Сохта тадбиркорлик ва ярадор замин ёхуд Чирчиқ дарёсининг кечаги ҳамда бугунги аҳволи хусусида

07:52 28 Февраль 2019 Жамият
823 0

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Чирчиқ дарёсининг суви зилол ва мусаффолиги билан алоҳида ажралиб турган. Ғарбий Тянь-Шань тоғларидаги қор ҳамда музликлардан тўйинган Чотқол, Кўксув ва Пском дарёлари ниҳоятда шўх, тошдан-тошга урилиб оқиб, Чорвоқ сув омборига қуйилгач, тин олади. Маҳаллий аҳоли тоғ дарёлари сувини “пишган”, дея шифобахшлигини эътироф этишининг боиси ҳам шундадир, балки. Ана шу сув ва кейинчалик қўшиладиган тезоқар Угом дарёси Чирчиқнинг асосини ташкил қилади.

Манбаларда келтирилишича, унинг узунлиги 454 километр, ҳавзасининг майдони 14 минг 240 квадрат километр. Табиати ҳам гўзал. Флора ва фаунаси бой. Халқ орасида ҳавонинг тозаси, сувнинг зилоли, ўтнинг ширини, деб таърифланган замин Чирчиқ дарёсининг соҳиллари бўлса, ажаб эмас. Бугун-чи?!

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Бугун Чирчиқ дарёси соҳилларида бўлган киши бу гўзал таърифларга ишонқирамай қолиши турган гап. Нега десангиз, дарё ўзани, соҳиллари таниб бўлмас даражада ўзгариб кетган.

— Бу ерларда қуш ва балиқлар, ёввойи ҳайвонларнинг юзга яқин турлари бўлар эди, — дейди қибрайлик ҳаваскор овчи Зокиржон Шукуров. — Ҳозир улар камайиб, бутунлай йўқолиб кетиш арафасида.

— Соҳилга боққан кишининг дили яйраб, кўзи қувнар эди, — дейди чирчиқлик маҳалла фаоли Маҳмуд Мирзаев. — Табиат гўзаллиги, айтиш жоиз бўлса, сохта тадбиркорлик қурбони бўлди. Бугун соҳиллар ярадор заминни эслатади.

— Бизнинг Жалоир қишлоғимиз дарё соҳилига яқин жойлашган, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, Ўрта чирчиқлик пенсионер Маҳмуд Раимбоев. — Йиллар давомида артезиан қудуқдан сув ичиб келганмиз. Дарёдан қум ва шағал олинавергач, сувимиз тортилиб кетди.

— Бугун дарёга обиҳаёт манбаи эмас, тош ва шағал манбаси, яъни кон сифатида қаралмоқда, — дейди чинозлик эколог Одилхон Исахонов. — Шу боис унинг эгаси йўққа ўхшайди. “Меники” ва “Бизники” деган иборалар ўртасида жуда катта фарқ бор, ахир.

— Чирчиқ сувини ичиб катта бўлганмиз, — дейди ғазалкентлик Ортиқжон ая Холтоева. — Энди эса қўл чайгинг ҳам келмайди.

Суҳбатдошларимизнинг ҳар бири ўз фикрини ёқлаб, кўплаб далиллар келтирди. Буни аниқ таҳлиллар ҳам кўрсатиб турибди.

Нима истеъмол қиляпмиз?

Чирчиқ Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолисини ичимлик суви билан таъминлайдиган асосий манба ҳисобланади. Шундай экан, истеъмол қилинаётган сув сифати қандай?

Афсуски, бу борада ижобий фикр билдира олмаймиз. Чунки дарёнинг вилоят ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан 2018 йилда олинган лаборатория таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, Чирчиқ шаҳрининг “Оққовоқ” МФЙ ҳудудидан бошлаб Роҳат кўлигача бўлган оралиқдаги дарё суви таркибида азот аммоний миқдори белгиланган меъёр (0,39)га нисбатан 5,3 бараваргача ортганлиги кузатилган. Худди шу оралиқда азот нитрат моддаси ҳам белгиланган меъёр (0,02)га нисбатан 25 бараваргача кўпайгани ҳақида маълумотлар бор. Темир моддаси миқдори эса Қибрай тумани Байтқўрғон қишлоғидан Роҳат кўлигача бўлган оралиқда 27 марта ортиб кетган.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсида азот нитрат моддаси Бектемир туманидаги Бектемир сув тозалаш иншооти атрофидан бошлаб Сергели туманидаги янги кўприккача бўлган масофада меъёридан 1,5 баравар зиёдни ташкил этмоқда. Шу кўприккача масофада муаллақ моддалар 3,2 баравар, мис 14 баравар ортганлиги аниқланган. Ана сизга юқорида зилол сувлию ноёб табиатли, дея таъриф берганимиз — йирик дарёнинг бугунги аҳволи!

Яна бир жиҳати, вилоят экин майдонларининг 70 фоизидан ортиғи мазкур дарёдан, ундан ажралиб чиқадиган каналлардан сув ичади.

Табиийлигини йўқотиб бормоқда

Масаланинг энг аянчли томони шуки, Чирчиқ соҳиллари кун сайин, аниқроғи, соат сайин табиийлигини йўқотиб бормоқда. Ундан ҳар куни тўғри ва эгри йўллар билан минглаб машиналарда тош ҳамда шағал олиб чиқиб кетиляпти. Дарвоқе, соҳилга ўқтин-ўқтин юк билан кираётган машиналарни ҳам учратиш мумкин. Бу юк — қурилиш ва маиший чиқиндилар. Дарё соҳилининг айрим ҳудудлари сунъий чиқиндихонага айлантириб юборилган.

Дарёга “ҳужум” шу қадар қақшатқич равишда уюштирилмоқдаки, айрим ҳудудларда дарё ўзанининг кенглиги 2 километрдан ошиб кетган. Бу табиий ҳолатдан 3-4 баробар кўпдир.

Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасидаги сув омборлари ва бошқа сув ҳавзалари, дарёлар, магистрал каналлар ва коллекторларнинг, шунингдек, ичимлик суви ва маиший сув таъминотининг, даволаш ва маданий-соғломлаштиришда ишлатиладиган сув манбаларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низомнинг 49 ва 50-моддалари талаблари бузилишига йўл қўйилган.

Қирғоқлар эрозиясининг олдини олиш, уни мустаҳкамлаш ишлари эътибордан четда қолиб кетмоқда.

Ваҳолонки, бу ишлар учун мамлакатимизда қулай шарт-шароитлар яратилган. Яъни Президентимизнинг 2017 йил 25 сентябрдаги “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 1-бандига кўра, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сел, тошқин ва ер кўчкиси хавфи бўлган туманларда қирғоқни мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ва тиклаш ишлари бўйича ихтисослаштирилган муҳандислик-техник отрядлари ташкил этилган. Тошқин ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича Ҳукумат комиссиясининг қарорларига асосан, бошқа ташкилотлар томонидан фақатгина тошқин сувлари ва сел оқимларини ўтказиб юборишнинг имкониятсизлиги билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Бунга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги “Дарёлар ўзанларини тозалаш ишларига тадбиркорлик субъектларини электрон онлайн-аукцион орқали жалб қилиш тартибини жорий этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан заруратга кўра олиб борилган ўрганишлар натижалари бўйича дарёлар ўзанларида қум-шағал материаллари тўпланиб қолган ва тозаланиши лозим бўлган участкалар рўйхати шакллантирилди.

Норуда фойдали қазилмалар, яъни қум-шағал аралашмаларини хом ашё сифатида олишнинг қонуний йўллари мавжудлигига қарамасдан, Чирчиқ дарёси атрофида жойлашган тош майдалаш билан шуғулланувчи баъзи бир тадбиркорлар шағални бошқа жойдан олиш йўлига ўтиб олишган. Шу мақсадда уларга балиқчилик хўжалиги ташкил этаётган тадбиркорлар қўл келиб қолди.

Аслида, чавоқ ташланадиган ҳовуздан олинадиган шағал унинг атрофига ташланиб, дарё ҳовузни ювиб кетмаслиги учун дамба вазифасини бажариши керак. Вақти-соати келиб, хўжалик тугатилганида тош-шағал жойига ташланиб, ҳудуд рекультивация қилиниши белгилаб қўйилган. Лекин “Саксонота” ўрмон хўжалигининг Қибрай тумани ҳудудида жойлашган “Delta Leasing” МЧЖга балиқчилик хўжалиги ташкил этиш учун 6 гектар ер майдони берилган бўлиб, тадбиркор томонидан балиқчилик ҳовузи кавланиши жараёнида ҳосил бўладиган шағал тош саралаш корхонасига ҳадя қилиб юборилган. Ўзига хос алмашув: тош корхонага, ҳовуз балиқчилик хўжалигига.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Балиқчи билан суҳбатда бир неча марта қанча маҳсулот етиштиргани ҳақида сўрадик. У эса банкдаги маблағини рўкач қилишдан нарига ўтмади. Бу маблағ тош сотиб, жамғарилганми ёки балиқ сотиб тўпланганми? Бу бизга ҳамда бизга ҳамкорлик қилган вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси масъулларига қоронғилигича қолаверди.

Белгиланмаган жойлардан норуда фойдали қазилмаларни ноқонуний равишда қазиб олиш бўйича 79 та ҳолат аниқланиб, айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан, жами 163 млн. 648 минг сўм миқдорида жарима ҳамда 121 млн. 665 минг сўм миқдорида келтирилган зарар ҳисобланиб, ундириб олингани бу ишга янада жиддий аҳамият беришни талаб этади, назаримизда. Чунки айнан назоратнинг сустлиги туфайли тош ва шағал дарё қирғоқларидан олинмоқда. Натижада дарё кенгайиб, сув оқими ўртасида кўплаб оролчалар ҳосил бўлаётир. Сув дарё ўзанида мутаносиб оқмаётганлиги, сув ювиш ҳолларининг рўй бериши сабаблари ҳам шунда.

Сергели туманидаги янги кўприкнинг кун сайин нобоп аҳволга келиб қолаётганлиги бунга яққол мисолдир. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг “Хавфсиз дарё” корхонаси ўз ишини янада такомиллаштириши лозим.

Ўзан ювилиши ва сув сифати бузилишининг яна бир сабаби

Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, Чирчиқ дарёсининг Бўстонлиқ, Юқори Чирчиқ, Қибрай туманлари ҳамда Чирчиқ шаҳри ҳудудларидан оқиб ўтувчи 50 метрлик қирғоқ бўйи полосасида жойлашган объектлар сони 274 тани ташкил этди. Шундан ишлаб чиқариш корхоналари 4 та, карьерлар 3 та, автотранспорт корхоналари 2 та, экинзор ва боғлар 4 та, балиқчилик хўжалиги битта, томорқалар 5 та, дала-ҳовлилар 224 та, уй-жойлар 14 та, ошхона ҳамда ресторан битта, сув иншоотлари 2 та, шунингдек, бошқа қурилмалар 14 та.

“Балиқ бошидан...” деганларидек, энг кўп объектлар Бўстонлиқ тумани ҳудудида жойлашгани янада таассуфли. Жумладан, дарёнинг шу туман ҳудудидан ўтувчи қисмида 157 та объект жойлашган бўлиб, шундан 118 таси дала-ҳовли, 14 таси яшаш хонадони, 4 та экинзор ва боғ, битта ошхона ҳамда ресторан, 2 таси сув иншооти объектидир.

Дарёнинг Чирчиқ шаҳри ҳудудидан ўтувчи қисмининг муҳофаза минтақасида жойлашган ноқонуний объектларнинг 6 таси автокорхона, 3 таси ошхона ва ресторан эканлигини қандай тушуниш мумкин?! Бу ҳали ҳолва. Дарёнинг Тошкент шаҳридан оқиб ўтувчи 24 километрлик қисмида 50 метрлик қирғоқ бўйи полосасида жойлашган объектлар 61 тани ташкил этиб, шундан 21 таси ишлаб чиқариш корхонаси, 3 таси карьер, 3 таси автокорхона, 4 таси маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси, 7 таси ёнилғи қуйиш шохобчаси. 250 метрлик муҳофаза зонасида эса мактабдан тортиб, балиқчилик хўжаликларигача борлигига нима дейсиз? Уларнинг жами сони 203 тадан иборат. Пойтахтнинг дарё кесиб ўтадиган туманлари ўртасида Яшнобод ва Сергели туманларидан кейин Бектемир туманида қайд этилган. Бу объектларнинг барчаси Чирчиқ дарёси ўзанининг ювилиши ва ўзгаришига, сув сифатининг бузилишига сабаб бўляпти.

Тартибсизликлар шу даражага бориб етганки, дарё қирғоғида жойлашган корхона раҳбарларининг ўзи хон, кўланкаси майдон бўлиб қолди. Корхона ва хўжаликларнинг ифлос оқовалари дарёга оқизиладиган бўлди. Соҳил чиқиндихонага айланди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Хусусан, Бўстонлиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ ва Угом дарёлари ҳамда Чорвоқ сув омбори муҳофаза зонасида жойлашган 199 та объектга огоҳлантириш хатлари тарқатилиб, сув ҳавзаларига тўғридан-тўғри оқова сувлари ташланганлиги ва белгиланмаган жойларга чиқиндилар тўкилганлик ҳолатлари учун 56 нафар айбдор фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 82/2, 91/1 ҳамда 72/1 моддалари билан маъмурий баённомалар тузилган. Бундан ташқари, туманнинг “Бештут” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг муҳофаза минтақасида А. Ғуломов, Ж. Ашурматов, Х. Аширов, Г. Ҳакимова ҳамда Б. Раҳмонов боғ барпо этиш учун ажратилган ер майдонига ўзбошимчалик билан турли қурилмалар қуриб олганлиги аниқланган. Ҳозирги кунда 5 та чўмилиш ҳавзаси буздирилиб, қолганларини суд орқали бузиш бўйича тўпланган ҳужжатлар туман ҳокимлигига тақдим этилган. Бўстонлиқ тумани “Нурчилар” МФЙ ҳудудидаги 80 та дала-ҳовлининг оқова сувларини марказий канализация тармоғига улаш ишлари бошлаб юборилди.

Булар, ўз навбатида, Тошкент шаҳрини сув билан таъминловчи йирик иншоотлар фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Таъкидлаш жоизки, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 99 ва 100-моддалари “Сув ва сув объектларини чиқит ва чиқиндилар билан ифлослантиришдан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги каби Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда сув объектларининг муҳофаза қилиш зоналари, соҳилбўйи минтақаларида ва санитария муҳофазаси зоналарида, ер ости сувлари ҳосил бўладиган ҳудудларда хўжалик фаолияти юритиш тақиқланган бўлса-да, маҳаллий ҳокимликлар томонидан дарёнинг муҳофаза зонасида турли объектлар жойлаштирилган.

Имкониятлар ишга солиняпти, лекин...

— Чирчиқ дарёси нафақат табиатимиз кўрки, балки фахри ҳамдир, — дейди Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Феруз Ҳимматов. — Уни авайлаб асраш, қирғоқларини мустаҳкамлаш, ноқонуний объектлардан тозалаш, сув, тош ва шағал сарфини тартибга солишда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бор имкониятларимизни ишга соляпмиз.

Дарвоқе, ҳамкор ташкилотлар сони ўндан ортиқ. Ҳар бирининг ўз вазифаси бор. Бироқ ҳамма гап ана шу вазифаларнинг қандай бажарилаётганлигида. Агар улар ўз масъулиятларини оширганларида Чирчиқ дарёси ўзани бугунгидек аянчли аҳволга келиб қолмас эди.

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри аҳолиси соғлиғига зарар етказилишининг олдини олиш, сувнинг ифлосланишига барҳам бериш, сув ресурсларини тежаш ва эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳамда ичимлик сувига бўлган талаб ортиб бораётганини инобатга олиб, бир қатор таклифларни илгари сурмоқда. Жумладан, мутахассислар фикрича, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Чирчиқ дарёси қирғоқбўйи полосасининг 50 метрлик қисмида жойлашган экологик потенциал хавфли 335 та объектни бошқа жойга кўчириш масаласини кўриб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди.

Шунингдек, дарёнинг 250 метрлик сувни муҳофаза қилиш зонасидаги объектлар ва (сув хўжалиги иншоотларидан ташқари) дала-ҳовлиларда ҳосил бўладиган оқова сувларни марказлашган канализация тармоғига улашни атрофлича ўрганиш, 50 метрлик қирғоқбўйи ерларини ўрмон хўжаликларига бириктириш ва ўрмонзорларни барпо этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиш, ҳокимликлар томонидан Чирчиқ дарёсининг сув муҳофазаси минтақасида ер танлаш ва ажратишни тўхтатиш зарур.

Бундан ташқари, Чирчиқ дарёсининг ифлосланишига йўл қўймаслик мақсадида дарё бўйидаги корхоналардан чиқаётган оқова сувлар локал тозалаш иншоотларида тозаланганидан сўнг очиқ сув ҳавзаси ёки канализация тармоқларига ташланишини ваколатли органлар қатъий назоратга олиши зарур. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида дарёнинг ер усти ва ер ости сувларини ифлослантирмаслик, дарё қирғоқларига чиқиндилар тўкиб кетилишига йўл қўймаслик мақсадида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш керак.

Буларга қўшимча равишда дарё ўзанидан шағал ва бошқа инерт материаллари олишни тартибга солиш, қирғоқ эрозияси ва сув ювишларининг олдини олиш, демакки, дарёни асл ҳолида келажак авлодга қолдириш масалалари хусусида ҳам ўйлаб кўриш лозим. Қолаверса, дарё ўзанида балиқчилик хўжаликлари ташкил этиш нечоғли мақсадга мувофиқ?

Фото: Ҳаким Йўлдошев/“Халқ сўзи”.

Ҳаддан зиёд исрофгарчиликни кўрган мазкур ҳудуд қариялари “Бу сенга Чирчиқнинг шағалими?..” дея дашном беришади. Уларнинг наздида дарёдаги тош ва қум шу қадар кўпки, сира ҳам тугамайдигандек кўринган. “Ётиб еганга тоғ ҳам чидамас” деганларидек, Сирдарёнинг қуми тугаб бормоқда, Чирчиқ шағалининг ҳам охири кўриниб қоляпти.

Исрофгарчиликка қарши ўйлаб топилган “Бу сенга Чирчиқнинг шағалими?..” деган ибора вақт-соати келиб айнан унинг ўзига қарата ишлатилиши ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган бўлса керак.

Йил йилга ўхшамайди. Сув кўпайиб, соҳиллардаги ҳавзаларнинг ювилиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Илло, Чирчиқни, қолаверса, мамлакатимиздаги бошқа дарёларни муайян вазирлик ёки ташкилот тасарруфига бериш масаласини ҳам ўйлаб кўриш керакмасмикан?!.

Раҳматилла Шералиев, Дилшод Улуғмуродов (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019