Инсонларнинг саломатлиги муҳимми ёки цемент? “Жиззах цемент заводи” фаолиятидан аҳоли нега норози бўлмоқда?

12:53 07 Сентябр 2018 Жамият
1102 0
Фото: Бахтиёр Акромов/"Халқ сўзи".

Бугун юртимиз қурилишлар майдонига айланган. Мамлакатимизнинг қайси ҳудудига борманг йирик бунёдкорлик ишлари устидан чиқасиз. ушбу эзгу саъй-ҳаракатлардан кўзлаган мақсад битта — у ҳам бўлса халқимиз турмуш фаровонлиги ошириш.

Фото: Бахтиёр Акромов/"Халқ сўзи".

Маълумки, ҳар қандай қурилишни цементсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шундан ҳам кейинги йилларда мазкур муҳим қурилиш маҳсулотини ишлаб чиқариш борасида бир қатор муҳим лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, 2014 йилда Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” очиқ акциядорлик жамияти таркибида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий технологиялар билан жиҳозланган “Жиззах цемент заводи” иш бошлаши билан юртимизда мазкур маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажми сезиларли даражада ортди. Бугунги кунда корхонада бир йилда 350 минг тонна оқ ва 760 минг тонна портланд цемент ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотнинг маълум қисми қисми қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Заводда 400 нафардан зиёд ҳамюртимизнинг бандлиги таъминланган.

Фото: Бахтиёр Акромов/"Халқ сўзи".

Мазкур завод фаолияти ва ишчи-хизматчиларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида корхонага эрталаб соат 8:10да ташриф буюрдик. Аммо бизга раҳбарият йиғилиш ўтказаётгани ва йиғилиш икки-уч соат давом этишини маълум қилишиб, кутиб туришимизни билдиришди.

Фото: Бахтиёр Акромов/"Халқ сўзи".

Тўғриси корхона олдида бир соатдан зиёд кутиб тура олмадик. Сабаби заводдан чиқаётган оҳак ва тупроқ кукуни миқдори шунчалик кўп эдики, кафтингизни очиб турсангиз икки дақиқага бормай бир уюм оҳак гили қўлингизда пайдо бўлади.

Фото: Бахтиёр Акромов/"Халқ сўзи".

Шу боис фурсатни бой бермай завод атрофида яшаётган аҳолининг турмуши билан танишиш мақсадида корхонага яқинида жойлашган Ҳамза қишлоғига бордик ва одамларни фикрлари билан қизиқдик.

Фото: Бахтиёр Акромов/"Халқ сўзи".

— Завод жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб мана шундай шу аҳволга тушиб қолди, олдин бундай эмасди, — дейди Ҳамза қишлоғида яшовчи Ҳамида Нормуродова. — Ҳар куни эрталаб соат 5-6 лардан бошлаб устимизга оҳактош кукуни ёға бошлайди ва бу ҳолат тушдан кейинги соат 16-17 ларда камая бошлайди. Биз бу вақтда уйдан чиқмасликка ҳаракат қиламиз. Барибир чанг ва кукун уй ичига кириб кетади. Болалар билан оғзимиз ва бурнимизни беркитиб оламиз. Қишлоқнинг деярли барча аҳолиси касалликка чалинган. Ишонмасангиз барча уйларга кириб чиқинг. Ҳар куни шу чангда 5-6 километр юриб аравада сув ташиймиз. Уйга олиб келган сувимиз ювинишимизга базўр етади.

Фото: Бахтиёр Акромов/"Халқ сўзи".

— Мен шу корхонада экскаваторчи бўлиб ишлайман, — дейди ўзини таништиришни истамаган яна бир шу қишлоқда яшовчи фуқаро. — Ҳозир иш вақти. Тоғда юк ортишим керак. Афсуски ишлай олмайман. Чанг ва оҳак кукунини қаранг устингиздан челак билан қуйгандек бўляпти. Бу туришда ишлаб бўладими. Шамол ўз йўналишини ўзгартирса шунда иш бошлаймиз. Корхона раҳбариятининг бундан хабари бор. Тозаловчи фильтр куйганига неча ойлар бўлди. Уни тузатиш борасида амалий ҳаракатлар қилинмаяпти. Бундан эса нафақат маҳаллий аҳоли вакиллари, балки атроф-муҳитга ҳам жиддий зарар етмоқда.

Фото: Бахтиёр Акромов/"Халқ сўзи".

Ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида цемент заводига қайтиб келиб, раҳбариятнинг фикрини билишга ҳаракат қилдик. Бироқ, заводга кириш ва рўйхатга олиш бўлими ходимлари раҳбарият бизни қабул қилмаслиги, бу масалага жавоб бера олмаслигини маълум қилишди. “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” очиқ акциядорлик жамияти раҳбарияти рухсат берса, мазкур завод раҳбарияти жавоб беришини билдиришди. Шу боис ушбу масалага ойдинлик кирита олмай орқага қайтишга мажбур бўлдик.

Фото: Бахтиёр Акромов/"Халқ сўзи".

Йўлда чўпонлар, Оқ-том қишлоғи аҳолиси билан суҳбатлашдик. Уларнинг айтишича, кейинги беш ой давомида заводда тозалаш ускуналари ишламаса-да завод ишлаб тургани учун атрофдаги қишлоқлар ва чўпонлар жуда катта зарар кўришмоқда. Хусусан, қўйлар оҳак кукуни ва цемент тушган ўт-ўлан ва янтоқни ейиши натижасида ўтлаб юрган ёки ғўрада ўлиб қолмоқда. Қишлоқларда бадбўй ҳаводан нафас олишнинг имкони бўлмаяпти. Полиз ва бошқа экинлар сўлиб қолмоқда.

Фото: Бахтиёр Акромов/"Халқ сўзи".

Корхона бир кеча-кундузда тўлиқ қувват билан ишлаганда ҳавога 10-12 тонна чиқинди чиқар экан. Бироқ бугунги кунда заводдан бир кунда 200 тоннага яқин чиқинди ҳавога чиқиб кетмоқда. Энг ачинарли жиҳати, бу чиқиндилар деярли тайёр маҳсулот бўлиб, бир қайта ишланса тайёр цементга айланади. Бугунги кунда бир кило цементнинг бозор нархи 850-900 сўмни ташкил этмоқда. Демак, ҳар куни мазкур заводдан 170-180 миллион сўмлик маҳсулот ҳавога учиб кетмоқда. Бу маҳсулотлар учун сарфланган электр энергияси, ишчи кучи, фуқаролар саломатлиги учун ким жавоб беради. Мазкур масалага мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз.
Толибжон ЭРГАШЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар