Солижон Шарипов: «Коинотда бошимда дўппи, қўлимда Ўзбекистон байроғи эди»
Коинот — Ердан ташқарида бўлган космик фазо, сайёралар, юлдузлардан иборат мўъжизавий макон. Унга қизиқмаган ёки болалигида “Катта бўлсам, космонавт бўламан”, дея орзу қилмаган одам бўлмаса керак. Айни 12 апрель — Авиация ва космонавтика куни арафасида ҳаммамиз бу орзуларни бир энтикиб эслаб қўямиз.
Шундай пайтда беихтиёр ҳар бир ҳамюртимиз кўз ўнгида ўзбек космонавти Солижон Шарипов гавдаланади. Солижон ака билан суҳбатлашишни анча олдин дилимга туккан эдим. Шунинг учун мобиль рақамини уни яхши билган инсонлардан сўраб топдим. Ўшанда мартнинг ўрталари эди. Суҳбатдошимга Тошкентдан қўнғироқ қилиб, мақсад-муддаомни айтар эканман, бу инсоннинг менга берган кутилмаган саволидан ҳаяжонланиб кетдим. У киши сўради:
— Тошкентда ўрик гулладими?
Ишхонамизнинг деразасидан қараб, Солижон акага ён-атрофнинг гўзаллиги, таровати, мовий осмон ҳақида сўзладим. У инсон катта завқ, ўзига хос қувонч билан эшитаётгани яққол билиниб турарди.
— Бизда (Москвада — муаллиф) ҳаво жуда совуқ, вақти-вақти билан қор-ёмғир аралаш ёғаяпти. Ўзбекистонимизнинг бетакрор табиатини жуда соғинибман.
Ана шу қисқа мулоқотдан кейин Солижон Шарипов билан бафуржа гаплашишга келишиб олдик. Буни қарангки, мулоқотимиз айни 12 апрель — Авиация ва космонавтика куни арафасига тўғри келди. Сиз, азиз газетхонга ҳам ушбу суҳбатни илиндик.
— Солижон ака, сиз биринчи асл ўзбек космонавтисиз. Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон ўзининг кейинги космонавтини қачон кашф этиши мумкин?
— Очиғи, бу бирданига бўладиган иш эмас. Космонавтика босқичма-босқич ривожлантириладиган соҳа. Ҳозиргача 600 дан зиёд инсонлар космосга парвоз қилган. Мен дунёнинг 372-космонавти, Россиянинг саксон саккизинчи ва биринчи ўзбек космонавтиман. Коинотга учиш жуда катта маблағ талаб этади. Ўзбекистонда бу йўналишда дастлабки қадамлар ташланди, десам, янглишмайман. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14 сентябрдаги “Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатини ва “Астрономия ва аэронавтика” боғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ҳамда 2018 йил 12 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида космик тадқиқот ва технологияларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши бу йўналишдаги дадил қадамдир. Давлат шу муҳим йўналишни ривожлантиришни истаяптими, демак, олдинда бизни катта умид ва мақсадлар кутиб турибди.
Қолаверса, космонавтика соҳасининг бугунги ютуқларига бизнинг Ўзбекистон, бу ерда етишган улуғ аждодларимиз сабабчи. Чунки астрономик тадқиқотлар илдизи диёримизда узоқ ўтмишга бориб тақалади. Мазкур ишларни бугунги ўзбек ёшлари давом эттиришини давлат раҳбари чин дилдан хоҳлаяпти. Ва, албатта, бундай муваффақиятларни яқин истиқболда кўришимизга ишонаман.
— Сиз шу соҳанинг етук вакили сифатида Ўзбекистонда мазкур йўналиш ривожига қандай ҳисса қўшмоқчисиз?
— Ўз вақтида космонавтика бўйича энг кучли мутахассислар Ўзбекистонда бўлган. Техника ҳамда технологияларни ишлаб чиқиш, фундаментал илмий тадқиқотлар ўтказишда бизга тенг келадигани йўқ эди. Космонавтика — илм-фаннинг сўнгги ютуқларини ўзида акс эттирадиган соҳа. Бироқ орада шундай ҳолат вужудга келдики, бу йўналиш эътибордан четда қолди. Оқибатда мутахассислар хорижга, асосан, Россияга чиқиб кетди, шу йўналишдаги кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти тўхтаб ёки сусайиб қолди.
Тошкентга ҳар йили бир неча марта бораман. У ерда ёшлар, талабалар билан учрашамиз, суҳбатлар уюштирамиз. Йигит-қизларнинг кўзида олов борлигини кўраман. Ўзбекистон раҳбари ана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, юқоридаги ҳужжатларни имзолагани, шубҳасиз. Мен Ўзбекистонда космонавтикани йўлга қўйиш, тараққий топтириш учун ёрдам беришга ҳамиша тайёрман.
Бир сирни айта қолай. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга мактуб йўлладим. Унда икки марта фазога учганим, очиқ космосда, Халқаро космик станцияда бўлганим ва энг асосийси, тўплаган тажрибамни Ўзбекистонда татбиқ этишга тайёрлигим ҳақида айтдим.
— Ўзбекистон байроғини коинотга олиб чиққанингиз ҳақида ҳар гал эшитганимизда беихтиёр тўлқинланиб кетаверамиз. Агар малол келмаса, ҳозир шу ҳақда гапириб берсангиз.
— 1998 йили “Шаттл”даги биринчи парвозимга тайёргарлик кўриш чоғида менда Ўзбекистон байроғини коинотга олиб чиқиш ғояси туғилган. Ўшанда ўзим билан ўзбек дўпписини ҳам олгандим. Коинотда бошимга дўппини кийиб, қўлимда Ўзбекистон байроғини ушлаб суратга тушганман. Кейинчалик шу самога чиққан байроқни, учган парвозим билан боғлиқ ҳужжатлар ва НАСА дубликатини Тошкентга келганимда Ўзбекистон томонига топширган эдим.
— Сизни кўпчилик “бу бизники, бу бизники” деб қизғанишади. Жумладан, биз ҳам...
— Бир қизиқ ҳолатни айтиб бераман. Мен ўзим ўзбекман. Қирғизистоннинг Ўзган шаҳрида туғилганман. Украинада ўқиганман. Ҳозир Россия фуқаросиман. Биринчи бўлиб фазога АҚШнинг кемасида учганман. Шундан келиб чиқиб, мени халқаро миқёсдаги фуқаро дейиш мумкин.
— Фазода бўлганингизда, кўнглингиздан қандай ўйлар ўтган?
— Коинотдан Еримиз бир тугма ҳажмидек кўринади. Биринчи парвозга чиққанимда таассуротлар, ўйларим остин-устун бўлиб кетган. Ва шундай хулосага келганман: Ерда миллиардлаб одамлар яшаймиз. Кимдир оч-наҳор яшамоқда, кимдир жангда, яна кимдир болаларни тарбиялаш, кимдир пул топиш билан банд. Нима учун биз барчамиз бир тану жон бўлиб, аҳил-иноқ яшай олмаймиз?! Фазо қўйнидан қараганингизда давлатлараро чегаралар кўринмайди. Буларнинг барчаси фалсафий мушоҳадага ундайди кишини...
Коинотга чиққунча бошқа одам бўлган бўлсам, Ерга бутунлай ўзгариб тушганман. Ер ва биз, одамлар — бир яхлит бутунликмиз. Биз сайёрамизни жуда эҳтиёткорлик билан асрашимиз керак. Бу туйғуни, айниқса, сиз космосда бўлганингизда аниқ ҳис этасиз. Биз, космонавтлар ҳаммамиз Ерни асраш, уни ҳис қилиш учун ҳар бир одамни коинотга чиқариш керак, деб ҳисоблаймиз. Коинотдан Ерни кўрган одам кўп ишлар жуда арзимас, майда эканлиги, аслида Ерни асраш, одамлар эса бир-бирини эъзозлаши муҳимлигига ишонч ҳосил қилади.
— Бугун Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатларни Ерни асраш йўлидаги қадам, деб ҳисоблайсизми?
— Марказий Осиё халқларини бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Бироқ орада шундай тушунмовчиликлар вужудга келдики, ота фарзанди, опа синглиси билан ўн йиллаб кўришолмади. Биз асли Андижондан, Пойтуғ шаҳарчасиданмиз. Чегаралар очилгани одамлар қалбига йўл очилганидан даракдир. Мен Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан муносабатларини одамларнинг тилидаги, дилидаги гаплардан янада чуқур ҳис этаяпман. Қачонлардир бизнинг юртда ўта абжир, довюрак йўлбарслар кўп бўлган. Буни боболаримизнинг эртакларида, ҳикояларида кўп эшитганмиз. У тасаввуримизда халоскорлик, нажот, қудрат ва шижоат тимсоли бўлиб муҳрланиб қолган. Шунинг учун ҳам халқимизнинг унга меҳри бўлакча. Лекин бугунги кунга келиб, қачонлардир она-табиатнинг бир гавҳари бўлган Турон йўлбарси энди йўқ, у қайтмайди, дегувчилар кўпайиб кетганди. Олимлар, синчилар шундай хулоса беришганди. Бугун ана шу гап-сўзлар пучга айланди. Бизнинг она-юртимиз — қадим Туркистонга Турон йўлбарси қайтди. Қайтганда ҳам, дадил, катта шижоат ва куч-ғайрат билан келажак сари қадам қўйди... Бугун минтақамизда амалга оширилаётган тарихий жараёнлар ана шундай дейишимизга асос бўлади.
Президент Шавкат Мирзиёев бутун Марказий Осиё халқларининг ўзаро яқинлашувида тенгсиз шижоат кўрсатаяптики, бу бир-бири билан биродар элларнинг тарихий ришталарини боғламоқда.
Омонулла ФАЙЗИЕВ суҳбатлашди.
Москва шаҳридан «Халқ сўзи» учун махсус.
Солижон Шарипов 1998 йил 23 январда АҚШнинг “Space Shuttle” кўп марта учиш тизимидаги “Endeavour” кемасида самога кўтарилиб, 8 кун 19 соат 46 дақиқа 54 секунд парвозда бўлди. Парвоз давомида кемани “Мир” Россия орбитал станциясига бириктириш ишларини амалга оширди. Унинг иккинчи парвози 2004 йил 14 октябрда амалга ошди. Солижон Шарипов “Союз ТМА-5” космик кемасининг сардори сифатида коинотга кўтарилиб, Халқаро космик станцияда олти ойдан кўпроқ муддат мобайнида илм-фан равнақи учун зарур бўлган элликдан ортиқ тажриба ишларида қатнашди. Парвоз чоғида икки марта очиқ фазога чиқиб, умумий ҳисобда 10 соат давомида станцияни таъмирлаш, унга янги жиҳозлар ўрнатиш ва бошқа муҳим тадбирларни ўтказди. Солижон Шарипов жами 201 кун 14 соат 48 дақиқа 53 сония парвоз қилган. Шунингдек, у “Союз ТМ-29” ва “Союз ТМ-30” космик кемалари дублёр экипажларининг сардори бўлган. Солижон Шарипов Россия Федерацияси Қаҳрамони, Қирғизистон Республикаси Қаҳрамони унвонлари, Ўзбекистон Республикасининг “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Айни пайтда у Космонавтларни тайёрлаш илмий-тадқиқот синов маркази қошидаги космомарказга раҳбарлик қилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг