«Янги уйғониш даври» сари ташланган муҳим қадам

11:14 29 Октябр 2020 Жамият
1671 0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони лойиҳаси Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида атрофлича муҳокама қилинди. Унда, Олий Мажлис Сенати аъзолари, сектор раҳбарлари, вилоят Кенгашига сайланган депутатлар, сенаторлар, тегишли бошқарма ва ташкилот мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Сессия кун тартибидаги масала юзасидан вилоят ҳокими Рустам Холматов маъруза қилди. Нотиқ Фармоннинг беқиёс аҳамияти ҳақида тўхталаркан, ҳудуддаги барча туман ва шаҳар кенгашлари сессиясида муҳокама қилинган ушбу ҳужжат кенг жамоатчиликка етказилганини алоҳида таъкидлади. Бугун вилоятда таълим-тарбия тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш, боғча ёшидагилар ҳамда ўқувчи ва талаба ёшларда замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш, соҳада узвийлик ва узлуксизликни таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани мисоллар тариқасида келтириб ўтилди.

—Таълим-тарбия тизимининг амалдаги ҳолати, уни замон талаблари асосида модернизация қилиш, ёшларни юксак билим-маърифат эгалари, жисмоний ва маънавий соғлом инсонлар этиб тарбиялаш, ўқув муассасаларининг раҳбар ва педагог ходимлари нуфузини ошириш, самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш лозим, — дейди сенатор Рустам Холматов. — Мазкур лойиҳанинг тарихий аҳамияти юксаклиги шундаки, у Ўзбекистонда «Янги Уйғониш даври», яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш бўйича янги қадам бўлади.

Мазкур лойиҳада Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг 8 та асосий йўналишлари белгиланмоқда. Жумладан, халқ таълими соҳасида 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, босқичма-босқич Миллий ўқув дастурини жорий қилиш кўзда тутиляпти.Тошкент вилоятидаги навбатлилик коэффициенти паст бўлган мактабларни хусусий секторга ишончли бошқарувга бериш тажрибаси амалга киритилмоқда. Ҳозир вилоятимизда 313 та ана шундай коэффициенти паст бўлган мактаблар мавжуд.

Бу жараёнда мактабларни сақлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар камайтирилмаган ҳолда, таълим муассасаси 5 йилга (кейинчалик узайтириш ҳуқуқи билан) ишончли бошқарувга берилади. Бу бежизга эмас албатта. Чунки, ишончли бошқарувчига мактабда таълим олаётган ҳамда унга бириктирилган микроҳудуд ўқувчиларини ўқитиш, дарслар сифатини ошириш, мактаб биноларини таъмирлаш, замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш бўйича мажбуриятлар юклатилади.

Сессияда вилоят ҳокими илгари сурган масалалар юзасидан депутатлар, тегишли ташкилот раҳбарлари сўзга чиқдилар. Улар ушбу Фармоннинг бугунги кундаги аҳамияти юзасидан фикр билдириб, уни янада такомиллаштириш борасида таклифлар киритишди.

—Ушбу тарихий ҳужжат, мамлакатимизда ёш авлодни тарбиялашга бўлган жиддий эътиборнинг яна бир намунасидир,-дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Малика Қодирхонова. — Таълим-тарбия тизимининг бугунги ҳолати, Янги Ўзбекистон келажаги бўлган салоҳиятли ёшларни етук мутахассис қилиб тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини янада юксалтириш, шунингдек, бугунги тезкор асримиз талабларига жавоб берадиган ўқув адабиётларини яратиш, мактабгача ҳамда халқ таълими тизимига тегишли муассасаларнинг малакали педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини қондириш ушбу Фармонинг асосий моҳиятини ташкил этади.

2019-2020 ўқув йили бўйича Тошкент вилоятида Халқаро тажрибалардан фойдаланган ҳолда, битирувчи синф ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича олган билими, тайёргарлик даражаси ҳамда сифат кўрсаткичи, 9-синф ўқувчиларининг билим даражаси шунингдек, олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларнинг жараёндаги ҳиссаси умумтаълим муассасаларининг рейтинги сифатида аниқланди. Сўровнома натижалари бўйича асосан, Республиканинг 10% умумий ўрта таълим муассасалари (мактаблар) фаолияти таҳлил қилинди. 2020 йил 1 июль ҳолатига кўра, энг юқори ўринларни Бухоро, Наманган ва Хоразм вилоятлари, қуйи ўринларни эса, Сирдарё, Тошкент ва Сурхондарё вилоятлари эгаллашган.

Яна бир ачинарли жиҳат шундаки, вилоятдаги таълим муассасаларида 5 мингдан ортиқ (15% атрофида) педагоглар олий маълумотга эга эмас. 2019-2020 ўқув йилида 11-синфни 35 минг 709 нафар ўқувчилар битирган бўлса, улардан 8 минг 215 нафари (23%)гина олий таълим муассасаларига ўқишга киришган.

Айни кунда, Тошкент вилоятида жами 686 нафар депутат фаолият юритяпти. Бу жуда катта салоҳият. Агар улар мавжуд имкониятдан тўлиқ фойдаланишса, тез орада ҳудуддаги таълим-тарбия муассасаларини бундан-да яхшироқ ишлашига эришиш мумкин. Шу боис, бугунги сессияда Тошкент вилояти тажрибаси сифатида хар бир депутатга 1 тадан мактаб бириктирилиш таклифи илгари сурилди.

—Ҳозирда кенг омма муҳокамасига қўйилган ушбу Фармон лойиҳасида: таълим-тарбия муассасалари ходимлари ва профессор-ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш, улар фаолияти самарадорлигига қараб моддий рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш, таълим соҳасига хусусий секторларни жалб этиш, дарслар жараёнида ахборот технологияларини самарали қўллаш, таълим ташкилотларини нуфузли халқаро рейтингларда муносиб ўринга эга бўлишларини таъминлаш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга ошириш каби долзарб вазифалар ўз аксини топганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга,-дейди Чирчиқ давлат педагогика институти ректори, Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби Ғафур Мухамедов.

Лойиҳада Мактабгача таълим, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълимни бир-бирини тўлдирувчи, мақсади бир бўлган, ажралмас бўғинлар эканлигини инобатга олсак, улар орасидаги узвийлик ва узлуксизликни таъминлашга қаратилган бандлар яққолроқ кўрсатилса мақсадга мувофиқ бўлар эди, назаримизда.

Тошкент давлат Аграр университети проректори, Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Раъно Турдибоеванинг муҳокама қилинган қонуний ҳужжатга муносабати қуйидагича:

—Янги Фармон лойиҳасида профессионал таълим тизимида амалиётга йўналтирилган ўқув дастурларини жорий этиш мақсадида касб-ҳунар муассасаларида дуал таълим тизими жорий этилиши ва у асосида амалиёт ўтаётган ўқувчиларга иш берувчи билан тузилган шартномага мувофиқ ҳақ тўланиши кўрсатиб ўтилган. Бу ёшларнинг етук мутахассис бўлиб етишишида жуда катта имконият яратади. Мен дуал таълимни, айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги техникумлар мисолида кўз олдимга келтирдим. Агарда агротехнологиялар йўналишида таҳсил олаётган ўқувчилар амалиётни замонавий агрокластерларда ўтказишса, ёки ўз тажриба хўжаликларида миникластерлар ташкил этишиб, барча жараёнларни бевосита ўзлари бажаришса, бу албатта ўзининг ижобий ва самарали натижасини беради. Лекин афсуски, республикамиздаги мавжуд агротехгнологиялар техникумларининг тажриба ер майдонлари ҳокимиятлар балансига ўтказилган. Ушбу ер майдонлари профессионал таълим муассасаларининг ўзларига қайтариб берилса ва ундан самарали фойдаланиш йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Лойиҳада қайд этилган, профессионал билим даргоҳларига хорижий мамлакатлардаги таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида ўрта бўғин кадрларини тайёрлашни ташкил этиш ваколати берилиши жуда катта аҳамиятга эга. Чунки, бу тажриба Олий таълим тизимида яхши натижа берди. Шунингдек, ривожланган давлатларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида IT-технологиялари бўйича етакчи профессионал таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш ҳам келажакда юксак самара бериши аниқ.

—Амалдаги дарсликларда мавзулар ўзаро узвийлиги тўлақонли эмас, маълумотлар мураккаблаштириб юборилган. Айниқса, 10-11–синфларда қийин мавзулар кўп. Балки, 10-11-синф очилганда 9- синфгача киритилган мавзуларга қайтмаслик учун шундай қилингандир-дейди, Оққўрғон туманидаги 8-сонли умумтаълим мактаби директори, вилоят кенгаши депутати, «Таълим фидоийси» кўкрак нишони соҳиби, тажрибали педагог Низомиддин Ботиров. — Ўқитувчиларни касбий фаолиятдан узилмаган ҳолда малака ошириш тизимини яратиш лозим. 5-синфдан болаларнинг фанга қизиқиши ва иқтидорини ҳисобга олиб, ихтисослашган синфлар очиш керак.

Ўқувчиларнинг сабабсиз дарс қолдириши ёки уйга вазифаларни бажармаслигига ўқитувчи билан бирга ота-оналарнинг жавобгарлигини ошириш мақсадида (47-моддадан ташқари) аниқ бир тартиб ишлаб чиқилгани яхшироқ.

Сессия қизғин баҳс мунозаралар асосида ўтди. Муҳокама қилинган мавзу юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Йиғилишдан сўнг вилоят ҳокими Р. Холматов ОАВ ходимлари билан матбуот анжумани ўтказди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ

(«Халқ сўзи»)

Нозим Абдуллоҳ олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер