Президент макробарқарорликни таъминлаш чоралари билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёевга инфляцияни жиловлаш ва макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган вазифалар тўғрисида ахборот берилди.
Ички бозорни тўйинтириш ва инфляция омилларини жиловлаш бўйича изчил ишлар туфайли барқарор иқтисодий ўсиш таъминланаётгани, инфляцияни пасайтириш ва миллий валютани мустаҳкамлашда ижобий натижаларга эришилгани қайд этилди.
2025 йил 1 ноябрь ҳолатига кўра, йиллик инфляция даражаси ўтган йилги 10,2 фоиздан 7,8 фоизгача пасайган. 2026 йилда бу кўрсаткични 7 фоизгача тушириш, 2027 йилда эса 5 фоиз доирасида ушлаб туриш режалаштирилмоқда.
Шу мақсадда ички бозорда товар ва хизматлар таклифини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, 2026 йилда банклар аграр тармоқ, озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни молиялаштиришни кенгайтиради.
Йиғилишда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Юқори ўсиш суръатлари ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида келгуси йилда тижорат банклари томонидан иқтисодиётга ажратиладиган кредитлар ҳажми 450 триллион сўмга етказилади.
Давлатимиз раҳбарига микро, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича берилган топшириқларнинг ижроси ҳақида ахборот берилди. Йил бошидан буён тадбиркорлик субъектларига 116 триллион сўмлик кредитлар ажратилди, бу ўтган йилга нисбатан 1,4 баробар кўпдир.
Маҳаллабай ишлаш доирасида 89 минг фуқаронинг бизнес ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, уларга 1,1 триллион сўмлик кредитлар ажратилди. Йил якунига қадар мазкур кўрсаткич 100 минг нафарга етказилади.
2026 йилда ҳам камбағалликни қисқартириш, аҳолини тадбиркорликка фаол жалб этиш бўйича ишларни изчил давом эттириш режалаштирилган. Микро, кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш ҳажмини 140 триллион сўмга етказиш, яна 100 минг фуқаронинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мўлжалланган.
Президентимиз аҳоли ва бизнес учун барқарор молиявий муҳит яратиш, банк тизимига ишончни мустаҳкамлаш ҳамда молия бозорида соғлом рақобатни ривожлантириш бундан буён ҳам банк-молия сиёсатининг бош вазифаси бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Мутасаддиларга инфляцияни жиловлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, мамлакатимиз макроиқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш юзасидан қўшимча топшириқлар берилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
- «Ўзгидромет» шошилинч огоҳлантириш эълон қилди
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Фарғонада Наврўз: тинч-осойишта ҳаёт завқи, дориламон кунлар шукронаси...
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг