 та вилояти, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон республикасини 100 кундан зиёд вақт давомида сайру саёҳат қилиб чиққанмиз.
Отахон шу кеча-кундузда ҳам пиёда ёки велосипедда юришни канда қилмайди. Кексалигига қарамай тўрт мучаси соғлом. Шифокорга қачон “иши” тушганини эслолмайди. Айтмоқчи, отахоннинг юртгашталиги, ички туризмни тарғиб қилишдаги хизмати эътиборда. У “Маҳалла ифтихори”, “Туризм фидойиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг