Термизда ўтказилган халқаро кураш мусобақаси ғолиблари жами 100 минг доллар пул мукофоти билан тақдирланишди

10:07 07 Октябр 2019 Спорт
332 0

Шу йилнинг 5-6 октябрь кунлари Термиз шаҳридаги “Алпомиш“ стадионида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган XIV халқаро турнир бўлиб ўтди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев, Ўзбекистон миллий кураш федерацияси раиси биринчи ўринбосари К.Юсуповлар ҳалоллик ва мардликни тарғиб қилувчи ўзбек кураши бутун дунёда кенг оммалашиб бораётанини таъкидлашди. Бугунги кунда “кураш”, “ҳалол”, “таъзим”, “тўхта” ва “ёнбош” каби атамалар халқаро спорт луғати таркибидан мустаҳкам ўрин эгаллади.

Қайд этилганидек, 1998 йил 6 сентябрда таъсис этилган Кураш халқаро ассоциацияси ҳозирда сайёрамизнинг бешта қитъасидаги 129 та миллий федерацияни бирлаштирган.

2017 йил Осиё Олимпия кенгашининг 36-Бош ассамблеясида “Кураш” миллий спорт тури тарихда илк бор ХVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилди. Ўзбек курашини келгусида Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Чунончи, мамлакатимиз ва дунёда курашнинг кенг оммалашишида 1993 йилдан буён ҳар икки йилда ўтказилиб келинаётган ал-Ҳаким ат-Термизий хотира турнирнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Ўтган йиллар давомида ушбу турнир мусобақалари дунё полвонларини бир даврада жамлаш билан бирга ёш, умидли полвонлар маҳоратини ошириш, уларни янги марралар сари сафарбар этишда муҳим аҳамият касб этди. Ер юзининг 5 қитъасидан энг номдор полвонларни қадимий ва навқирон Термиз шаҳрига чорлаган турнирда Африка Кураш конфедерацияси президенти Томас Дунеер, Панамерика Кураш конфедерацияси президенти Жанни Казанова, Осиё Кураш конфедерацияси президенти Комилжон Рўзиев, шунингдек, 19 та хорижий давлатнинг Кураш федерацияси президент ва раислари иштирок этди.

Мукофот жамғармаси 100 минг долларни бўлган турнирда дунёниг 47 давлатдан келган полвонлар ғолиблик учун курашдилар. Анъанага кўра, беллашувларни кекса ва жажжи полвонлар бошлаб берди.

Шундан сўнг, эркаклар 55, 66, 73, 81, 90, +100 кг. вазн тоифасида, аёллар эса 48, 57, 70, +78 кг. вазн тоифасида ўзаро беллашдилар. Кураш мусобақасида биринчи ўрин учун 3 000 доллар, иккинчи ўрин учун 2 000 доллар, иккита учинчи ўрин учун 1 000 доллардан, жами 70 000 доллар тақдим этилди.

Мутлақ вазннинг финал баҳсида хоразмлик Болтабой Болтабоев рақиби сурхондарёлик Мухсин Ҳисомиддинов мағлуб этиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – ўн минг доллар пул мукофотини қўлга киритди. 2- ўрин соҳиби Муҳсин Ҳисомиддинов 5 минг доллар, 3-ўринни эгалланган тожикистонлик Дадахон Қурбоналиев ва эронлик Нафари Паҳлавонийларга 3,5 минг доллардан пул мукофоти тақдим этилди. Барча ғолиб ва совриндорларга Ўзбекистон Кураш федерацияси ҳамда Сурхондарё вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. 

Илҳом Раҳматов(“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019