Собир Ўнар: Бу омонат дунёда кимнингдир этагидан тутиб “устоз”, дея алқаш ҳам фазилат бўлиб қолди

17:13 12 Ноябрь 2018 Маданият
905 0

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ёзувчи Собир Ўнар билан ўзбек насрининг тараққиёти, бугуни ва келажаги – ютуқ ва камчиликлари ҳақида ЎзА мухбири суҳбатлашди.

– Ҳақиқий ижодкор учун қандай имкониятлар яратилиши керак. Аслини олганда ижодкорга камтарингина қаламни тебратиб, олам маъноли бадиий асар ёзиш учун шароит керакми?
– Аввало, шароит ҳақида сўз кетар экан, ижодкор хоҳ шоир, хоҳ ёзувчи бўлсин, биз тан олиб айтишимиз керак, ижодкорларга ҳеч бир замонда бугунги кундагидек имконият яратилмаган. Ҳазрат Алишер Навоий бобомиз даврида табиий газдан фойдаланиш техникаси кашф этилмаган. Нефт – ердан чиққан мой, “ер мойи” деб аталган. У халқ хўжалигига жорий этиш учун нақ беш юз йил керак эди. Шундоқ экан, Ҳирот уйлари(ҳужралари)ни сандаллар воситасида илитилган. Сиз билан суҳбатлашар жараёнимда юртимизда қишнинг совуқ нафаси келаётгани учун кўз ўнгимда ўша даврнинг қиш манзаралари гавдаланди.

Куни кеча ўзимиз қишлоқда яшаб кўрган аҳвол ҳам аввал бундай эмасди. Бугун қишлоқ одами ҳам шаҳарлик ҳам замонавий “камфорт” ҳаётга ўрганди.

Талабалик пайтларимиз – совуқ кезлари уй кийимимиз асосан чопон эди. Бугун чопонларнинг умумий “тиражи” китобларникидан минг чандон кўп. Бироқ уларни (айримларни ҳисобга олмаганда) ҳеч ким киймайди. Чопоннинг асосий вазифаси кийим даражасидан чиқиб хўжа кўрсин, сарпо вазифасини ўтаб қолди.

Майли энди, гап шароит ва имкониятлар ҳақида эди. Гап келганда, тилинг “қичийди“-да. Ҳазрат Навоий бизга замондош бўлиб ва агар “пропискаси” Юнусободда бўлганида эди, вақтида уйига иссиқ сув оқими (отопление) берилмагани учун ЖЭКга нолиб борган бўлар эди ва бу замондошлар орасида биз Навоийни Навоий қилиб кўтармас эдик ҳамда умрининг бир қисми расмиятчиликлар ичра ўтиб кетар эди.

Айтмоқчи бўлганим шуки, бугунги шароит билан у замоннинг фарқи ер билан осмончадир. Алқисса, кейинги йилларда ижодкорларнинг яшаш, дам олиш, ишлаш қулайликлари шу даражада бўлдики, бу бировнинг тушига ҳам кирган эмас. Муҳтарам президентимиз гарчи ёзувчилар учун Дўрмон ижод боғида етарлича таъмирланган, барча қулайликларга ва шароитларига эга маскан яратилган бўлса-да, тағин Зомин ва Паркент туманларида яна ижодкорлар учун замонавий ижод уйларининг қуриб берилаётгани каби шароит қайси достон ва яна қайси эртакда бор.

Энди бир шундай даврда ёзиш, яхши ёзиш учун кимдан ўпкалаш керак? Ҳар ким ўзидан ўпкаласин. Ялқовлигидан, истеъдодининг сустлигидан нолисин.

Қандингни ур, ижод қил, ўзингни кўрсат! Бошқа гап йўқ.

– Бугун ўзбек ижодкорларнинг эришаётган ютуқлари, насрда салмоқли асарлар ёзаётган ижодкорларга тўхталсангиз. Бугун ҳам ўз ўрнида романлар, қиссалар, ҳикоялар ёзилмоқда. Бироқ оммалашиш даражаси сустроқдек, наздимизда. Сиз шу йўналиш вакили сифатида ёзилаётган асарларнинг бадиий савияси ҳақида нималар дея оласиз?
– Сирасини айтганда, ўзбек адабиёти ҳамма замонда каби ҳозир ҳам сусайиб қолгани йўқ. Бугунги кун насри ҳақида сўз кетса, тўхтамасдан йигирмадан ортиқ яхши ёзувчини санай оламан. Шеърият ҳақида гап кетганда, қирқдан ортиқ шоирни бемалол санаб бераман. Шунда ҳам хотирам панд бериб камида йигирма-ўттиз нафар шоир эсдан чиқиб қолади. Фақат улар орасида “биз-чи, даштда лайлак қўриб юрибмизми?” дегувчилардан чўчийман.

Ахборот тарқатувчи тармоқлар кўп. Шуларнинг ичида юзлаб адабиёт тарғиботчилари бор. Ижтимоий тармоқ орқали бугун “лоп” этиб шов-шув кўтарган адиб эртага қумга сингган сув каби йўқ бўлиб кетади.

Абдулла Қодирийдан, яъни ўтган асрнинг йигирманчи йилларидан мустақилликка қадар юзта роман ёзилганми-йўқми, билмайман, аммо қизиқувчи бир киши санаб кўрсин, йигирма беш-ўттиз йил ичида ўша даврдан камида уч баробар кўпроқ роман ёзилди. Уларнинг орасида “Ўтган кунлар”, “Сароб”, “Улуғбек хазинаси”, “Навоий” даражасидагилари йўқдир балки, бироқ тарғибот қилиниб, чет тилларга таржима қилинса, муносиблари бор.

Навқирон авлод дея аталаётган Исожон Султон, Назар Эшонқул, Луқмон Бўрихон, Шойим Бўтаев, Улуғбек Ҳамдам, Зулфия Қуролбой қизи, Саломат Вафо, Исмоил Шомурод, Наби Жалолиддин, Абдуқаюм Юлдошев, Қўчқор Норқобиллар яқин йиллар ичида бир нечтадан роман ёзишди. Буларнинг ҳеч бири бошқасидан кам эмас. Лекин адабий нашрларда фақат уларнинг айримлари тўғрисидагина сўз боради. Адабиётдаги умумий нутқларимиздан фахрланишимиз керак. Уни сара намуналарини дунё бўйлаб тарғиб этишдек катта сиёсат юритилаётган бир даврда баъзи адабиётшунос олимларимизнинг тарафкашлик, маҳаллийчилик оқимларидан чиқолмаётганлиги ачинарлидир.

– Бугунги кун ижод оламига орзу ва умидлар билан кириб келаётган ёшлар ҳақида, уларга устозлик қилиш машаққати ва роҳатли томонлари тўғрисидаги фикрларингизни билмоқчи эдик (!)
– Юқорида номлари зикр этилган адибларимиз элликни қоралаб, бир икки одим ошиб ҳам кетишди. Аммо улар етмишни қоралаган Эркин Аъзамдан кейин пайдо бўлган авлод. На услубда, на ҳаётда бир-бирини такрорламайди. Мумтоз адабиёт борасидаги илми ҳақида ҳеч нарса деёлмайман, аммо жаҳон адабиётининг нодир намуналарини ўқиб келишмоқда. Ўзларининг асарлари мустақил равишда хориж тилларига таржима қилдириб, ўзлари ҳам жаҳонга бўй чўзаётганлари бир талай. Бироқ уларнинг ортидан ҳам бир думалаб катта бўлиб қолган бошқа авлод улғайиб келмоқда. Булар анча муросасиз, бир қадар ўжар, ўзбилармон авлод каттароқ қадам ташлаб энг олдинги қаторга ўтиб кетгиси бор. Уларда икки қусур мавжуд. Биринчиси, аксарияти рус тилини билишмайди, русчада нашр этилган мумтоз асарлардан бехабар. Иккинчи, тил ғализлиги билан ҳеч ҳисоблашмайди. Имло хатолар, жумла тузишдаги камчиликларини тан олмайди. Мактаб кўрмаган. Ёзувчи эмиш ўзларича. Бу аҳмоқона гап. Шуларни кўриб биз “етмишвой“лардан, булар эса “элликвой“лардан кўра сабрсизроқмикан, деб қўрқиб қоламан гоҳида.

“Ёшлик” журналида йигирма тўққиз йил, бундан бу ёғи адабий нашрларда ишлаб юриб амин бўлдим, наср шундай ғалати жанрки, у ҳам сабр-тоқатни, ҳам ёнишни талаб этади. Сабр қилган билан ёнмаса, яхши эпик асар яратиши мушкул. Нима бўлганда ҳам, ҳар бир ёзувчиман дегани ёшларга – кичикка малака ўргатиши керак. Албатта, ёзувчиликнинг мактаби йўқ. Мундоқ-бундоқ қилгин, деган билан ўрганилиб қолмайди. Аммо ёш авлодни танқид қилиб туриш, ёзганларини баҳолаб туриш, ёзган бадиий асари юзасидан суҳбатлашиш, дўстона таклиф бериш яхши албатта. Бу ҳам бир олижанобликнинг бир кўриниши. Бу билан устознинг истеъдоди камайиб шогирдники ўсиб кетмайди. Ёшлар келажагимиз. Уларга меҳр-мурувват кўрсатсак, эртага бир кун олдимиздан чиқади.

Шу ўринда бугун орамизда бўлмаган адибларимиз эсга тушади. Одил Ёқубов, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларнинг эътирофига сазовор бўлиш осон эмас эди. Эътироф этилганлари эса кам бўлмасди. Муҳими, улардан меҳр мурувват, маслак, насиҳат олганлар адабиётда, ҳаётда ўз ўринларини топиб олишди. Ҳозирги адабиёт майдонининг аксарияти уларнинг шогирдлари ёки Ҳалима Худойбердиевани олинг, ўнлаб шогирдлари бор. Опа шеърият оламида ўзининг такрорланмас мактабини яратиб кетди. Бу мактабдан юзлаб ёшлар неча ўн йиллар давомида баҳраманд бўлишларига шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Бу чайқалиб, тебраниб, торайиб бораётган омонат дунёда кимнингдир этагидан тутиб “устоз”, дея алқаш ҳам фазилат бўлиб қолди. Ўз навбатида устозлар ҳам шогирдларига меҳрини аямаслиги керак. Ёшларга эса бундан ортиқ далда, бундан ортиқ куч қувват бўлмайди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019