Самарқандда трамвай линияси биринчи босқич 2-йўналиши фойдаланишга топширилди

16:05 18 Март 2018 Жамият
2699 0
Foto: O`zbekiston temir yo`llari axborot xizmati

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятида бўлди. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи арафасида кўхна заминда бунёд этилган трамвай линияси биринчи босқич 2-йўналишининг фойдаланишга топширилишига рухсат берилди. 

Бундан бир йил муқаддам узунлиги 6,4 километрдан иборат бўлган биринчи босқичнинг илк йўналиши бўйича “Темирйўл вокзали – Саттепа” оралиғидаги линия ишга тушган эди. Наврўз умухалқ байрами арафасида узунлиги 5 километрдан иборат трамвай линияси биринчи босқичининг иккинчи “Темир йўл вокзали – Сиёб бозори” йўналиши фойдаланишга топширилди. Эътиборлиси, янги йўналиш бўйича илк куни ҳаракатланган трамвайларда йўловчиларга бепул хизмат кўрсатилди. Янги магистрал 18 та бекатдан иборат бўлиб, кун давомида 8 та трамвай аниқ жадвал асосида ҳаракатланади. Қатнов оралиғи эса 7 дақиқани ташкил этади. Мазкур йўналишдаги трамвай бекатларининг аксарияти “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан замонавий кўринишда барпо этилган.  

Трамвайларга узлуксиз электр энергияси етказиб бериш мақсадида лойиҳа доирасида 6 та махсус электр тортиш станциялари ҳам қурилди. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун йўналиш бўйлаб лозим бўлган йўл белгилари ва светофорлар талаб доирасида ўрнатилган. Рудакий ҳамда Гагарин кўчалари кесишмасида трамвайларга техник хизмат кўрсатиш депоси ҳам бунёд этилди. Ҳозирда бу ерда 21 та трамвай бўлиб, кейинчалик яна 42 та замонавий трамвай олиб келиш режалаштирилган. Бугунга келиб депода 50 дан ортиқ иш ўринлари яратилди. 

Самарқанд шаҳрида умумий узунлиги 34,8 километр трамвай йўллари қурилиши режалаштирилган бўлиб, шу кунгача 11, 4 километри  барпо этилди. Эндиликда темирйўлчилар лойиҳанинг иккинчи босқич дастлабки йўналиши Нарпай кўчасидан Кимёгарлар шаҳарчасигача бўлган 8.6 километрлик йўлни барпо этиш устида иш олиб боришмоқда. Шунингдек, айни кунда Рудакий кўчасида бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда давом этяпти.      

Наврўз умумхалқ байрами арафасида бундай лойиҳанинг фойдаланишга топширилиши нафақат самарқандликларга балки, ушбу кўхна заминга ташриф буюраётган мехмонларга ҳам қулайликлар яратади. 
 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?