Усмонхон Алимов: “Ватанимизда тинчлик ва осойишталик доимий бўлсин”

16:57 12 Август 2019 Жамият
2550 0

Айни пайтда етти минг нафардан зиёд ҳамюртимиз Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида ҳаж ибодатининг энг муҳим амалларини адо этмоқда. Бунинг учун давлатимиз томонидан қандай чора-тадбирлар кўрилди? Бу йилги мавсумнинг ўзига хослиги нималарда намоён бўляпти? 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ “Халқ сўзи” газетаси учун берган эксклюзив интервьюсида шу каби саволларга батафсил жавоб берди.

— Суҳбатимиз Ватандан олисда, муборак Қурбон ҳайити байрами шукуҳи кезиб юрган бир пайтда бўляпти. Айтингчи, ҳожиларимизнинг бугунги кайфияти қандай? 

— Ҳожиларимизнинг қувончлари чексиз, кайфиятлари ниҳоятда чоғ. Уларнинг қайси бирлари билан гаплашманг, ўзларининг мамнунликларини ифода қиляпти. Давлатимиз раҳбарининг юртимиз мўмин-мусулмонларига кўрсатаётган бундай юксак эътибори ва эҳтироми ҳожиларимизни руҳлантириб юборди. 

Дарҳақиқат, ғурурланишнинг сабаблари кўп. Охирги йилларда барча соҳада олиб борилаётган улкан ислоҳотлар туфайли катта ўзгаришлар бўляпти, мамлакатимиз тараққиётга юз буряпти.

Шулар қаторида диний жабҳада ҳам оламшумул ишлар қилиняпти. Мисол учун, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби барпо қилинаётгани, Мир Араб олий мадрасасининг ташкил этилиши, кўплаб масжид ва мадрасаларнинг очилиши, азиз-авлиёлар қадамжолари обод қилиниши — буларнинг барчаси эзгу саъй-ҳаракатларнинг бир қисми, холос. Уларнинг кўлами йил сайин кенгайиб бормоқда. Бундан ташқари, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари шарофати билан кундан-кун ҳудудларимиз обод бўлиб боряптики, уларни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Буларнинг замирида, албатта, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ётади. Шу ўринда, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари ёдга тушади: “Икки  неъмат борки,  кўпчилик  инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир”.

Буни қарангки, ана шу неъматларнинг иккаласи ҳам бизнинг диёр инсонларига берилган ва бунинг қадрига етмоғимиз керак. Чунки давлатимиз фуқароларнинг тан сиҳатлиги, саломатлиги хусусида қайғуряпти. Халқ тинч-осойишта, хотиржам яшасин, деб ҳамма чоралар кўрилмоқда. Жойларда давлат шифохоналари билан бирга, хусусий даволаниш масканлари барпо этиляпти. Демак, барча ўзгаришларнинг замирида мана шу икки неъмат мужассамдир. Бинобарин, ушбу неъматлар туфайли бу йил ҳам юртдошларимиз Саудия Арабистонига ҳаж ибодатини қилиш учун соғу саломат етиб келдилар, қулай шарт-шароитларда яшаб, исломнинг бешинчи фарзи рукнларини бажаряптилар. 

— Сиз муқаддас сафарнинг биринчи кунидан бошлаб ҳожиларимизга ҳамроҳлик қиляпсиз. Улар билан мунтазам равишда учрашиб, диний-маърифий суҳбатлар ўтказмоқдасиз. Айтингчи, зиёратчилар ҳукуматимиз томонидан Ватандан олис манзилларда яратиб берилаётган шарт-шароит ва қулайликлардан нечоғли мамнун бўлишмоқда?  

— Президентимизнинг ташаббуси билан ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш бўйича кўплаб ютуқларга эришилмоқда. Жумладан, бу йил нарх арзонлаштирилиб, хизмат сифати яхшилангани юксак ғамхўрлик намунаси бўлди. Бундан ташқари, ҳожиларимиз илк бор Мадина шаҳрида беш юлдузли, Маккада эса тўрт юлдузли меҳмонхонада жойлашдилар. Бу ерда яшаш, овқатланиш бўйича яратилган шароит ўша тоифадаги хизмат кўрсатиш мажмуаларига қўйиладиган талабларнинг барчасига мос келади. Табиийки, бундан ҳожиларимиз жуда мамнун бўлишяпти.

Ўзбекистонликлар ўзларини худди ўз Ватанида юргандек ҳис қилишмоқда, мусофирликни сезишмаяпти. Сабаби ташкил этилган Ишчи гуруҳи, элликбошилар доимо уларнинг ёнида, 35 нафар шифокор соғлиғидан хабардор бўлиб турибди. 15 нафар ошпаз эса тансиқ миллий  таомлардан тайёрлаб беришяпти. Хизмат кўрсатиш йилдан-йилга юксалиб бораётганини кўрган, ундан фойдаланаётган ҳожилар давлатимиздан рози бўляпти, Президентимизга миннатдорлик билдиряпти, бундай юксак мақомга етганидан шукроналикни бажо келтиряпти. Биздаги шарт-шароитларга бошқа давлатлар ҳожилари ҳавас билан қарашмоқда. Масалан, Саудия Арабистонининг Ҳаж ишлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Макка шаҳрида ташкил этилган тиббиёт марказимиз фаолиятига юқори баҳо бериб, ўз ташаккурларини айтишди. 

Яна бир эътиборли жиҳати, тарихда биринчи марта Ўзбекистон ҳожиларининг тартиби, одоби, Ишчи гурҳининг ишлаш тартиби Ҳаж ишлари вазирлиги томонидан юқори баҳоланиб, дунёдаги етакчи бешталик давлатлар сафига киритилди. Бу ҳам Ўзбекис-тонимизнинг обрўсидир. 

— Ҳозир юртдошларимиз улуғ ҳаж ибодатининг фарзларидан бирини адо этиш учун Арофат майдонида жам бўлишган. Муқаддас китобларда келтирилишича, бу жойда қилинган дуолар ижобат бўлар экан...

— Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида айтилишича, кимки Аллоҳ учун ҳаж қилган бўлса, ҳаж давомида бирор уят гапни гапирмаган, фужур ишларни қўли билан, тили билан, оёғи билан ҳам қилмаган бўлса, юртига онадан туғилган гўдакдек пок бўлиб боради. Ҳожиларимиз бу ерда шунга амал қилиб, ибодатларни тўла-тўкис бажаряптилар. Инша Аллоҳ, Арофат, Мино, Муздалифада қилинган дуолар Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлади. 

Ҳожиларимиз Арофатга чиққанларида Яратгандан, аввало, ўзларининг гуноҳларини мағрифат қилишни, юртимиз, Ватанимиз тинч бўлишини, самовий, аррозий балолардан сақлашини сўраб, астойдил дуо қилишмоқда. Президентимиз, халқимиз ҳақларига дуо қилмоқдалар. 

Бу жойларда гуноҳдан пок бўлиб, юртимизга соғ-омон қайтган ватандошларимиз ўзларининг ибратли фазилатлари, жамият ҳаётидаги фаол иштироки билан барчага намуна бўлиб, ўсиб келаётган ёш авлоднинг ватанпарвар, маънавиятли, маърифатли, ота-онасига, юртига хизмат қиладиган содиқ, солиҳ фарзандлар бўлиши учун ўз ҳиссаларини қўшадилар. Етим-есирлар, камбағаллар, мискин ва муҳтожларнинг ҳолидан хабардор бўлишга кўпроқ ҳисса қўшишга ҳаракат қиладилар, деган умиддамиз. 

Шу фурсатдан фойдаланиб, мана шундай муқаддас жойларда нафақат ўзим, балки ўзбекистонлик ҳожилар номидан Президентимизни, халқимизни Қурбон ҳайити байрами билан муборакбод қиламан. Юртимиз бундан ҳам фаровон бўлсин, унга ҳеч қачон кўз тегмасин. Парвардигори олам жаннатмонанд гўзал диёримизни офат-кулфатлардан асрасин. Жонажон Ватанимизга улуғ неъмат — тинчлик ва осойишталикни доимий қилиб берсин.

Президентимизнинг юрти учун, халқи учун, диёри учун ихлос билан, иймон билан қилаётган хизматларида Аллоҳ мададкор бўлсин! Ўзбекистонимизнинг дунё майдонида номи ва ўрни бундан-да сарбаланд бўлсин!

«Халқ сўзи» махсус мухбири
Саид РАҲМОНОВ
суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер