Тасвирларда яшаётган миллий ўзлик

11:55 25 Fevral 2026 Jamiyat
279 0

Асрлар давомида шаклланган бой маданий меросимиз рассомларимизнинг миллий руҳ билан суғорилган рангтасвир асарларида дунёга намойиш қилиб келинмоқда. Чунки ўзбек санъати — бу шунчаки тасвир ёки рангбўёқ эмас, балки халқимизнинг тарихи, орзу-умидлари, сабр-бардоши ва Ватанга бўлган муҳаббатининг ёрқин ифодасидир.

Шу жиҳатдан ижодкорга ўзи туғилиб ўсган муқаддас замин илҳом манбаи. Чинакам рассом ўз юртини севмаса, унинг табиатини, одамларини, қадриятларини ҳис этмаса, у қалбга етиб борадиган асарлар ярата олмайди. Ўзбекистон заминида етишиб чиққан кўплаб рассомларнинг дунёга танилишида жонажон юртига бўлган меҳр-муҳаббати асосий рол ўйнаган десак муболаға қилмаган бўламиз.

Таниқли рассом Акмал Нур ўз асарларида миллийлик ва замонавийлик уйғунлигини ярата олган ижодкор сифатида алоҳида эътирофга сазовор. Унинг рангтасвир йўналишидаги асарларида шарқона фалсафа, инсон қалбининг чуқур кечинмалари ва Ватанга бўлган садоқат акс этиб туради. Рассом асарларига назар ташлар экансиз, гўёки тарих ва бугунги кун ўртасидаги нурли бир кўприкни ҳис қилгандай бўласиз. Бу эса санъат орқали ватанпарварлик туйғусини уйғотишнинг ёрқин намунасидир.

Яна бир маҳоратли ижодкор Ортиқали Қозоқов ҳам ўзбек тасвирий санъатини юксак поғонага кўтарган рассомлардан ҳисобланади. Унинг асарларида халқимизнинг меҳнатсеварлиги ва миллий ғурури яққол намоён бўлади. Қозоқов яратган манзаралар ва образлар нафақат кўзни қувонтиради, балки қалбда фахр туйғусини уйғотади. Чунки бу асарларда Ватан нафаси бор, юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси мужассам.

Ўзбек рассомларининг ютуғи— бу фақат санъатдаги муваффақият эмас, балки асарларга кўчган миллий ўзликдир. Чунки ҳар бир асар ортида тарихини унутмаган, келажагига ишонган халқ қиёфаси гавдаланади. Бугун дунё музейлари ва кўргазмаларида рассомларимиз асарларининг кенг намойиш этилаётгани Янги Ўзбекистоннинг маданий қудрати тобора юксалиб бораётганидан далолат беради.

Ватанпарварлик мавзуси санъатда айниқса муҳим. Шу мавзудаги бир картина бутун бошли китоб айта олмаган фикрни одамларга етказиши мумкин. Муҳими, мўйқалам соҳиблари ўз асарлари орқали ёш авлодни жонажон юртимизни севишга, кўз қорачиғидек асрашга ва тинчлик қадрини чуқур англашга доим ундаб туради.

Фарход АЗИМОВ,

Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси

Tavsiya etamiz

Izohlar

Hozircha hech kim fikr bildirmagan. Balki Siz birinchilardan bo'larsiz?

Ko‘p o‘qilganlar

Yangiliklar taqvimi

Кластер