Пандемия даврида ўзбекистонликларни Россияга ишга юбориш жараёни соддалаштирилмоқда

15:11 11 Ноябрь 2020 Жамият
5429 0

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси М.Хайриддинов, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов ва Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги элчиси В.Тюрденев иштирокчида учрашув ташкил этилди.

Учрашувда коронавирус пандемияси пайтида Ўзбекистон фуқароларини Россияда ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш масаласи, Ўзбекистон ва Россия Федерациясининг ваколатли органлари томонидан ишлаб чиқилаётган миграция соҳасидаги шартномалар лойиҳаларининг бугунги кундаги ҳолати муҳокама қилинди.

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, карантин чекловлари сабабли чет элга ишлаш учун кетолмаган фуқароларни Россия Федерациясидаги йирик қурилиш объектлари, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ишга жалб қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Учрашувда икки мамлакат миграция соҳасида яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги билдирилди.

Шунингдек, Ўзбекистон томони фуқароларни Россияга ишга жойлаштириш масаласида Россия ҳукуматидан рухсат олиш бўйича бир нечта таклифлар берди. Берилган таклифларни Россия томони муҳокама қилиб, натижаси бўйича маълум қилинишини таъкидлади.

Музокаралар якунида томонлар пандемия даврида Ўзбекистон фуқароларини ташкиллаштирилган ҳолда Россияда ишга жалб қилиш, хусусан, мамлакат ҳудудига киришга ва ишлаш учун рухсат олиш, меҳнат мигрантларини ташкиллаштирилган ҳолда жўнатиш, карантинда бўлиш каби жараёнларни соддалаштириш юзасидан қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Айни пайтда учрашувда билдирилган барча фикрлар бўйича Россия томонидан таклифлар олиниши кутилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?