Сайлов яқин, тайёргарлик ишлари эса суст. Нега?

11:15 09 Апрель 2019 Жамият
679 0

Пойтахтимизда фуқаролар йиғинлари раислари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Олий Мажлис Сенати Раиси, Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил қилиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси раиси Н. Йўлдошев олиб борди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари оқсоқоллар лавозимларига тавсия этилаётган номзодларни саралаб олишга кўмаклашувчи минтақавий республика ишчи гуруҳлари фаолиятини самарали йўлга қўйиш тўғрисида ахборотни тақдим этди.

Бундан ташқари, йиғилишда жорий йил май ойида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси ижроси масалалари муҳокама этилди.

Масъуллар томонидан оқсоқоллар сайловини очиқ-ошкора, шаффоф ва адолатли ўтказиш бўйича ҳукумат даражасида аниқ вазифалар белгилаб олинди. 7 та минтақавий ишчи гуруҳи тузилгани, сайловни ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссиясининг аъзолари ҳудудларга амалий ёрдам кўрсатиш учун бириктирилгани қайд этилди.

Шу билан бирга, сайловни ташкил қилиш ва ўтказишга кўмаклашувчи 214 та ҳудудий комиссия, ишчи гуруҳлар бугунги кунда сайловни юксак даражада ўтказиш учун муайян ишларни амалга ошириб келмоқда.

Шу кунга қадар маҳаллаларда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳиятини кенг оммага тушунтиришга қаратилган 26 мингдан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Республика комиссияси ташаббуси билан мамлакат бўйича 11 минг нафардан зиёд сайлов ташкилотчилари учун минтақавий семинар-тренинглар уюштирилди. Маҳаллалар кесимида сайлов ҳуқуқига эга бўлган 20 миллион 812 минг нафардан зиёд фуқаролар рўйхати шакллантирилди.

Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарлик кўриш жараёнини тизимли равишда ёритиб бормоқда. Теле ва радиоканалларда, босма ҳамда интернет нашрларида мавзуга оид 2 мингдан зиёд материаллар эълон қилинди.

Тегишли тадбирлар амалга оширилганига қарамасдан, айрим мутасаддиларнинг сусткашлиги, масъулиятсизлиги сабабли мамлакатимиз фуқаролари учун муҳим ҳисобланган тадбирга тайёргарлик кўришда камчиликлар мавжудлиги йиғилишда қайд этилди.

Хусусан, деярли барча ҳудудда сайлов бевосита ўтказиладиган манзил ва объектлар рўйхатини шакллантириш ишлари сусткашлик билан олиб борилмоқда. Сайловни ташкил қилиш ҳамда ўтказишга масъул бўлган вилоят ва туман, шаҳар даражасидаги комиссияларнинг эътиборсизлиги оқибатида аксарият ишчи гуруҳлар раҳбарлигига сайлов қонунчилигидан, бу тадбирнинг моҳиятидан деярли бехабар шахслар тайинлангани айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, баъзи вилоят ва туман, шаҳарларда шу пайтга қадар тегишли комиссияларнинг масъул котиблари тайинланмаган. Бу масалага Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳамда Тўрақўрғон, Косонсой, Амударё, Кегейли, Беруний, Нуробод, Ургут, Пахтачи туманлари ва Самарқанд шаҳрида етарли эътибор қаратилмаяпти.

Айрим ҳудудий комиссиялар ушбу йўналишдаги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳоли кенг қатламларига етказишда масъулиятсизликка йўл қўйган. Бундай ҳолатлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Сурхондарё вилоятларида кузатилмоқда.

Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёни танқидий таҳлил қилинган тадбирда ҳар бир комиссия аъзосига жойларда аниқланган муаммоларни бартараф этиш учун зудлик билан зарур чоралар кўриш ҳамда амалга оширилган ишлар натижалари ҳақида республика комиссиясини жорий йил 15 апрелга қадар хабардор қилиш топшириғи берилди.

Йиғилишда аҳолини сайлов жараёни, унга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ тадбирлардан хабардор қилишда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш ишларини янада фаоллаштириш мақсадида бошқа аниқ вазифалар ҳам белгиланди.

Мунисхон КАРИМОВА (“Халқ сўзи”).


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019