Ижодкор аёл Covid-19га қарши курашга бағишлаб кашта тикди

14:57 21 Июнь 2020 Маданият
1920 0

Самарқандлик ижодкор аёл уч ой давомида игна билан яратган асари- халқ амалий санъати намунаси бўлган каштасини «Ғалаба муборак бўлсин!» деб номлади.

Бунда албатта, рамзий маънолар кўп. Биринчидан, ижодкор карантин даврида ўзининг амалий санъатда нимага қодир эканлигини билди. Мақсадини юзага чиқариш йўлида тинмай тер тўкди. Сабр-тоқатини синади. Майда-чуйда ташвишлар, икир-чикирлардан устун турди. Иккинчидан, халқимиз бошига тушган пандемия, турли табиий офатлар синовидан ўтиш жараёнидаги талабларга тўлиқ риоя этди. Ҳис-туйғулари, юрак даъватига қулоқ тутиб, қаламини чеварлик игнасига алмаштирди. Натижада кўнгилга таскин ва завқ-шавқ берувчи шодликка эришди.

Муҳими, ижодкор сифатида халқ ва жамият учун бефарқ эмаслиги, давр шамоллари унинг юрагида ҳам эсаётганини ҳис этиб, атроф-муҳит воқеаларига дахлдорлик бурчи билан яшади. Оила аъзоларини ўз атрофига жипслаштирди, меҳнат орқали фарзандлари, маҳалла куйга ибрат намунасини кўрсатди. Карантиндан толиққан одамлар кўрса кўзи қувонадиган, таҳликали даврлардан эсдалик бўлиб қоладиган, ҳаётий солнома яратилди.

Шунинг ўзи инсон учун улкан ғалаба эмасми?


Самарқандлик ижодкор, ўзига хос шеър ва достонлари ,«Дарвеш аёл», «Жаннат қуши» каби романлари, «Менинг Тож-маҳалим» бадиий публицистик асари билан сизга яхши таниш бўлган Ойгул Маматова халқаро «Олтин мерос» жамғармасининг Оқдарё туман бўлими раҳбари. Унинг ўтган уч ой давомида тикан каштасини ўзига хос санъат асари дейиш мумкин. Меҳр ва муҳаббат, ҳамжиҳатлик, сабр-тоқат ва қадимий анъаналаримиз рамзи бўлган-кашта катта композицион ғоявий ечимга эга.

Каштанинг ҳошияларида 2020 йилнинг 2-3 ойи давомида юртимизда кузатилган коронавирус пандемияси ва табиий офатларга қарши халқимиз олиб бораётган ҳамжиҳатлик курашлари жараёни, бугуннинг қаҳрамонлари, Президентимизнинг «Халқимизнинг олижаноб фазилатлари бугун янада кучлироқ жўш урмоқда» - деган даъватлари матода ипак билан акс эттирилган.

Игна билан яратилган асарда тинчлик ва ҳамжиҳатлик, турли офатларга қарши курашда халқимиз аҳиллиги ёрқин рангларда тикилган қуёшгуллар рамзида кўрсатилган. Улар ичига пойтахт Тошкент, Қорақалпоғистон Республикаси барча вилоятларнинг номи ёзиб қўйилган.

Халқимиз бошига тушган офатларни бартараф этишда давлат раҳбарининг матонати, инсон омили, айниқса, элимизнинг оғир дамлардаги ўзаро меҳр-саховати, сабр-матонати, ҳомийлик хислатлари муҳим ўрин тутаётганлигига ҳам алоҳида урғу берилган. Каштанинг марказида «Қалбан биргамиз» ёзувини тутиб турган келажак учун қайғурувчи мунис она ҳамда «Уйда қолинг!» битигини кўрсатаётган бугуннинг асл қаҳрамонлари бўлган шифокор образи акс эттирилган.

Оддий бўлса-да, катта мақсад ва эзгу ниятлар ўз ифодасини топган мато ижодкор қўли, кўз нури ила ажиб бир санъат намунасига айланган. Каштани яратишдан бош мақсад коронавирус деган кўринмас бало устидан халқимиз эришадиган ғалаба завқини тезроқ туйиш, шу дамларни тантана қилишдир.

Ҳикоя қилаверсак, бу кашта ҳам бир ҳикоядан кам эмас экан. Яхшиси, уни ўзингиз кўриб, завқланиб бирор хулосага келарсиз. Нима бўлганда ҳам инсонни эзгу мақсадлари, меҳнати, эътиқоди юксакка кўтаради. Бугунги коронавирусли кунлар — карантин даврида ҳам халқимиз ҳар доимгидек, ҳамжиҳатлик, сабр-матонат билан кўринмас ёвга қарши мардона курашиб, юксак мақсадлар сари интилиб яшаяпти.

Ижодкорлар ҳам бундай эзгу амаллардан четда турган эмас. Улар умр дамлари, ҳаётнинг қувонч ва ташвишлари, бугуннинг қаҳрамонлари сиймосини фақат шеър, ҳикоя ва қизиқарли қиссаларидагина эмас, сиз азизларга олам-олам завқ бағишловчи барча санъат намуналари орқали ифода этишга, сиз билан ҳамнафас яшашга интилишяпти.

Оқдарёнинг чекка бир қишлоғида тикилган кашта-асар юксак эътирофга молик бўлмаса-да, карантин «қамали»дан чиқишга бел боғлаган юртдошларимизга яхши кайфият ва тетик руҳият бахш этиши, бугунги кунлардан хотира бўлиб қолишига ишонамиз.

Тошпўлат Тугалов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд
вилоят бўлими раҳбари, шоир

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?