Пакананинг ошиқ кўнгли

Foto: Arxiv surat
10 август — Ўзбекистон халқ ёзувчиси
Эркин Аъзам туғилган кун
Лекин — кўнгли!.. Э, бу бир бошқа дунё экан. Кўнгил — подшо. Кўнгил — хазина. Кўнгил — бало. Эгам уни одамнинг сирт-сиёғи, бўй-басти ёки мол-мулкига қараб тақсимламайди. Пакана эса ўзига, ташқи қиёфасию туриш-турмушига ўшал мўъжиза дунёдан туриб қарардики, ҳолига маймунлар йиғлаши шундан. Ачинмай илож йўқ. Кўнгилни кўргазмага қўйиб бўлмаса! Қўйганда ҳам кўрган харидор аввал эгасига назар солади: бўй-басти қандай, афт-ангори? Аксига — нотавон бу кўнгил гўзалликка беҳад ошуфта, ўта севувчан, меҳру муҳаббатга ташнаи зор эди. Кўнгил дафтарининг ана шу қисми ўзи бир достон.
Пакананинг ошиқ кўнгли
(Қиссадан парча)
Ҳамма бало шундаки, у ўзи ҳақида бошқача фикрда эди. Ўзини барвастаю басавлат деб билмаса-да, ҳарқалай, хийлагина улуғвор ҳисобларди. (Кўнглида, албатта.) Юрганда жуссасига яраша пилдирабгина юрмай, салмоқ билан, бутини йиртгудек йирик-йирик қадам ташлар, гапирганда маврид-бемаврид сўлиш олиб, салмоқ билан, таъсирчанликка интилибми ёки диққатни тортиш учунми, худди махфий бир синоатни очаётгандек пичирлаб гапирар эди. Бари бефойда! У пак-пакана эди. Ўзини салобатли тутишию салмоқ билан одим отиши бир пул: гўё ёш бола катталарга тақлид қилгандек кулгили, бачкана чиқарди. Товушини не мақомга солмасин, натижа ўша-ўша — баайни чала пуфланган сурнай.
Лекин — кўнгли!.. Э, бу бир бошқа дунё экан. Кўнгил — подшо. Кўнгил — хазина. Кўнгил — бало. Эгам уни одамнинг сирт-сиёғи, бўй-басти ёки мол-мулкига қараб тақсимламайди. Пакана эса ўзига, ташқи қиёфасию туриш-турмушига ўшал мўъжиза дунёдан туриб қарардики, ҳолига маймунлар йиғлаши шундан. Ачинмай илож йўқ. Кўнгилни кўргазмага қўйиб бўлмаса! Қўйганда ҳам кўрган харидор аввал эгасига назар солади: бўй-басти қандай, афт-ангори? Аксига — нотавон бу кўнгил гўзалликка беҳад ошуфта, ўта севувчан, меҳру муҳаббатга ташнаи зор эди. Кўнгил дафтарининг ана шу қисми ўзи бир достон. Уни варақламаслик, уни менсимаслик — шундоқ ҳам кам-кемтик Паканани баттар камситиш, ерга уриш билан баробар; бу тарихсиз унинг ҳаёти ғариб, ўзи эса қиёмат Пакана эмас, оддий бир бўйи паст-пачоқ кимса бўлиб қоладики, унақалар оламда сон-мингта, ҳар бирини таърифламоққа бу танбал қаламга сўз қани, сиёҳ қани! Пакана юрган йўлида шарт-муқаррар кимнидир суйиб қолаверади. Буни қарангки, ё ёши ўзидан катта, ё бўйи ўзидан узун сарвқомат қиз-жувонларга хуштор бўлади. Уйга келибоқ ўшанинг аслидан чандон кўркам хаёлий сиймосини яратади — у рассом — шу баҳона назарга илиниб, изҳори дил этмоқ пайида, иложини топиб уни эгасига тортиқ қилади. Кўнгил боғлаганлари кутилмаган туҳфадан ҳайрат, ҳаяжонга тушишади, миннатдор бўлиб, эвазига унга кулиб-кулиб боқишади, раҳматлар айтишади, лекин… яна учратганда ё танимагандек индамай ўтиб кетишади, ё Пакана уларни иттифоқо бошқа биров билан кўриб қолади. Доим шундай бўлган. Зикрхона бу ёқда-ю, ҳалимхона у ёқда. Сув келтирган хор-зор-у, кўза синдирган — азиз. «Айшни нодон суриб, кулфатни доно тортадур». Пакана талай вақт ўзини қўярга жой тополмай, «ул бевафо»нинг доғида куйиб-ўртаниб юради. Яна бир бевафога йўлиққунича, унга ошиқу беқарор бўлгунича! Бу ҳолнинғ адоғи, кўнгилдаги чандиқнинг саноғи бормикан? Бўлса, ишонаверинг, Пакананинг ўзи-да ҳисобдан адашади. Ёшлигида у киноактрисаларга ишқибоз эди, Хушрўй-хушрўйларининг суратини «Кино» журналидан қирқиб олиб, дарсхонаси деворларига ёпиштириб қўяр, дилига энг яқин бировининг каттакон қилиб портретини ҳам чизган эди. Кейин ўшани Тошкентга ҳам кўтариб келди — эгасига ҳадя этиб, баҳонада… Бу ерда бошқаларига чалғиб, бир маҳаллар кўзларига сурмаи сулаймон бўлган сиймо аллақайси ижарахонада чанг босиб қолиб кетди. Ҳозир ўша актриса билан театрда бирга ишлайди. Уни ҳар кўрганида ёшликдаги маъсум тасаввур ва изтироблари ёдига тушиб, пушаймон қилади. Бир куни кўргазма-дарсхонасига нима иш биландир отаси кириб қолган, чиқиб онасига: «Хотин, ўғлингни тезда уйлаб қўймасак бўлмайди, ишлар чатоқ», деган. Бу гапни эшитиб Пакана ерга кириб кетгудек бўлган. Бироқ у анчадан кейин, ўттизларга яқинлашганда уйланди. Уйланиши ҳам ҳеч кимникига ўхшамаган, Пакананинг ўзигагина хос антиқа тарихки, унгада гал келар.
2
Пакана ўзининг пакана эканини, бу ҳол унчалик ҳам фазилат саналмаслигини илк бор талабаликда пахта теримига чиққанларида Азизадан эшитган. Азиза театршунослик бўлимида ўқир, жуда сулув, отасини бениҳоя бадавлат одам дейишар, ҳашарчи қизга кунора шаҳардан тансиқ таомлар ортган оқ «Волга» келиб турар эди. Балли шунга. Бадавлат одамнинг қизи эканига қарамай, кўнгилдан кўнгилни фарқлай билди. Кўркам-кўркам не-не бўлажак актёру режиссёрларни доғда қолдириб, қай бир фазилати билан Пакана ана шу дилбарни ўзига ром қилиб олган эди. Ахир, ҳазил гапми, гулхан атрофидаги тунги давраларда соатлаб ишқий шеърларни ёддан ўқиганида анов қадди расоларнинг ялтироқ туси ўчиб кетарди-да! Шундай қизғин, музаффар ўтган бир базмдан сўнг, овлоққинада энтика-энтика ўптираркан, шаддод қиз нима деди денг: — Сал узунроқ бўлганингиздами, сизни ҳеч кимга бермасдим-а, Пакана ака. Қишлоқданмисиз, районданми, боймисиз, камбағалми — қараб ўтирмасдан, ҳар қанақасига тегиб олардим! Дарҳақиқат, қиз дуркунроқ, қучоғида мушуквачча мисол типирчилаб ўйин кўрсатаётган йигит эса ушоққина эди. Кўрган одам, талай вақт кўришмаган иноқ-босилқа опа-ука экан, деб ўйлаши тайин. (Азиза унча узун эмас, лекин қиз боланинг ўртабўйи ҳам новча кўринади.)
Пакана шу гап билан ўрталарида бегоналик девори тикланганини пайқади. Маъшуқасидан ажралгач, одатдагидек, ёнди, куйди, тутади, бироқ гапнинг моҳиятига парво қилмади — паканалигига ўкингани йўқ. Зеро, шу чоққача бўйининг узун-калталиги хаёлига келмаган, қайтага, баъзи найновларнинг довдирлигию калтафаҳмлигидан кулиб, ўзининг пишиқ-пухта, уддабуронлиги билан фахрланиб юрар — қисқасини айтганда, гап ташқи қиёфада эмас, ички дунёдадир деган сохтанамо, ночорроқ руҳда тарбия топган эди. Энди билса — бари сафсата. Дунё — новчаларники экан. Дунё — кўркамларники экан. Қолгани бир пул. Ақл-фаросат деган матоҳлар ҳув кейинги ўринларда туради. Кўркамлик, хушқадлик — қарийб бахтдек гап, омад деганларига тайёр пиллапоя, оёқ қўйсангиз — кифоя. Жисмоний жиҳатдан бирон бир нуқсонли одам, билингки, кўпинча бахил бўлади. Бахилнинг эса боғи кўкармас. Ана шундай сарсон бир ҳалқа бу. Мағлубият кетма-кет такрорланаверди. Энди Пакана ҳолига қараб, бўйчанроқ қиз-жувондан ўзини четга ола бошлади. Шундай қилгани сари уларнинг жозибаси кўпроқ тортар, кўнгли суст кетганларининг аксарияти бўйчан бўлиб чиқар эди. Улар билан рўбарў бўлиш насиб этганда эса, узоқроқдан туриб ёки зина-пинага чиқибми, иложи борича тикроқ кўринишга тиришиб, асабий бир ҳолатда сўзлашарди. Ўзида пайдо бўлган тағин бир одатни сезиб қолди. Ким билан ёнма-ён турмасин, беихтиёр зимдан бўй ўлчашар экан: елкасидан келаманми, тирсагидан? Жамоат орасида, кўча-кўйда ҳам гоҳо теварагига разм солиб қолади. Тавба, ҳаммасининг бўйи баланд-а! Худо шундай ҳам урадими одамни?! Кейин-кейин Пакана бир санъатни ўзлаштирди. Новчароқ одам билан учрашганда орқага тисланиброқ, қия қараб (одатдагидек пастдан эмас) гаплашади — шунда фарқ унча билинмайди. Таажжубли ҳол: (жуссаси кичикроқ бўлгани учунми) у азалдан новча, норғул одамларни ёқтирар, кўпроқ ўшанақалар билан дўст тутинмоққа интилар эди. Ўзи сингари паканаларга эса тоб-тоқати йўқ, уларни қитмир, муғамбир билиб, жинидан баттар ёмон кўради. Рассомлик билим юртида бирга ўқиган собиқ сабоқдоши, отнинг қашқасидек элга таниқли ҳажвчи Обид Асом бундан мустасно, албатта. Аввало, Обиджон Паканадан ҳам паканароқ, қолаверса, ўлгудек истеъдодли, касофат. Уни яхши кўрмай ҳам, тан бермай ҳам илож йўқ. Алҳосил, пайғамбаримиз бундоқ демишлар: «Одамнинг новчаси аҳмоқ келади, Умардан бошқа; паканаси фитнакор келади, Алидан бошқа».
3
Бўйи пастлиги туфайли унда-бунда панд еявергач, Пакана умуман паканалик, унинг сабаблари тўғрисида кўп бошқотирадиган бўлиб қолди. Ўрта бўйдан пасти — то жимит одамларгача пакана ҳисобланади. Ҳамма бунақаларга ярим одам, чала одамми-ей дегандек беписанд муносабатда бўлади: «Кичкина бўлишига қарамай…», «Бўйи бир қарич-у…», «Муштаккина кўрингани билан…» ва ҳоказо. Кисқаси, одам ҳисобида йўқдек. Хўш, нима бўпти? Пакана ҳам — одам. Фақат қўл-оёғи ихчамроқ-да, холос. Сизда бор юрак унда ҳам бор (агар каттароқ бўлмаса), сизда бор мия унда ҳам бор (агар зўрроқ, ўткирроқ бўлмаса)! Нима, шу аъзолари ҳам кичкина бўлиши керакми энди? Тавба! Дунёга донғи кетган не-не улуғлар, не-не алломалар паст бўйли бўлган. Ана — Наполеонни олайлик, Неронни олайлик, Пушкин, Ганди, Ленин, Сталин… эҳ-ҳэ, бу ёғи мана шу ўзимизнинг Обиджонга қадар! Сизларда-чи, фақат Улуғ Пётру Гулливер! Баттар бўлларинг! Бор қувватни бўйга сарфлаб… Худо бўй бериб ақл бермаган галварслар! Аммо ўртада бошқа нозиклиги ҳам бор. Ўша улуғлар пакана бўлганликлари учунгина шундай даражага етишганми? Ёки улуғ бўлганликлари туфайлигина биз уларнинг қадди-бастига қизиққанмизми? Хуллас, хийла чигал жумбоқ. Паканамизнинг ўзига келсак, бобо-бувилари ўртабўй ўтган. Отаси билан онаси ҳам шундай. Укалари, сингиллари бўйчан-бўйчан. Ўзининг уч қизи-ку бири биридан шамшод бўлиб ўсаётир. Биргина Пакана — пакана. «Кимга тортдинг-а, болам? — дейди онаси қайғуриб. — Болаликдан ановинингни (этюдникни назарда тутади) ортмоклаб юравериб, шундай (пакана деёлмайди — онада) бўп қолдинг-ов». Ул эмас, бул эмас, Пакананинг етти пуштидан кимдир пачоқроқ ўтгани аниқ. Гоҳо у ўша авлодидан норози бўлиб сўкиб қолади. Демак, ўзининг ҳам етти пуштидан кимдир қақшамоғи муқаррар, уни сўкмоғи-да муқаррар. Пакана баъзан ана шу бўлажак насли — неварасими, чевараси олдида ўзини беҳад айбдор сезади. Ахир, эҳтимол, наслнинг бирон бир ўйин-замзамаси билан бу ҳол, бу қусур айнан, ундан бошланаётгандир…
4
Бу дунёда чорасиз дард йўқ, ўлимдан бошқасига тадбир топса бўлади, дейдилар. Хўш, бўйни қандай ўстириш мумкин, бунинг йўли бормикан? Бор экан-да. Қаёқдандир эшитди: ҳар куни бир килодан қизил сабзи тановул этилса, қад расо бўлармиш. Пакана шунга амал қилмоққа бел боғлади. Ҳар ҳафта бозорга тушиб, бир тўрва-бир тўрва сара сабзи олади, бошқа таомни йиғиштириб, сабзихўрлик қилади. Икки ойлардан кейин шу аҳволга етдики, сабзини кўрса безиллайдиган, кўнгли айнийдиган бўлди. Бозорга қатнамоққа ҳам ҳафсаласи қолмади. Қад-қоматда эса бирон бир ўзгариш сезилмасди: ўша 154 см. — ўша 154. Бир энлик ҳам силжиш йўқ. Чамаси, бу ҳам бирон бекорчи ўйлаб топган эрмак. Ёки ўсмирлик ортда қолиб, суяк-зуваласи қотиб улгурганидан муолажа кор қилмадимикан? Кўҳна табобат китобларида битилганидек, «Бир ҳисса сариқ ҳалилага қизил батилани қўшиб, бир чимдим омила, бир мисқолдан маккаи сано ва тошбақа сафросига аралаштириб, устига бир пайсадан шақоқул уруғи, сейлон долчини ва боқилла сепиб, сўнг бир дирам Абу Жаҳл тарвузининг данагини туйиб, пиёзчаси ўн йиллик наргис сувида қайнатиб лайлатулқадр кечаси тановул қилинса…» қабилидаги тадбирларга эса ихлос сезмади — натижа чиқадими, йўқми, умр шу ташвишда ўтади. Хуллас, бу ишларга қўл силтади. Энди «ўзимиз билган» пахтабанд чораларни қўлламоқдан ўзга илож йўқ эди. Қорамтирга мойил кийим-бошга зўр берди: одамни сал хипчароқ кўрсатиб, сал… Бундан ҳам самара кутилганидек бўлмагач, қўполроқ усулини тутди. Бир қарич пошнали пойабзал харид қилиб, шунда юра бошлади. Пошна ҳисобига ўсган бўй кўнгилни ҳам андак расо қиларкан. Шуниси чатоқки, қурғур, оёқни роса қақшатаркан, сал юрмай акашак бўлиб қолади. Лекин — начора, қурбонсиз ғалаба — ғалабами? Тоққа чиқмасангиз, дўлона қайда!
Кўп ўтмай бу усулнинг миси чиқди. Жамоат ёппасига ерпошна пойабзални урф этган замонда битта унинг лўкиллаб юриши кулгили эди. Илгари қиё боқмаган жононлар энди пошнасига қараб маъноли илжайиб ўтадиган бўлишди: бу кунингдан ўл, кишлоқи пакана! Хайр, жафокор пошна! Шунингдек, ҳарчанд қилмасин, уни биров одам ўрнида кўрмасди. Муҳаббат бобидагина эмас, ўзга ҳолларда ҳам камситилгани камситилган. Кўча-кўйда кўрингани ёш бола деб турткилайди, улфатлар даврасида — тайёр югурдак. Шуларни ўйлаганда оёқ-қўллари тортишиб, баттар кичрайиб қолаётгандек, кичрайиб ерга кириб кетаётгандек бўлаверарди. Э, мана сенга деб мўйлов қўйиб юборди. Мўйлов жонивор гуркираб ўсиб берди. Паканабой шунга хурсанд: биз ҳам одамга ўхшадик, салобатлироқ бўлдик! Буниси камлик қилиб, соқол қўйиб олди. Соқол-мўйловли «бола»га энди кўрган ҳайрон. Ие, нима қипти, рассом-да! Рассом билан киночига бир нима деб бўладими? Уларга рухсат бор, уларга ҳаммаси мумкин. Бу байрам ҳам кўпга чўзилмади. Ҳар нарсанинг ҳисоб-китоби бўлади. Табиатда мувозанат қонуни бор. Ана шу бузилса, билингки, албатта бошқа бир жойдан «тешиб чиқади». Паканамиз ҳали оддинда кутаётган хавф-хатардан бехабар эди.
5
Дарвоқе, бу орада у институтни битирди, ўзининг таъбири билан айтганда — «Икки йил Астрободда сургунда бўлди», ундан қайтгач, бир муддат бошпанасиз сарсон-саргардонликда юрди, кейин тасодифан уйланиб уйли-жойли бўлди, хотини кетма-кет уч қиз туғиб берди. Лекин бирор кун «излаш-изланиш»дан тўхтагани йўқ. Институтдан сўнг Пакана олис бир вилоят театрига безакчи рассом қилиб жўнатилган эди. Бориб у ерда ҳеч балони безатгани йўқ, ичкиликка ўргангани қолди, холос. Безатмоққа лойиқ асар ҳам саҳналаштирилмади ҳисоб. Саҳналаштирилганда ҳам камхарж ташкилотда маблағни тежаш мақсадида амал-тақал қилиб эски безаклардан фойдаланиларди. Пакана бу ерда рассомликни унутиб, соҳасини буткул ўзгартириб юборди, деса бўлади. Театр жамоаси кўпинча дала-кўйга яллачиликка чиқар, азбаройи виждон азоби ёки бекорчиликдан қўшилиб борган Пакана гоҳида очарчи-бошловчилик қилса, гоҳида маъмурлик вазифасини ўтар эди. Маишати чаккимас, театр безакхонасини уйга айлантириб олган, ора-чира колхоз-полхознинг буюртмасини бажариб бериб мўмайгина пул топар, уни аксарияти истеъдодсиз, омадсиз, лекин, аслида Шукур Бурҳонман-у, булар қадримга етмаётибди-да, дегандек зўр даъвода юрадиган шўрпешона улфатлари билан ичиб битирар эди. Агар ўшанда пойтахт театри вилоят меҳнаткашларига томоша кўрсатгани бориб, шу даргоҳда режиссёрлик қиладиган эски сабоқдош оғайниси Хайрулла Ҳошимовни учратмаганида, ким билсин, «Астробод»да тағин қанча қолиб кетарди! Пакана талабалик кезлари Хайрулланинг ўргамчик спектаклида аллақандай ёш бола ролини ижро этиб, дўстлашиб кетишган эди. Бир шиша арақ устида у Тошкентни қўмсаб арз қилганида, меҳмон: «Хорошо. Бизга келасан, Баҳодир билан ўзим гаплашаман», дея бош режиссёрнинг номини қўшиб ваъда бериб юборди. Хайрулла ваъдасининг устидан чиқди. Пакана яна тошкентлик бўлди. Мўътабар даргоҳга ишга жойлашди. Даргоҳ мўътабарликка мўътабар эди-ю, Паканадек сиғиндилар у ёқда турсин, йил сайин келиб турган ёш истеъдодларни ҳам бошпана билан таъминлай олмасди. Номи улуғ — супраси қуруқ. Пакананинг яна дайди ҳаёти бошланди. Энди илк ёшликкагина хос табиий куч-ғайрат сўниб бораётган, қарийб ўн йилга чўзилган оч-юпун талабалик беғамлиги таъсирини кўрсатмоқда, иссиққина ўлан-тўшак, меҳрибон бир парваришга эҳтиёж туғилган эди.
Tavsiya etamiz
Ko‘p o‘qilganlar
- “Bunyodkor” murabbiyi Sergey Arslanov vafot etdi
- Oʻzbekistonda dollar kursi pastladi
- Qondagi glyukozani pasaytirish uchun kechki ovqatlanishning ideal vaqti maʼlum boʻldi
- Sardobaning siri nimada?
- Kamchatka sohillaridagi kuchli zilziladan soʻng Oʻzbekiston Konsulligi vatandoshlarimizga murojaat qildi
- Buxorolik doktorant nimaning evaziga Prezident sovgʻasi – avtomobilga ega boʻldi?
Izohlar
Hozircha hech kim fikr bildirmagan. Balki Siz birinchilardan bo'larsiz?
Izoh qoldirish uchun tizimga kiring