Қашқадарёнинг тўртта тумани селдан жиддий зарар кўрди

13:05 16 Май 2018 Жамият
2870 0

Олдин хабар берганимиздек, Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида юз берган сел тошқинлари бир неча аҳоли пунктлари, йўл ва кўприкларга жиддий зиён етказди

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасидан хабар беришларича 13-14-15 май кунлари ёққан узлуксиз ёмғир (жала) оқибатида вилоятнинг Китоб, Чироқчи, Яккабоғ ва Деҳқонобод туманларида бир неча бор сел тошқинлари кузатилган. 

Жумладан, 15 май куни соат 19:40ларда Китоб туманида ёққан кучли ёмғир натижасида тумандаги “Макридсой”, “Чиллисувсой”, “Қарлисой” сойлари ҳудудидаги қир-адирлардан йиғилган сув сел оқимини вужудга келтириб, “Санглаксой” сойига қуйилган. Натижада сойга сиғмаган сув Китоб-Макрид автомобиль йўлига чиқиб, Макрид қишлоғи чорраҳасигача тошиб борган. 
“Жиллисув” қишлоғида 5 та хонадон аҳолисини сел сувларидан ҳимоялаш учун вақтинча хавфсиз хонадонларга кўчирилган. Шунингдек, ушбу қишлоқдаги 15 та хонадоннинг молхона, ҳовли деворлари, ёрдамчи бинолари, аҳоли томорқалари ва экин майдонларига талафот етган. 

Ушбу ёғингарчиликлар натижасида Деҳқонобод туманидан ўтувчи М-39 автомобил йўлининг 1275 ва 1298 км.ларига кўп миқдорда сел сувлари йиғилиши автомобиль йўлининг 5 км қисмини ювиб кетишига сабаб бўлган. Натижада транспорт воситалари ҳаракати чекланиб, бир томонлама йўлга қўйилган. Тумандаги “Катта ва кичик Ўра” сойидан кўп миқдордаги ёмғир сувлари келиши оқибатида ушбу йўналишдаги жами 10та кўприкдан 7тасига турли даражада зиён етган. Сел сувлари аҳоли яшаш ҳудудидаги 11 та хонадонга турли даражадаги талафот етган. Фуқароларнинг 10 дан ортиқ йирик ва майда шохли чорва молларини оқизиб кетган.

Шунингдек, Яккабоғ туманидаги “Ишкент” ва “Гулдара” қишлоқларидаги 4 та темирбетон сув ўтказувчи кичик кўприклар сел сув оқими натижасида қисман ювилиб кетган. Аҳоли ўртасида қурбонлар ва жабрланганлар аниқланмаган. Туман ҳокимлиги, ИИБ ва Йўл қурилиш корхоналари ходимлари томонидан табиий офат оқибатларини бартараф қилиш чоралари кўрилмоқда.   

15 май куни содир бўлган кучли ёғингарчилик натижасида Чироқчи туманининг “Наврўз”, “Ғалаба”, “Пахтакор”, “Ўзбекистон”, “Уйшин” ва “Бешчашма” МФЙ ҳудудларидаги 50га яқин аҳоли хонадонларининг ҳовли ва томорқаларига сел сувлари кириб келди. Ушбу сел сувлари Самарқанд вилояти ҳудудидан ўтувчи Эскианҳор канали билан кесишадиган Жомсой сойи орқали йиғилган 75 м3/сек миқдордаги ёмғир суви ҳамда Китоб тумани ҳудудидаги ёмғир сувларининг Эскианҳор каналининг эски ўзанига келиб тушиши оқибатида пайдо бўлган.

Вилоят фавқулотда вазиятлар бошқармаси билан бирга ички ишлар ходимлари, сув хўжаликлари ва тегишли ташкилотлар ҳамда қишлоқлар аҳолиси томонидан махсус техника воситалари жалб этилган ҳолда барча кучлар табиий офат оқибатларини бартараф этишга қаратилмоқда. Шунингдек, тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда Китоб, Чироқчи, Деҳқонобод ва Яккабоғ туманларида сел тошқинлари келтирган зарар миқдори аниқланмоқда.
Аҳад Муҳаммадиев. 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар