Соғлом яшаб, юздан ошайлик. Узоқ умр кўришнинг сири нимада?

17:44 25 Сентябр 2018 Жамият
356 0
Иллюстратив фото

Ҳар бир инсон кексайиб қолганида ҳам узоқ яшаш, соғлом ва бардам бўлиш ҳақида ўйлайди. Бунинг иложи борми?

Расмий маълумотларга қараганда, мамлакатимизда юз ёшлик довондан ўтганлар сони саккиз минг нафардан ортади. Унчалик ҳам фаровон деб бўлмайдиган — фуқаролар ва Иккинчи жаҳон уруши, очлик, қаҳратонлар, вайронагарчиликлар даврида умргузаронлик қилган бу инсонларнинг узоқ умр кўриш сири нимада?

Бундай нуронийлар билан суҳбатлардан аён бўлишича, улар меҳнат фаолияти туфайли шундай улуғ ёшларга киришга муваффақ бўлганлар. Уларнинг ҳаёти доимий жисмоний ҳаракат билан тўлган. Бундай одамлар ҳамиша ҳаракатда бўлганлар, бу эса тиббиёт вакилларининг айтишича, организмни мустаҳкамлайди ва чиниқтиради, иммунитетни оширади.

— Ҳозирги кунда ҳаётимизнинг мазмунини ташкил этувчи асосий нарса — спорт. Табиийки, у билан шуғулланган ҳар ким ҳам чемпион бўлиб кетавермайди, аммо барча бош соврин — саломатлик, унга боғлиқ равишда кўтаринкилик, бардамлик ва фаровонлик, узоқ умрни қўлга киритади, — дейди Андижон олимпия захиралари махсус мактаб-интернатининг волейбол бўйича мураббийи Фарида Харутдинова. — Қўшимчасига, спорт бизни жисмонан чиниқтиради, ирода ва чидамлилик, жамоавий спорт турларида эса дўстлик ҳамда масъулият сингари кўплаб инсоний хислатларни тарбиялайди. Аммо турли гаджетлар, компьютерлар, автомат ўйинларнинг пайдо бўлиши билан ёш авлод орасида жисмоний фаолликнинг ўта паст даражаси кузатилмоқда. Масалан, ўспиринлар, айниқса, шаҳарлик болалар тўпни ҳақиқий футбол майдонида эмас, балки компьютер мониторида тепишга, чиройли бурилиш ҳаракатларини пойга мотоциклида ёки картингда эмас, компьютер ўйинчоқларида бажаришга ўргандилар. Жисмоний ривожланишнинг йўқлиги оқибатида 20 — 25 ёшга бориб бундай виртуал спортчиларда касалликларнинг бутун бошли “гулдастаси” юзага чиқади, руҳият бузилади.

Болалар ва ўсмирлар соғлиқниёшликдан асраш нақадар муҳим эканини доим ҳам билмаслиги мумкин, аммо ёши улуғ одамларнинг ҳам ўз саломатлигига беписанд муносабатини тушуниш қийин. Кўп овқатланиш, чекиш, спиртли ичимликларга берилиш, камҳаракат ҳаёт тарзи, асаббузарлик ҳолатлари — мана шулар инсульт ҳамда инфаркт, қандли диабет, онкологик ва бошқа ёмон хасталиклар сабабчиси. Бундай ҳолатда ҳатто энг замонавий тиббий шароитлар яратиб берилса-да, узоқ яшаш ва соғлиқ ҳақида орзу қилиш ҳам бефойда.

Яратган бизга ато этган умрни узайтириш, соғлиғимизни асраш ҳақида биз кўпинча дард тутганда ва шифокорга бориш, дори ҳамда даволаниш учун оиламиз бюджетидан пул сарфлашга тўғри келган пайтдагина ўйлаймиз. Афсуски, бу харажатларни ҳисоб-китоб қилиб кўриб, нега айнан мен бемор бўлиб қолдим, дея ўзига савол берадиганлар кўп эмас. Ахир ҳаммаси оддий. Касал бўлиш — ўз саломатлигимизга бепарво муносабатда бўлганимиз учун тўланадиган товон.

Соғлиғи ҳақида қайғурадиган, узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришни истайдиган инсон бу мақсадга албатта эришади. 110 ёшни кўрган бухоролик юртдошимиз Мустафо Бухомиддин ҳаётида илк марта ҳайдовчиликка тиббий комиссиядан ўтиш учун 1983 йилда — 105 ёшида шифохонага келган экан. Ўша вақтлардаги газеталарда ёзилишича, бу инсоннинг саломатлик ва узоқ умр кўриш сири жуда осон. Мустафо ёшлигидан жисмоний меҳнатда улғайган, кўп пиёда юриб, транспортдан камдан-кам фойдаланган, чекмаган, тўғри овқатланган.

Бутун умри спорт ва педагоглик фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлган қорақалпоғистонлик 82 ёшли Юрий Кулаковнинг ҳаётини ҳам замондошларимиз учун намуна қилиб кўрсатиш мумкин. Юрий Иванович дардга чалинган пайтлари асло таслим бўлмаслик ҳақида ўзига сўз берган экан. Оёғидаги оғриқни енгиб, у Қорақалпоқ давлат университетидаги иш жойига қатнашдан тўхтамаган. Бу даргоҳда у жўшқин жараёнлар, талабалар билан мунозара ва мулоқотлар, шогирдларнинг муваффақиятлари туфайли ҳис этиладиган ёрқин кечинмалар қуршовида бўлган. Ўз суюкли жамоангнинг рақиб устидан ғалабаси нашидасига ҳеч қандай қайноқ ҳислар тенглашолмайди. У инсонга ҳаётий куч ва қувват бахш этади. Ана шуларнинг барчаси дардни енгиб ўтишга ёрдам берган. Энди эса, газетамизнинг минтақадаги мухбирининг айтишича, мазкур олий ўқув юртининг бирорта спорт тадбири ҳам, республика миқёсидаги мусобақалар ҳам Кулаков иштирокисиз ўтмайди. Бундан 12 йил аввал Кулаковнинг 70 йиллик таваллудига бағишлаб чиқарилган “Ҳаёт — бу синов” китобида қуйидаги сўзлар бор: “...унинг ҳаёт тарзи — ёшлар ҳали узоқ вақт ўрганадиган катта бир санъатдир”. Бу фикрга қўшилмасликнинг иложи йўқ.

2017 йилда Иқтисодий тадқиқотлар маркази мутахассислари томонидан ўтказилган мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, пойтахтда яшовчи аҳолининг деярли кўпчилигида овқатланиш рациони бир меъёрда эмас. Оқибатда уларнинг учдан бир қисми ортиқча вазндан азият чекяпти. Тошкентликларнинг 60 фоизидан зиёди камҳаракат ҳаёт тарзида яшайди ва кўпи билан кунига 20 — 30 дақиқа пиёда юради. Бутун дунёда илм-фан ва техниканинг шиддатли ривожи билан гиподинамия, камҳаракатлилик, скелет мушаклари ва юракка тушаётган юкнинг пасайиши оммавий кўриниш олди.

Илгарилари иқтисодиётнинг турли соҳаларида жисмоний меҳнат 90 фоиздан зиёдни ташкил этган бўлса, XXI асрга келиб ушбу кўрсаткич кўплаб давлатларда деярли бир фоизгача қисқариб кетди. Биз иш жойида бўлиб туриб, фақатгина клавиш ва тугмачаларни босиш билан кифояланамиз, қолганини роботлар ва механизмларнинг ўзи қиляпти, керакли манзилга автомобилда етиб оляпмиз, уйга келиб, қулай ўриндиққа жойлашиб оламиз. Замонавий одам ҳатто идиш-товоқни ҳам ўзи ювмаяпти. Унинг учун бу ишни идиш ювувчи машина бажармоқда. Хуллас, умуман жисмоний машғулотларсиз турмуш тарзи. Ахир ҳаёт, бу — ҳаракат эмасми?! Усиз эса инсон организми эрта қариши ҳам айни ҳақиқатдир.

Бироқ мазкур муаммони соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб тўлиқ ҳал этиш мумкин. Саломатлик ва узоқ умр кўришнинг асосий талаби қуйидаги уч омилга риоя қилиш ҳисобланади. Буни буюк аллома Ибн Сино ҳам ўз асарларида эслатиб ўтган: жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш, овқат ва уйқуни меъёрда ушлашдир.

Ҳанузгача ўз аҳамиятини йўқотмаган мазкур қоидаларга асосланган ҳолда жаҳоннинг турли мамлакатларида фуқаролар соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат дастурлари амалга оширилмоқда. Масалан, АҚШда бир вақтнинг ўзида тўғри овқатланиш, аҳолини жисмоний маданият ва спорт билан ошно қилишга қаратилган қатор дастурлар ҳаётга татбиқ этиб келинмоқда. АҚШ Миллий саломатлик институти ҳисоб-китобларига кўра, профилактик соғломлаштириш тадбирларига ажратилган бир доллар лаборатория текширувларига кетадиган саккиз доллар, касалликни даволаш учун сарфланадиган 320 долларни тежаб қолар экан. Данияда шуларни инобатга олиб велоспортни ривожлантиришга катта сармоя қилинган, Германияда соғлом овқатланиш ва фаол ҳаёт тарзи тамойилларини илгари суриш бўйича “Бардам бўл!” лойиҳасини амалга оширишга киришилди.

Мамлакатимизда ҳам бу йўналишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонда жисмоний маданият ва спортни ривожлантириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди. Президент Шавкат Мирзиёев яқинда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказган йиғилишида мутахассисларга мамлакатимизда спортни оммалаштириш юзасидан беш йиллик миллий концепция ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Аҳолини жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиб, соғлом ҳаёт кечиришга жалб этиш, шу орқали касалликларнинг олдини олиб, одамларнинг умрини узайтириш концепциянинг асосий йўналиши ва натижаси бўлиши кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Тарихдан узоқ умр кўриш бўйича кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Уларнинг айримларини айтиб ўтамиз. Жумладан, шотландиялик балиқчи Генри Женкинс (1501 — 1670) 169 йил, туркиялик аёл Фотима Хоним 164 йил, венгриялик Янош Ровен 172 йил умр кўрган. Бутун умр жисмоний тарбия билан шуғулланган грузиялик Егор Короев 157 йил, озарбайжонлик қишлоқ хўжалиги ишчиси Маҳмуд Эйвазов 152 йил яшаган. Унинг меҳнат фаолияти 130 йилдан ошиб кетган. Англиялик Фома Карне эса черков китобларидаги қайдларга кўра, 207 йил ҳаёт кечириб, 12 қиролдан кўра кўпроқ умр кўрган. Афсоналарга кўра, хитойлик файласуф Лао Цзи 200 йил яшаган экан.

Демак, ҳар бир инсон ўз ҳаётини асрга тенглаштириш, бақувват бўлиб, ҳаётдан завқланиб яшаш қувватига эга. Хуллас, ҳар кимда танлаш имконияти бор: спорт билан шуғулланиш ёки ҳар куни жуда бўлмаганда ярим соат жисмоний машқларни бажариш ва фаол бўлиш, турли касалликларга нисбатан иммунитет ҳосил қилиб, узоқ умр кўриш. Бизга берилган ана шу бебаҳо имкониятдан ихтиёрий равишда юз ўгириш фойдалими ёки йўқ, буёғини ўзингиз ҳал этинг ва хулоса чиқаринг.
Санжар УСМОНОВ.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар