Ўзбекистоннинг урбанистик келажаги. Бунда қайси мезонларга таянилади?

Иллюстратив фото
«Тарихий анъаналар ва илғор тажриба Ўзбекистон аҳолисига ҳам, оилавий ва ижтимоий қадриятлардан воз кечмаган ҳолда, секин-аста замонавий шаҳар ҳаётига ўтиш имконини беради. Ўшанда Ўзбекистоннинг шаҳар марказлари ҳам бошқа, яъни тез суръатлар билан ривожланиш натижасида муайян муаммоларга дуч келган мамлакатлар учун намуна бўла олади», деб ҳисоблашади Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси, профессор Фредерик СТАРР ҳамда «Cалатрава Граcэ» корпорацияси бош ижрочи директори Майкл СЕЛЛМАН.
Шу йилнинг 10 январида Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонга имзо чекди. Қуйида мазкур ҳужжатдан келиб чиқиб, АҚШлик таниқли экспертлар мамлакатимиз шаҳарлари 20 — 30 йилдан кейин қандай қиёфага кириши ҳамда урбанизация жараёнига хос бўлган салбий оқибатлар, масалан, чекка жойларда харобалар пайдо бўлиши ва жиноятчилик, коррупциянинг ортиши каби ҳолатларни Ўзбекистон қандай четлаб ўтиши мумкинлиги тўғрисида фикр юритишади. Эътиборлиси, мазкур таҳлилий мақола илк бор «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинмоқда.
Ўзбекистонда урбанизацияга интилиш қатор омилларга боғлиқ
Масалан, туғилиш кўрсаткичининг юқорилиги қишлоқ жойларда аҳоли кўпайиб кетишига олиб келади. Тўғри, 2017 йилда дунёга келган болалар сони ундан аввалги йилдагига нисбатан 10 700 нафар кам ва шу даврда туғилиш кўрсаткичи ҳар минг нафарга 22,8 дан 22,1 гача пасайган. Шунга қарамай, тадқиқот ўтказилган 226 та мамлакат орасида Ўзбекистон 71-ўринни эгаллаб турибди. Йирик аҳоли пунктларининг аксариятида даромад юқори ва бу ҳолат ҳам қишлоқ жойларда яшовчиларни оҳанрабодек ўзига тортиб келади.
Омиллардан яна бири — таълим олиш ва мансаб пиллапояларидан кўтарилиш имкониятини кўпчилик, айниқса, ёшлар, асосан, Тошкентда ҳамда бошқа йирик шаҳарларда кўришади. Шунингдек, транспорт тармоғи ривожланганлиги пойтахтга интилишни орттиради.
Марказга тортиш кучи Ўзбекистон ўз олдига ўрта даражадаги даромадли мамлакатлар сафига киришни мақсад қилиб қўйган. Унга эришиш учун Президент Шавкат Мирзиёев фақат сўнгги йилнинг ўзида кўплаб дастурларни таъсис этдики, ўндан ортиқ эркин иқтисодий зоналар ва элликка яқин саноат зоналарини яратиш, экспортни рағбатлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорлик олдидаги тўсиқларни бартараф этиш шулар жумласидан. Бир вақтнинг ўзида қишлоқ туманларида уй-жойлар қуриш давом этмоқда. Ўрта даражадаги даромадли мамлакат мақомига эришиш бўйича бундай янги ташаббуслар урбанизация жараёнини мустаҳкамлайди.
Хўш, «ўрта даражадаги даромадли мамлакат» тушунчаси нимани англатади? Жаҳон банки талқинига кўра, бу — аҳоли жон бошига 1 006 доллардан 12 235 долларгача тўғри келадиган ялпи миллий даромад (ЯМД)га эга давлат. Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳар бир кишига 1 500 доллардан, ялпи миллий даромади (ЯМД) эса 7 130 доллардан тўғри келади. Жаҳон банки яна «паст даражадаги даромадли мамлакат» ва «ўртадан юқори даражадаги даромадли мамлакат» тушунчаларини алоҳида ажратади. Улар орасидаги фарқ аҳоли жон бошига 3 995 долларни ташкил этади. Яъни 109 та ўртача даромадли мамлакатдан 56 таси — ўртадан юқори даражадаги даромадли мамлакат, қолганлари — ўрта даражадаги даромадли мамлакат.
БМТнинг урбанизация истиқболлари ҳақидаги маърузасида қайд этилишича, ўрта даражадаги даромадли мамлакатлар 2020 йилга бориб 53,7 фоизга урбанизациялашади ва 2030 йилда урбанизация кўрсаткичи 59 фоизга, 2050 йилда эса — 68,3 фоизга тенг бўлади. Ўртадан юқори даражадаги даромадли мамлакатлар учун башорат кўрсаткичлари баландроқ. 2020 йилга бориб уларда урбанизация 68,2 фоизни, 2030 йилда 75 фоизни, 2050 йилда эса 82,6 фоизни ташкил этади.
Агар Ўзбекистон 2030 йилга бориб, ўрта даражадаги даромадли мамлакатларда кузатиладиган урбанизация даражасига эришса, унда шаҳар аҳолисининг сони 34,44 миллион кишидан иборат бўлади ёки ҳозиргига нисбатан 17,67 миллион ортиқ кишини ташкил этади. Бу дегани — шаҳарда яшовчилар йилига ўрта ҳисобда 1,47 миллион нафарга ёки 283 173 уй хўжалигига кўпаяди. Агар 2030 йилда ўртадан юқори даражадаги даромадли мамлакатларнинг урбанизация даражасига эришсачи? Унда шаҳар аҳолиси 36,06 миллион кишига етади ёки ҳозиргидан 19,29 миллион нафарга кўп бўлади.
Дейлик, янги шаҳар аҳолисининг ярми Тошкентда яшайди. У ҳолда 2030 йилга бориб, Ўзбекистон пойтахти аҳолиси 12,125 миллион нафарга етади, бу эса ҳозиргидан деярли беш баравар кўп. Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида аҳоли сони 27,15 миллионга ортади. Мабодо, келгусида ўсиш суръати ўртадан юқори даражадаги даромадли мамлакатларники сингари бўлса, кутилаётган рақамлар янада катталашади.
Ўзбекистон ана шу тоифага кирувчи мамлакатлардаги схема асосида ривожланса, яқин ўн йилликлар ичида у мислсиз юқори урбанизацияга эришади. Бу эса ҳозирнинг ўзидаёқ йилига миллионлаб янги шаҳар уйлари қуриш заруратини кўрсатиб турибди.
Лекин буларнинг барчаси прогноз, холос. Реал ҳаётда кўплаб муқобил ечимлар топилиши ҳам мумкин. Мисол учун, мамлакат раҳбарияти иккиламчи шаҳар марказларини ривожлантиришда уларни тенглаштириш сиёсатини танлаши мумкин. Тошкент ёки унга яқин жойлашган иккинчи даражали катта шаҳарлар атрофида йўлдош-шаҳарчалар бунёд этиш эҳтимоли ҳам шу билан боғлиқдир.
Миллийликми ёки «глобал яккаҳокимлик»?
Ўзбекистонда фуқаролар эҳтиёжини таъминлаш учун қайси турдаги уй-жойларни қурган маъқул? Улар қай даражада миллий ўзликни ва аҳоли менталитетини намоён этиши керак?
Кўплаб хорижликлар Ўзбекистондаги анъанавий ҳовлиларда ҳукм сурадиган меҳмондўстлик ва илиқ муҳитдан ҳайратланишади. Тўғрида, оиланинг бир неча авлоди бирга, битта уйда яшайди, шунга қарамай, ҳар бир авлод вакилининг ўзига яраша мустақиллиги ҳам бор. Маҳалла бўлса қўшнилар орасидаги аҳил муносабатни шакллантиради. Ҳар бир ҳовлида, албатта, мевали дарахтлар ва ишком борлиги аҳолининг табиатга ошнолигидан дарак бериб туради.
Хўп, шундай экан, Ўзбекистондаги бу анъаналардан ўтмиш сарқити сифатида воз кечиш керакми? Ахир, бугунги замонавий дунёда шаҳар ҳаёти ва шаҳарсозлик пухта режалаштирилган, у француз социологи Клод Леви-Стросс берган таъриф — «глобал яккаҳокимлик» асосида халқаро андозаларга яқинлашмоқда. Ё бўлмаса, ўзбекларнинг турмуш тарзини бебаҳо қадрият сифатида қабул қилиб, уни фақат замон талабига мос ҳолда ўзгартирса бўлдими? Бу масала ниҳоятда долзарб, айниқса, йирик мегаполисларда. Негаки, бюджет ҳар бир квадрат метр ерни аниқ ҳисобга олишни талаб қилади, тайёр блоклар ёрдамида тез қуриладиган кўп қаватли уйлар эса масаланинг осон ечимидек, гўё.
Дунёдаги «энг пухта режалаштирилган» шаҳарлар ҳам меъморларнинг чиройли ғояларига ҳамиша мос келавермаган. Бразилиа, Санкт-Петербург, Ню-Деҳли, Вашингтон, Исломобод, Пекин — бу айрим мисоллар, холос. У ерларда ҳам аҳолининг чуқур тарихий илдизга эга ижтимоий анъаналари секин-аста савдо эҳтиёжлари ёки муайян ҳудуддан кутилмаган тарзда фойдаланиш зарурати пайдо бўлиши туфайли ўзгарган. Шаҳарлар табиий равишда, изчил ривожланган, режа тузувчилар эса давр билан ҳамнафас бўлиш учун ўз лойиҳаларини ўзгартиришга мажбур бўлганлар. Ўзбекистон учун шаҳарларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш ва лойиҳалаштиришда халқнинг уй қуриш анъаналари, ўзига хос урф-одатлари ҳисобга олиниши муҳим.
Хўш, лойиҳачи ва меъморлар тарихий, маданий меросни қай даражада ҳисобга олишлари керак? Бу — халқаро конструкцияларга соф ўзбекона, бетакрор нақшларни шунчаки «ёпиштириб қўйиш», дегани эмас. Маданий ва ижтимоий анъаналарга шундай кўз билан қараш лозимки, янгича намунадаги уйлар қадимий қадриятларни инкор этмаган ҳолда, уларга асослансин. Ўзбекистонлик ва халқаро даражадаги меъморлар лойиҳани амалга оширишга киришишдан аввал кенг жамоатчилик фикрини ўргансинлар. Мамлакатда ҳокимиятнинг барча бўғинида халқ билан мулоқот тамойили илгари сурилаётгани ҳам бежиз эмас, ахир.
Энергия тежамкорлиги, мақбул нарх, қулайликлар
Кейинги йилларда Ўзбекистонда қурилиш соҳасидаги лойиҳаларга жуда катта сармоя киритилмоқда. Бунёдкорлик кўламини кенгайтириш учун рағбат ҳам мавжуд. Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида 34 мингта кўп қаватли уйнинг аҳволини ўрганиш ва уларни реконструкция қилиш учун аниқ чора-тадбирлар кўриш вазифасини қўйди. Реновация дастури ишлаб чиқиляпти. Янги уйларни қуриш ва эскиларини реконструкция қилишда асосий шартлар энергия тежамкорлик, мақбул нарх, қулайликлардан иборат. Аҳоли бандлигини таъминлаш ҳам муҳим жиҳатлардан биридир. Ҳукуматнинг прогнозига кўра, уй-жой қурилишини кенгайтириш ҳисобига ҳар йили 100 мингдан зиёд иш ўринлари яратилади.
Ўзбекистон архитектура ва қурилиш соҳасига тегишли ана шундай муаммоларга дуч келаётган биринчи давлат эмас. Ривожланаётган мамлакатларнинг аксарияти ўзларида мавжуд ҳолат ва маданий қадриятларни, аҳолининг урбанизациялашувини ўрганиш учун социолог, тарихчи, психолог, иқтисодчи олимлар ва мутахассисларни жалб қилиш ўрнига, бошқа давлатларда ишлаб чиқилган моделларни механик равишда кўчириб олиб, умумий қарорлар қабул қилган.
Ўзбекистонда эса янги, инновацион йўналишларни танлаш имконияти бор. Бунинг учун бошқа мамлакатларнинг урбанизация жараёни ва уй-жой қуриш соҳасидаги ютуқ ҳамда камчиликларини пухта ўрганиш лозим бўлади. Шундагина чинакам «ўзбекона руҳ»да бунёд этилган янги шаҳар ва туманлар, микрораёнлар пайдо бўлади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотчилар командаси олдидаги вазифа — урбанистик келажак учун энг мақбул ечимларни топиш мақсадида ҳам мамлакат ичкарисига, ҳам ташқарига синчков назар солиш.
Қурилиш соҳасидаги илғор технологиялар, уларни қўллаш билан боғлиқ жараённи чуқур ўрганиш ҳам муҳим омиллардан бири саналади. Ўзбекистонда уй-жой қуриш одатдаги усулларга асосланади. Баланд бинолар ёғочдан синч қўйиб, ғишт девор териш ёки бетон блокларни ўрнатиш йўли билан барпо этилади. Агар бунда мураккаб бетон қоришмалар ишлатилса, бинолар янада пишиқ ва хавфсиз бўлади. Нарх муаммосини ҳал этиш учун эса, бетон асосида тайёрланган модул конструкциялардан фойдаланиш мумкин. Ҳозирги вақтда ишлаб чиқарилаётган бетоннинг универсаллиги бир қарашда билинмасада, ҳайрон қолдиради. Масалан, конструктив мақсадда ишлатилиши билан бир пайтда тайёр текис юзани ҳосил қила олади, уни эса керамик плитага ўхшаган пардозлаш материаллари билан осонгина безаш мумкин. Бундан ташқари, иссиқ бетон қоришмасини ҳар мавсумда, ҳарорат даражаси турлича бўлганда ҳам ишлатиш имкони бор.
Қурилишнинг модул усули
Хўш, у қандай афзалликларга эга? У хавфсизлик масалаларини ҳал этади. Модул конструкциялар энг қатъий қурилиш меъёрлари ва қоидаларига баъзан тўла мос келади, баъзан эса ҳатто улардан ўзиб ҳам кетади. Бундан ташқари, модулни йиғиш завод шароитида, сифат ва самарадорлик назорати остида амалга оширилади (ёш болалар яхши кўрадиган ўйинчоқ — «Лего» конструкторини тасаввур қилинг-а!) Модул конструксиянинг ҳар бир детали темир йўл ёки автотранспортда олдиндан аниқлаб қўйилган қурилиш майдончасига етказилади. Улар бири бирининг устига «терилади». Айрим ҳолларда шу йўл билан баландлиги 40 қаватгача бўлган бинолар барпо этилади. Мазкур жараёнда «деталлар кутубхонаси» юзага келади. Натижада эса тўла мувофиқлашган тизимга гувоҳ бўламиз.
Тайёр блоклар бир-бири билан турлича комбинацияда бирлаштирилиши мумкин. Уй эгалари ўз хоҳишига кўра, мавжуд конструкцияга янги бўлаклар қўшиш йўли билан хоналарни кенгайтира оладилар. Модул конструкция тижоратчилар учун ҳам қулай. Масалан, намунавий витриналар савдо майдонининг ҳажми, ишлатилиш мақсади, қисқаси, заруратга қараб осонгина ўзгартирилади. Модул усули бугунги кунда урбанизация жараёни жадал давом этаётган Ўзбекистонда кенг фойдаланилиши мумкин.
Қўшимча афзалликлари шундан иборатки, ишлаб чиқариш жараёнида чиқиндилар кам бўлади, қурилиш майдонида халақит берувчи омиллар ҳам деярли йўқ, шунингдек, биноларни зичроқ жойлаштириш мумкин. Хом ашё қайта ишланади, жиҳозлар ҳимоя остида бўлади. Демак, ҳамма нарса қатъий кузатув чегарасида. Ҳаво бузилмайди, аксинча, сифати яхшиланади. Негаки, йиғиш жараёнида қуруқ материаллар ишлатилади. Қурилиш давомида намлик кам сарфланади, натижада эса ифлосланиш ҳам камайиб, тупроқ эрозиясини, сув йўлларини ва ҳаводаги чанг миқдорини назорат қилиш имконияти вужудга келади. Назорат яхши йўлга қўйилса, бахтсиз ҳодисалар хавфи ҳам камаяди.
Моделларнинг стандартларга мослиги «Плуг-анд-плай» («Ишлатгинда, ўйна») қурилмаларидан, шунингдек, мебель, сантехника ва электр жиҳозларидан фойдаланишга имкон беради. Чунки уларни архитектура композициясига киритиш осон. Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг охирида Ўзбекистондаги мавжуд қурилиш тузилмаларини қайта кўриб чиқиш ташаббусини билдирганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу жуда муҳим.
Тез суръат — модул конструкциялар усулининг яна бир афзаллигидир. Ўзбекистон ўз олдига қўйган улкан мақсадга эришиш учун қурилиш жараёнини жадаллаштириш масаласини кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ. Модул биноларни барпо этиш ва қурилиш майдончасидаги ишлар бир вақтнинг ўзида давом этади, яъни анъанавий усулларга қараганда иш икки баравар тез битади. Об-ҳаво ҳам халақит бермайди, чунки қурилиш ишларининг асосий қисми завод ичида бажарилади.
Масаланинг муҳим жиҳати, янгича шаҳарсозликнинг эстетик ва ижтимоий қимматини ошириш билан ҳам боғлиқ. Агар модул жараёнлар бош режага асосланмас экан, унинг самараси бўлмайди. Бундай ҳолатда монолит блоклар ҳамма ерни эгаллаб олади, бу эса ўзбек халқининг эҳтиёжлари, қизиқишларига мос келмайди. Демак, Ўзбекистон стратегия ва тактика ўртасидаги, яъни маданият ҳақидаги фундаментал тафаккур, жамиятнинг турмуш тарзи ва уларни рўёбга чиқариш усуллари ўртасидаги мувозанатни топиши лозим. Ишчан тактика минглаб кишиларни тезда яхши уй-жойлар билан таъминлаш учун зарур бўлса, пухта ўйланган стратегия эса маданий қадриятлар ва ижтимоий жиҳатдан тўғри ёндашувни талаб этади.
Бир хил ўлчам ҳаммага тўғри келмайди
Муваффақиятли стратегия сари олиб борадиган йўл — умумий тамойилларни амалий режаларга татбиқ этишга имкон берувчи дизайндир. Уни ишлаб чиқиш учун, гўёки «ўзбекона» ҳисобланган, одатда, бир хилликка ва қотиб қолган «андоза»ларга асосланган шаклларни бир оз четга суриб, инсоният асрлар давомида қандай яшаган, бугун ва эртага қандай яшамоқчи — ана шу маданий ва ижтимоий воқеликларга интилиш керак бўлади. Бу масалани кўриб чиқишда эса, «бир хил ўлчам ҳаммага тўғри келаверади», деган ёндашувдан воз кечиш лозим. Ўзбекистон — турлича ландшафтга эга бўлган жуда ранг-баранг ҳудуд. Даврлар ўтгани сайин ҳар бир ҳудудда ўзига хос, алоҳида услублар вужудга келган. Энди улкан миқёсдаги шаҳарсозликни амалга оширишда ўша эски, механик шаклдаги қолипларни алмаштиришга киришсаю, унинг ўрнига фақат янгича миллий стандартлаштириш юзага келиб қолсачи? Бу жуда ачинарли бўлган бўларди. Ўзбекистоннинг бутун ҳудуди бўйлаб турлича ёндашувлар оқилона тарзда танланиши учун имконият бор. Лекин ушбу жараёнда меъморлар, технологлар ҳамда маҳаллий аҳоли ўртасида ўзаро келишув ва ҳамкорлик талаб этилади.
Ўзбекистоннинг урбанистик ёхуд «шаҳарча» келажаги муваффақият қозонадими, йўқми? — бу унинг оддий фуқаролар ҳаёт сифатига қанчалик таъсир кўрсатишига боғлиқ. Шаҳарларнинг янги бош режалари пиёда йўловчилар ҳаракатини бошқара оладими? Жамоат жойлари барча авлод вакили роҳатланадиган, жиноятчиликни камайтирадиган, ижодкорлик ва тижорат учун бирдек рағбат уйғотадиган масканларга айланадими? Бош режалар мавжуд топография, шунингдек, маҳаллий ва четдан келтирилган манзарали дарахтлардан унумли фойдаланишни ҳисобга оладими? Саволлар кўп. Қисқаси, урбанизация жараёнига шундай ёндашган маъқулки, у жаҳон тажрибасидаги айрим урбанистик лойиҳалар ва янги қурилиш технологияларини ўзлаштириш билан бир қаторда, тез суръатлар билан «шаҳарлашиш»нинг универсал муаммолари, уй-жойга бўлган талабнинг ортиши, йўллардаги тирбандликлар, кутилаётган натижа билан мавжуд захиралар ўртасидаги тафовут каби омилларга ўзбек жамиятининг муносабатини ҳам акс эттирсин.
Кўпгина мамлакатларда шаҳар режасини тузувчи меъморлар «ЛEЭД» («Энергетик ва экологик дизайнда етакчилик») тамойилига таянадилар. Ўзбекистонда эса ҳеч бир илғор ташаббусдан кўчирма олиш йўлидан фойдаланиб бўлмайди. Лекин улар асосида ётган тафаккур тарзи, яъни одамларнинг ўзаро мулоқотини яхшилаш учун «жонли тизимлар» яратиш мақсади Тошкент ва бошқа шаҳарларда ўзгаришларни амалга оширишга илҳомлантира олади.
Ўзбекистон урбанизация масаласида юқори поғоналарга чиқиши учун демография, иқтисодий база, келажакка қаратилган дадил сиёсат, бой тарих ва маданият мавжуд. Асрлар давомида кўплаб шаҳарлар бу борада муваффақиятга эришиб келган. Бу шаҳарлар нафақат мамлакат ичидан, балки ташқаридан ҳам иқтидорли шахсларни оҳанрабо сингари ўзига тортган ва сайёҳларни жалб қилган. Гўзаллик шаҳар ҳаётининг сифатига ижобий таъсир кўрсатишини инкор қилиб бўладими, ахир!
Ўзбекистон юқорида келтирилган масалалар бўйича қарор қабул қилмай қўймайди, албатта. Хўш, ҳукумат буни қандай амалга оширади — шунчаки «инерция орқали», беихтиёр, ўз-ўзиданми? Ё бўлмаса, маҳаллий ва хорижий архитекторлар, режа тузувчилар ҳамда Ўзбекистоннинг ўзига хос маданияти, жамияти ва иқтисодиёти бўйича экспертлар иштирокида кенг муҳокама натижасидами? Назаримизда, раҳбарият иккинчи йўлни танлайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда нутқ сўзлади
- Нодавлат олий таълим муассасалари устав фондини камида 2 миллион АҚШ доллари эквивалентида шакллантирилиши шарт – Вазирлар Маҳкамаси қарори
- «Жасорат мактаблари»га ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди
- Етакчилар «Иморат» тарихий-меъморий мажмуасига борди
- «Халқ сўзи» бўлим муҳаррири «Олтин қалам» мукофоти соҳиби бўлди
- Хива шаҳрида Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форуми муваффақиятли якунланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг