Президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит яратмоқда

11:11 25 Апрель 2018 Сиёсат
544 0
Фото: president.uz

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи ва бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар хорижий оммавий
ахборот воситалари томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.

Мамлакатларимиз улкан табиий ресурсларга эгалигини ҳисобга олган ҳолда, Буюк Британиянинг нуфузли “Reuters” ахборот агентлиги ўқувчилари эътиборини Ўзбекистоннинг Туркманистон — Афғонистон — Покистон — Ҳиндистон газ қувури қурилиши лойиҳасида қатнашиш ҳақидаги қарорига қаратади.

“Ўзбекистонлик мутахассислар Туркманистонга бориб, ушбу газ қувурини қуришда Ўзбекистоннинг иштироки масалаларини муҳокама қилишлари кутилмоқда”, дейилади “Reuters” тарқатган мақолада.

Ҳиндистоннинг марказий газетаси “The Hindustan Times” ўз материалида газ қувурини қуриш бўйича лойиҳа қиймати 8 — 10 миллиард долларга баҳоланаётганини билдирди. Мазкур коридор бўйича йилига 33 миллиард кубометргача “зангори олов” Туркманистондан Афғонистон ва Покистон орқали Ҳиндистонга экспорт қилиниши мумкин.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон турли мамлакатларга табиий газ экспорт қилаётгани ҳамда газ қувурларини қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича катта тажрибага эгалиги ҳам таъкидланди.
АҚШнинг “Diplomat” журнали Президент Шавкат Мирзиёев ташқи сиёсатида яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганини эътироф этди. Ўзбек дипломатияси томонидан амалга оширилган фаол чора-тадбирлар натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит яратилиб, давлатлар ўртасидаги ўзаро дўстлик ҳамда ишонч ришталари мустаҳкамланаётганлигига аҳамият қаратилди.

“Сўнгги йилларда Ўзбекистон — Туркманистон алоқалари ривожига салмоқли туртки берилди. 2017 йилнинг биринчи чорагида мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 55 фоиз ўсди. Томонлар эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмасдан, савдо-иқтисодий алоқаларни жадаллаштириш ва ўзаро сармоялар ҳажмини ошириш йўлларини муҳокама қилмоқдалар”, дея ёзилади нашрда.

“Президентлар стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, турли жабҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқдилар. Минтақавий ҳамда халқаро муаммолар бўйича ҳам фикр алмашилди”, дейилади Россиянинг “Мир 24” телеканали орқали кўрсатилган махсус репортажда. Ўз навбатида, “Eurasia Daily” таҳлилий портали экспертларининг фикрича, Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедовнинг учрашуви бутун дунёга ўзбек — туркман ҳамжиҳатлиги ҳамда дўстлигини намойиш қилиш учун қулай имконият яратди.

Хитойнинг “Синьхуа” янгиликлар агентлиги Тошкентда “Ашхобод сайилгоҳи” очилиши тўғрисида репортаж тарқатди. “Унинг очилиш маросимида икки давлат раҳбарлари қатнашдилар. Президентлар боғда яратилган шароитлар билан танишдилар ва яхши қўшничилик алоқаларининг рамзи сифатида кўчат ўтқаздилар”, деб хабар беради хитойлик журналистлар.

Озарбайжоннинг “Trend” ахборот агентлиги музокаралар якуни бўйича томонлар 17 та ҳужжат имзолаганини маълум қилди. Шунингдек, икки давлат ташқи ишлар маҳкамалари 2019 йилга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзолаганини ҳам қайд этди.

Анвар МИРЗАЕВ
(«Халқ сўзи») тайёрлади.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар