Ўзбекистон ва Тожикистонинг учта шаҳри ўртасида халқаро автобус йўналишлари очилди

13:03 08 Сентябр 2018 Жамият
3400 0

9 сентябр куни Тожикистонда давлат мустақиллигининг 27 йиллиги кенг нишонланади. Ушбу тантанали сана муносабати билан икки давлат халқларига қулайлик яратиш мақсадида бугун, 8 cентябрдан бошлаб “Термиз- Душанбе”, “Денов- Душанбе”, “Самарқанд- Панжикент”йўналишида халқаро автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи“га Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

“Термиз- Душанбе” халқаро автобус йўналишининг масофаси 251 км. бўлиб қатновга сарфланадиган умумий вақт 5 соату 39 дақиқани ташкил этади. Йўлкира ҳақи ташувчилар томонидан Термиздан Душанбегача- 70 минг сўм. Душанбедан- Термизгача эса 70 сомони қилиб белгиланди.

Йўналиш масофаси 107 км. бўлган “Денов- Душанбе” халқаро автобус йўналишида йўловчилар 2 соат 25 дақиқада ўз манзилига етказилади. Йўлкира ҳақи ташувчилар томонидан Деновдан Душанбегача 40 минг сўм. Душанбедан Деновнача эса 40 сомони этиб белгиланди.

“Самарқанд- Панжикент” халқаро автобус йўналишининг масофаси 64 км. Қатновга сарфланадиган умумий вақт 1 соату 25 дақиқа бўлиб, йўлкира ҳақи ташувчилар томонидан Самарқанддан Панжикентгача 20 минг сўм. Панжикентдан Самарқандгача эса 20 сомони қилиб белгиланди.

Икки давлат ўртасида автобус қатновлари сонининг ортиб бораётгани ўзаро алоқаларни икки қардош халқ манфаатларидан келиб чиқиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш йўлида олиб борилаётгани ишларнинг амалий ифодаси дейиш мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?