Тошкентдаги автобус саройларидан бири Сингапурнинг етакчи компаниясига берилиши мумкин

18:18 12 Сентябр 2018 Жамият
2752 0
Архив фото

Тошкентдаги автобус саройларидан бири Сингапурнинг етакчи компаниясига берилиши мумкин. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раҳбарияти ва ОАВ вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида тўхталиб ўтилди.

Компания хабарига кўра, айни пайтда Сингапурнинг етакчи компаниялари билан ўтказилаётган музокараларда автобус саройларидан бирининг бошқарувини уларга бериш масаласи ҳар тарафлама ўрганилмоқда. Бундан ташқари, автосаройларда “МАН” русумли автобуслар сонининг ортиб бораётганини ҳисобга олиб, 5-автобус саройи қошида “МАН” сервис марказини қуриш бўйича ишлар бошланмоқда.

Автокорхоналарга яна “LЕ-60”, “ИСУЗУ”, “МАН” русумли, жами 770 та янги автобус харид қилиниши режалаштирилган. Улар кондиционер ва пандус (ногиронлиги бўлган кишиларнинг чиқиб-тушишлари учун мўлжалланган йўлаклар) билан жиҳозланади.

Тадбирда хизмат сифатини яхшилаш борасида олиб борилаётган кенг қамровли саъй-ҳаракатларга қарамасдан кўрсатилаётган хизматлардан норози бўлиб, жамиятнинг ишонч телефони орқали мурожаат қилаётганлар ҳамон учраётгани, уларнинг асосий қисми ҳайдовчи ва чиптачиларнинг қўпол муомаласи, йўловчиларга чипта бермаслик, қатновлар доимийлиги ва оралиқ интервалларини бузиш, бекатларда тўхтамаслик ёки узоқ туриб қолиш, йўналишни ўзгартириш каби масалалари эканлиги қайд этилди. Аниқланган ҳолатлар бўйича айбдорларга нисбатан интизомий чоралар ва моддий жарималар қўлланилган. Айни чоғда жорий йил бошидан узоқдан назорат қилувчи GPS ҳамда А-21 тизими қайта йўлга қўйилди. Бу ҳайдовчи ва назоратчи ўртасидаги алоқа бўлиб, йўналашларда содир этилдиган қоидабузарликларни онлайн тарзда аниқлаб, бартараф этиш имконини бермоқда.

Шулар қаторида БМТ Тараққиёт дастури доирасида мамлакатимизга электробусларни келтириш юзасидан лойиҳага қўл урилди.

Бекатларга электрон табло ва Wi-Fi ўрнатиш бўйича жадал ишлар кетаяпти. Бунга қўшимча равишда автобусларга кузатув камераларни ўрнатиш, 2030 йилгача бўлган даврни ўз ичига олган жамоат транпортини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш, автобус саройларида давлат хусусий шериклик асосида газ қуйиш шаҳобчаларини (АГНКС) қуриш ҳам режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер