Ўзбекистондаги энг катта автомобиль бозори иш бошлади
Фото: «Халқ сўзи»
Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги Хидирша қишлоғида янги автомобиль бозори иш бошлади.
- Савдо мажмуаси ер майдони ва қуввати жиҳатидан мамлакатимиздаги энг катта автомобиль бозори ҳисобланади, - дейди вилоят бозорлари ва савдо комплекслари уюшмаси раиси Хотамжон Мамарасулов. - 8 гектардан иборат бозорнинг 6 гектарини автомобиль сотиш майдони ташкил этади. Бир вақтнинг ўзида 4 мингдан ортиқ транспорт воситаларини қамраб олиш қувватига эга. Харидорлар учун 150 та эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланувчи савдо дўконлари, тамаддихоналар ва устахоналар хизмати йўлга қўйилган. Шу ернинг ўзида барпо этилган “Андижон автотеххизмат” ОАЖ автосалонидан янги машина сотиб олиш имкони ҳам мавжуд.
Олти ой вақт мобайнида 20 миллиард сўм маблағ эвазига қад ростлаган ушбу савдо мажмуасида ҳар бир автомобиль электрон камера орқали ҳисобга олинади. Шундан сўнг у қанча вақт давомида ва қанча нархга сотилганлиги таблода ўз аксини топади. Бу эса харидорларга бозордаги нарх тўғрисидаги аниқ маълумотга эга бўлиш имконини беради.
Андижон вилоятида шу пайтгача автомобиль бозори фаолият кўрсатиб келган. Шундай экан, янги бозорнинг эскисидан қандай афзалликлари бор? Айтиш жоиз, эски автомобиль бозори Андижон шаҳрининг Боғишамол даҳасида жойлашган бўлиб, умумий майдони 3 гектарни ташкил этган. Шундан 2 гектарида 400 га яқин савдо дўконлари хизмат кўрсатар, автомобиль сотиш майдони эса атиги 80 сотихдан иборат бўлган. Бу эса, ўз навбатида, 600 та транспорт воситалари савдосини ташкил этиш имконини берган, холос.
Мингдан ортиқ транспорт воситалари эса кўча савдосига чиқиб, сунъий тирбандликларни келтириб чиқарган. Қолаверса, катта ҳалқа йўлидаги йўловчиларга, айниқса, ҳудудда яшовчи аҳолига ноқулайликлар туғдирган. Кўча савдоси туфайли кунига 14 миллион сўм, йилига эса 1,5 миллиард сўм маблағ давлат ғазнасига тушмаган. Демак, янги бозор тадбиркор ва харидорлар учун кенг имкониятлар яратибгина қолмасдан, вилоят иқтисодининг юксалишига ҳам хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Ўзбекистонга нечта давлатдан туристлар келаётгани очиқланди
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг