Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисида

09:07 02 Июль 2019 Ҳужжатлар
695 0

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 18 майда қабул қилинган

Сенат томонидан 2019 йил 21 июнда маъқулланган

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси фаолиятини тартибга солишдан иборат.

2-модда. Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳуқуқий мақоми

Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси (бундан буён матнда Ҳисоб палатаси деб юритилади) давлат ташқи аудити ва молиявий назоратининг олий органидир.

Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва давлат тилида ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.

4-модда. Ҳисоб палатасининг асосий вазифалари

Ҳисоб палатасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) лойиҳаси шакллантирилишининг ва унинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устуворликларига мувофиқлигининг тизимли таҳлилини амалга ошириш;

қабул қилинаётган давлат дастурларининг ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлиги аудитини амалга ошириш;

бюджет тизими бюджетларига ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларга маблағлар тушумларининг тўлиқлигини ўрганиш ҳамда назорат қилиш;

бюджет тизими бюджетларининг ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг даромадларини кўпайтириш захираларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали аниқлаш ҳамда сафарбар қилиш;

бюджет тизими бюджетларининг ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг амалга оширилаётган харажатлари самарадорлиги ҳамда қонунийлигини аудитдан ўтказиш, бу харажатларни барча даражаларда қисқартириш имкониятларини аниқлаш;

бюджет тизими бюджетлари маблағлари ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлиги ҳамда асослилигини баҳолаш;

солиқ, божхона ва бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, тизимли қоидабузарликлар сабабларини, шунингдек халқаро тажрибани умумлаштириш ҳамда ўрганиш орқали бюджетни режалаштиришнинг замонавий усулларини жорий этишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ўртасидаги нисбатнинг мақбуллигини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг даромадларга оид ваколатлари ҳамда харажатлар бўйича мажбуриятлари чегараланишининг тўғрилигини баҳолаш, уларнинг ўзини ўзи молиявий жиҳатдан етарлича таъминлашига доир таклифлар ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий давлатларга ва чет давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистон Республикасига ташрифлари (бундан буён матнда олий даражадаги ташрифлар деб юритилади) давомида имзоланган ҳужжатларнинг ҳамда стратегик аҳамиятга молик хўжалик жамиятлари ва корхоналар (бундан буён матнда стратегик корхоналар деб юритилади) иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг пул-кредит ва валюта сиёсатини, Ўзбекистон Республикасининг активлари ҳамда мажбуриятлари ҳолатини, олтин-валюта захираларининг бошқарилишини, шунингдек қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан амалга оширилаётган операцияларни ташқи аудитдан ўтказиш.

5-модда. Ҳисоб палатаси фаолиятининг асосий принциплари

Ҳисоб палатаси фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, холислик, очиқлик ва шаффофликдан иборатдир.

6-модда. Қонунийлик принципи

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт.

Қонун талабларини аниқ бажаришдан ва уларга риоя этишдан ҳар қандай тарзда чекиниш, бунинг сабаблари қандай бўлишидан қатъи назар, қонунийликнинг бузилишидир ва у белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

7-модда. Мустақиллик принципи

Ҳисоб палатаси ўз ваколатларини ҳар қандай давлат органларидан, бошқа ташкилотлардан ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда, фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширади.

Ҳисоб палатаси фаолиятига давлат органларининг, бошқа ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг аралашуви тақиқланади.

Ҳисоб палатаси фаолиятини текшириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан амалга оширилади.

8-модда. Холислик принципи

Ҳисоб палатаси ўз фаолиятини ишларнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаш орқали, Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари томонидан қабул қилинадиган қарорларга субъектив фикрларнинг таъсир қилишига йўл қўймаган ҳолда амалга ошириши шарт.

9-модда. Очиқлик ва шаффофлик принципи

Ҳисоб палатаси ўз фаолиятини очиқ ва шаффоф тарзда, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга оширади.

Ҳисоб палатасининг фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этилади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши шарт.

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг, солиқ ҳамда бюджет сиёсати асосий йўналишларининг лойиҳалари, шунингдек Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот юзасидан Ҳисоб палатасининг хулосалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган кундан эътиборан ўн кун ичида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши лозим.

10-модда. Ҳисоб палатасининг бўйсунуви ва ҳисобдорлиги

Ҳисоб палатаси ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади, Президентга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ҳисобдордир.

2-боб. Ҳисоб палатасининг тузилмаси ва таркиби

11-модда. Ҳисоб палатасининг тузилмаси ва таркиби

Ҳисоб палатасининг тузилмаси ва штатларининг чекланган сони Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ҳисоб палатаси Ҳисоб палатасининг раиси, раиснинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарларидан, шунингдек Ҳисоб палатасининг шўъба мудирлари, бош инспекторлари, етакчи инспекторлари, инспекторлари ҳамда ёрдамчи ходимларидан иборат таркибда тузилади.

12-модда. Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларини ва ходимларини лавозимга тайинлаш ҳамда лавозимидан озод қилиш

Ҳисоб палатасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод қилинадиган Ҳисоб палатасининг раиси раҳбарлик қилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги фармонлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тасдиқланади.

Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод қилинади.

Ҳисоб палатасининг шўъба мудирлари, бош инспекторлари, етакчи инспекторлари ва инспекторлари Ҳисоб палатаси раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ҳамда лавозимидан озод қилинади.

Ҳисоб палатасининг ёрдамчи ходимлари Ҳисоб палатаси раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

13-модда. Ҳисоб палатаси раисининг ваколатлари

Ҳисоб палатасининг раиси:

Ҳисоб палатаси ишини ташкил этади ва унинг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Президентига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Ҳисоб палатасининг фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентига Ҳисоб палатасининг фаолияти тўғрисидаги, шу жумладан Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлиги таъминланишига доир ахборотни тизимли асосда тақдим этади;

Ҳисоб палатасининг ваколатларига кирадиган масалалар бўйича назоратни ташкил этиш тўғрисида фармойиш қабул қилади;

Ҳисоб палатаси томонидан қабул қилинган қарорлар ижроси устидан назоратни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, уларнинг қўмиталари, комиссиялари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмалари мажлисларида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида Ҳисоб палатаси фаолиятига тааллуқли масалаларнинг кўриб чиқилишида иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиши, кўриб чиқиш учун масалалар киритиши ва кўрилаётган масала юзасидан фикр билдириши мумкин;

чет давлатларнинг тегишли ташқи аудит ва молиявий назорат органлари, халқаро ташкилотлар ҳамда уларнинг ваколатхоналари билан ҳамкорлик тўғрисида битимлар тузади;

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларини Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларига тақдим этади.

14-модда. Ҳисоб палатаси раиси биринчи ўринбосарининг ва ўринбосарларининг ваколатлари

Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари ўз ваколатларини қонун ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Регламентига мувофиқ амалга оширади.

15-модда. Ҳисоб палатаси мансабдор шахсларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари хизмат мажбуриятларини бажаришда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, уларнинг қўмиталари, комиссиялари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида, ижро этувчи ҳокимият органлари ҳайъатларининг ва бошқа давлат органларининг мажлисларида Ҳисоб палатаси фаолиятига тааллуқли масалалар кўриб чиқилаётганда ҳозир бўлиш;

қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, назорат объектларининг ҳудудлари ва биноларига монеликсиз кириш, уларнинг ҳужжатлари ҳамда материалларидан фойдаланиш, ҳар қандай ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларни кўздан кечириш;

қалбакилаштириш, сохталаштириш, талон-торож қилиш ҳоллари аниқланган тақдирда ҳамда мазкур ғайриқонуний ҳаракатларга чек қўйиш учун зарур ҳужжатлар ва материалларни қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларни ҳисобга олган ҳолда олиб қўйиш, ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш далолатномаларини ва олиб қўйилган ҳужжатларнинг рўйхатини тузиш ҳамда зарурат бўлганда кассани, касса хоналарини ва хизмат хоналарини, омборларни ҳамда архивларни муҳрлаш;

давлат органларининг мансабдор шахсларига сўровлар юбориш;

назорат объектларининг мансабдор шахсларидан назоратни ўтказиш чоғида аниқланган қоидабузарликлар фактлари юзасидан ёзма тушунтиришлар, шунингдек ҳужжатларнинг зарур бўлган тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаларини талаб қилиш ва олиш;

назорат объектларининг молия-хўжалик фаолиятига тааллуқли барча зарур ҳужжатлар, шу жумладан давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган ҳужжатлар билан танишиш;

назорат натижаларини қайд этиш учун техник воситалардан, шу жумладан аудио-, фото- ва видео қайд этиш воситаларидан фойдаланиш;

электрон маълумотлар базаларига оид техник ҳужжатлар билан танишиш;

назорат натижалари бўйича далолатномалар, маълумотномалар ва хулосаларни расмийлаштириш, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш.

Назорат объектларининг раҳбарлари Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларига ишлаш учун зарур шароитлар яратиши шарт.

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари назорат объектларининг хўжалик фаолиятига аралашишга, шунингдек олинган ахборотни Ҳисоб палатаси раиси томонидан тегишли қарор қабул қилингунига қадар ошкор этишга ҳақли эмас.

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари назоратни ўтказиш чоғида ўзига маълум бўлиб қолган давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаши, назоратни холисона ўтказиши ҳамда унинг натижаларини ҳаққоний акс эттириши шарт.

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари лавозим мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорлик юзага келганлиги тўғрисида Ҳисоб палатаси раисига маълум қилиши, шунингдек бундай тўқнашувнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш чораларини кўриши шарт.

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари ўзи ўтказган назорат натижаларининг холислиги ва ҳаққонийлиги учун қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.

16-модда. Ҳисоб палатаси мансабдор шахсларининг фаолиятидаги чекловлар

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ҳамда ўзга ташкилотларда бошқа лавозимларни эгаллашга;

тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга;

ўз ваколатларини амалга ошириш даврида сиёсий партияга аъзо бўлишга ҳақли эмас.

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари ўз ваколатлари даврида сиёсий партияга аъзоликни, бундай аъзолик мавжуд бўлган тақдирда, тўхтатиши шарт.

3-боб. Ҳисоб палатасининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги

17-модда. Ҳисоб палатасининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги ҳамда ахборот алмашиши

Ҳисоб палатаси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади ҳамда ахборот, шу жумладан электрон шаклдаги ахборот алмашишни амалга оширади.

Ҳисоб палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамкорлик тўғрисидаги келишувда белгиланган тартибда бюджет ҳамда смета-штат интизомини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар ҳақидаги маълумотлар юзасидан ахборот алмашишни амалга оширади.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар Ҳисоб палатасининг зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилишида унга ўз ваколатлари доирасида ёрдам кўрсатиши шарт.

18-модда. Ҳисоб палатаси қонуний талабларининг бажарилиши мажбурийлиги

Ҳисоб палатасининг қонуний талаблари, шу жумладан қонун ҳужжатларига риоя этиш, ҳужжатларни, назорат материалларини ва бошқа маълумотларни тақдим этиш, мутахассислар ажратиш, қонун ҳужжатларини бузганлик фактлари бўйича ҳозир бўлиш ва тушунтиришлар бериш тўғрисидаги талаблари барча давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотлар текин тақдим этилади.

19-модда. Ҳисоб палатаси қарорларининг бажарилиши мажбурийлиги

Ҳисоб палатасининг ўзига берилган ваколатлар доирасида қабул қилинган қарорлари давлат органлари ҳамда мулкчилик шаклидан ва бўйсунувидан қатъи назар бошқа ташкилотлар, шунингдек уларнинг мансабдор шахслари томонидан бажарилиши мажбурийдир.

4-боб. Ҳисоб палатасининг функциялари

20-модда. Ҳисоб палатасининг Давлат бюджети лойиҳаси шакллантирилишининг ва унинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устуворликларига мувофиқлигининг тизимли таҳлилини амалга ошириш соҳасидаги функциялари

Ҳисоб палатаси Давлат бюджети лойиҳаси шакллантирилишининг ва унинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш устуворликларига мувофиқлигининг тизимли таҳлилини амалга ошириш соҳасида:

макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ва Давлат бюджети лойиҳасининг олиб борилаётган сиёсатнинг устуворликларига, шунингдек мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг қабул қилинган мақсадли комплекс дастурларига мувофиқлигини баҳолашни амалга оширади;

Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар лойиҳалари шакллантирилишининг тармоқлар ва ҳудудлар кесимларидаги таҳлилини ўтказади;

Давлат бюджети даромадлари кўрсаткичлари прогнозининг холислиги ва асослилигини ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳамда солиқ салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда баҳолашни амалга оширади;

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг, шунингдек навбатдаги йил учун солиқ ва бюджет сиёсати асосий йўналишларининг лойиҳалари бўйича хулосалар беради.

21-модда. Ҳисоб палатасининг қабул қилинаётган давлат дастурларининг ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлиги аудитини амалга ошириш соҳасидаги функциялари

Ҳисоб палатаси қабул қилинаётган давлат дастурларининг ва ҳудудий дастурларнинг молиялаштириш манбалари билан таъминланганлиги аудитини амалга ошириш соҳасида:

қабул қилинаётган давлат дастурлари ва ҳудудий дастурлар молиялаштириш манбалари билан таъминланганлигининг аудитини ўтказади;

давлат дастурлари ва ҳудудий дастурлар доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни молиялаштириш учун маблағлар ўз вақтида ажратилиши устидан назоратни амалга оширади;

давлат дастурлари ва ҳудудий дастурлар амалга оширилишининг тўлиқлиги ҳамда самарадорлиги устидан назоратни амалга оширади.

22-модда. Ҳисоб палатасининг бюджет тизими бюджетларига ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларга маблағлар тушумларининг тўлиқлигини ўрганиш ҳамда назорат қилиш соҳасидаги функциялари

Ҳисоб палатаси бюджет тизими бюджетларига ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларга маблағлар тушумларининг тўлиқлигини ўрганиш ҳамда назорат қилиш соҳасида:

солиқ ва божхона тўловлари йиғилиши даражасининг солиқ турлари ҳамда ҳудудлар кесимидаги тизимли таҳлилини ўтказади, унинг тармоқлар ва ҳудудлар кесимларида пасайишига таъсир кўрсатган сабаб-оқибат омилларини аниқлайди;

Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар бюджетларининг шакллантирилишини назорат қилади ҳамда унинг мониторингини юритади;

солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган база қамраб олинишининг тўлиқлиги, манзилли йўналишлар ҳамда назорат дастурларининг шакллантирилиши устидан назоратни амалга оширади, шу жумладан солиқ ва бошқа давлат органларининг маълумотлар базасини таҳлил этиш ҳамда мониторинг қилиш асосида назоратни амалга оширади;

давлат мол-мулкини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштириш ҳамда ижарага беришдан олинадиган маблағларнинг бюджет тизими бюджетларига тушумлари билан боғлиқ масалалар юзасидан таҳлил ўтказади ва назоратни амалга оширади;

мулкида давлат улуши бўлган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятини дивидендларнинг тўғри ҳисобланиши ва тўланиши нуқтаи назаридан назорат қилади.

23-модда. Ҳисоб палатасининг бюджет тизими бюджетларининг ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг даромадларини кўпайтириш захираларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали аниқлаш ҳамда сафарбар қилиш соҳасидаги функциялари

Ҳисоб палатаси бюджет тизими бюджетларининг ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг даромадларини кўпайтириш захираларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали аниқлаш ҳамда сафарбар қилиш соҳасида:

давлат органлари ҳамда ўзга ташкилотлар солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланадиган маълумотлар базасининг ишончлилигини баҳолайди;

иқтисодиёт тармоқлари корхоналари фаолиятининг бюджет тизими бюджетларига қўшимча тушумлар захираларини аниқлашга йўналтирилган таҳлилини амалга оширади;

солиқ солиш тизимини, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини таҳлил қилиш ҳамда баҳолаш асосида бюджет тизими бюджетлари даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ҳамда уларнинг сафарбар этилишини таъминлаш чораларини кўради;

даромадлар прогнозини сифатли шакллантириш ва бажариш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш, солиқларнинг тўлиқ йиғилишини ҳамда солиқ тўловчилар тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлашда молия ва давлат солиқ органларининг масъулиятини ошириш ҳамда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш чораларини кўради.

24-модда. Ҳисоб палатасининг бюджет тизими бюджетларининг ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг амалга оширилаётган харажатлари самарадорлиги ҳамда қонунийлигини аудитдан ўтказиш, бу харажатларни барча даражаларда қисқартириш имкониятларини аниқлаш соҳасидаги функциялари

Ҳисоб палатаси бюджет тизими бюджетларининг ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг амалга оширилаётган харажатлари самарадорлиги ҳамда қонунийлигини аудитдан ўтказиш, бу харажатларни барча даражаларда қисқартириш имкониятларини аниқлаш соҳасида:

Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармалар бюджетларининг харажатлар қисми ижро этилиши юзасидан мониторинг юритади;

бюджет маблағларидан, давлат мақсадли жамғармаларининг ва белгиланган тартибда ташкил этилган бошқа жамғармаларнинг маблағларидан мақсадли, оқилона ҳамда самарали фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг бюджет ссудалари ва кредит линияларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан чет эл валютасидаги маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланилиши устидан назорат қилади;

давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг тўғри қўлланилиши устидан назоратни амалга оширади;

Давлат бюджетининг ижро этилиши ва бюджет тизими бюджетларининг барча даражаларида давлат маблағларининг сарфланиши устидан назоратни амалга оширади ҳамда давлат харажатларини қисқартириш имкониятларини аниқлаш чораларини кўради;

молия органлари, шу жумладан ғазначилик бўлинмалари томонидан бюджет тизими бюджетлари маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши устидан назорат қилишга доир вазифаларнинг бажарилиши самарадорлигини таҳлил қилади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг банк ҳисобварақларидаги маблағлар шакллантирилишининг қонунийлиги, уларнинг мақсадли ва самарали сарфланиши устидан назоратни амалга оширади;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ташқи аудитдан ва баҳолашдан ўтказади, улар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хулосалар тақдим этади.

25-модда. Ҳисоб палатасининг бюджет тизими бюджетлари маблағлари ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга оширилаётган инвестициялойиҳаларининг мақсадга мувофиқлиги ҳамда асослилигини баҳолаш соҳасидаги функциялари

Ҳисоб палатаси бюджет тизими бюджетлари маблағлари ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг мақсадга мувофиқлиги ҳамда асослилигини баҳолаш соҳасида:

бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг шакллантирилиши юзасидан мониторинг ўтказади ҳамда назорат қилади;

бюджет тизими бюджетларининг маблағлари ва давлат томонидан маблағ жалб қилиш ҳисобидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ ҳамда самарали бажарилиши устидан назорат қилади.

26-модда. Ҳисоб палатасининг солиқ, божхона ва бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, тизимли қоидабузарликлар сабабларини, шунингдек халқаро тажрибаниумумлаштириш ҳамда ўрганиш орқали бюджетни режалаштиришнинг замонавий усулларини жорий этишга доир таклифлар ишлаб чиқиш соҳасидаги функциялари

Ҳисоб палатаси солиқ, божхона ва бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга, тизимли қоидабузарликлар сабабларини, шунингдек халқаро тажрибани умумлаштириш ҳамда ўрганиш орқали бюджетни режалаштиришнинг замонавий усулларини жорий этишга доир таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш жараёнида аниқланадиган бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишининг турларини ҳисобга олади ва таснифлайди;

назорат тадбирлари натижаларини, шунингдек бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини, бунга олиб келаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таҳлил қилади, бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

солиқ ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини, бунга олиб келаётган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни таҳлил қилади, мазкур қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, солиқ ва божхона имтиёзларини бекор қилиш, шунингдек солиқ ставкаларини ўзгартириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари амалга оширилишининг мониторингини ўтказади ва бюджет жараёнидаги четга чиқишларни аниқлайди;

бюджет жараёнининг ва бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг халқаро нормалар ҳамда стандартларга мувофиқлигини ўрганади.

27-модда. Ҳисоб палатасининг Ўзбекистон Республикасинингреспублика бюджети ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ўртасидаги нисбатнинг мақбуллигини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг даромадларга оид ваколатлари ҳамда харажатлар бўйича мажбуриятлари чегараланишининг тўғрилигини баҳолаш, уларнинг ўзини ўзи молиявий жиҳатдан етарлича таъминлашига доир таклифлар ишлаб чиқиш соҳасидаги функциялари

Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари ўртасидаги нисбатнинг мақбуллигини, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг даромадларга оид ваколатлари ҳамда харажатлар бўйича мажбуриятлари чегараланишининг тўғрилигини баҳолаш, уларнинг ўзини ўзи молиявий жиҳатдан етарлича таъминлашига доир таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг шакллантирилиши ва ижро этилишини, уларнинг мутаносиблигини таҳлил қилади ҳамда улар устидан назоратни амалга оширади;

юқори турувчи ва қуйи турувчи бюджетлар ўртасидаги белгиланган умумдавлат солиқлари ажратмалари нормативларининг, бюджетлараро ажратиладиган трансфертларнинг асослилигини ўрганади;

юқори турувчи ва қуйи турувчи бюджетлар ўртасидаги харажатлар бўйича мажбуриятларнинг чегараланиши тўғрилигини баҳолайди;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган вазифаларни ҳал этишдан келиб чиққан ҳолда барча даражадаги бюджетлар ўртасидаги молиявий ресурслар нисбатини мақбуллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди.

28-модда. Ҳисоб палатасининг Ўзбекистон РеспубликасиПрезидентининг қарорлари ва топшириқлари, шунингдек олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларнинг ҳамда стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги функциялари

Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари, шунингдек олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларнинг ҳамда стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши устидан назоратни ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасида:

олий даражадаги ташрифлар давомида имзолаш учун ҳужжатларнинг асослилигини ҳамда уларни келгусида амалга ошириш имкониятини таҳлил қилган ҳолда бу ҳужжатларни тайёрлашда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларининг, шунингдек олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар ва стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг маълумотлар базаларини шакллантиради;

олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни ва стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашади, тегишли тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда самарали ижро этилишига тўсқинлик қилаётган омилларни якуний натижаларга эришиш учун уларни ҳал этиш бўйича тезкор чоралар кўрган ҳолда, шу жумладан жойларга чиқиб тезкор чоралар кўрган ҳолда тизимли таҳлил қилади ва аниқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ва топшириқларининг, шунингдек олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар, стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг тўлиқ ҳамда ўз вақтида бажарилиши устидан мониторингни ва доимий назоратни амалга оширади ҳамда уларнинг натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ахборот киритади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни ва стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги ахбороти асослилигини бирламчи маълумотлар асосида ўрганади;

олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларнинг рўёбга чиқарилишини чет эллик шериклар ва Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан “телекўприк” ташкил этиш орқали мунтазам равишда муҳокама қилиб боради, уларнинг асослантирилган ҳисоб-китобларга эга бўлган, аниқ ташаббусли инвестиция лойиҳаларини тақдим этиш борасидаги фаолияти самарадорлигини баҳолайди.

29-модда. Ҳисоб палатасининг Ўзбекистон Республикасининг пул-кредит ва валюта сиёсатини,Ўзбекистон Республикасининг активлари ҳамда мажбуриятлари ҳолатини, олтин-валюта захираларининг бошқарилишини, шунингдек қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан амалга оширилаётган операцияларни ташқи аудитдан ўтказиш соҳасидаги функциялари

Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикасининг пул-кредит ва валюта сиёсатини, Ўзбекистон Республикасининг активлари ҳамда мажбуриятлари ҳолатини, олтин-валюта захираларининг бошқарилишини, шунингдек қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан амалга оширилаётган операцияларни ташқи аудитдан ўтказиш соҳасида:

миллий валютани мустаҳкамлаш, унинг харид қобилиятини ошириш, пул массасини ва пул агрегатларини мақбуллаштириш ҳамда банкдан ташқари пул айланмасини қисқартириш бўйича чора-тадбирларни таҳлил қилади ва баҳолайди;

банк тизимининг молиявий барқарорлигини ўрганади ва таҳлил қилади;

Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо айланмасининг ва тўлов балансининг ҳолатини таҳлил қилади;

ички валюта бозорида валютага бўлган талаб ва таклифни ўрганади, миллий валютанинг айирбошланиши ҳолати устидан назоратни амалга оширади;

давлат томонидан хориждан маблағ жалб қилиш ҳажмларини ва мақсадга мувофиқлигини баҳолашни, чет эл кредитлари ҳамда грантлари маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланилиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси томонидан ёки Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолати остида олинган ташқи кредитларга ўз вақтида хизмат кўрсатилиши устидан назоратни амалга оширади;

олтин-валюта захираларининг қайта тикланиши ва уларга доир операциялар устидан назоратни амалга оширади, ташқи активларни бошқариш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилади, уларни хорижий банкларга самарали жойлаштириш ва қайта жойлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади, олтин-валюта захиралари, шу жумладан қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар билан ўтказиладиган операциялар устидан назоратни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у томонидан ваколат берилган органлар тарафларнинг бири сифатида қатнашаётган олтин-валюта захиралари билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш бўйича барча қарорларни келишиб олади;

валюта, экспорт ва импорт операциялари ўтказилишининг қонунийлиги устидан назоратни амалга оширади;

давлат қарзини самарали бошқариш бўйича мониторинг ўтказади, уларга ўз вақтида хизмат кўрсатилиши устидан назорат қилади.

5-боб. Ҳисоб палатасининг ваколатлари,назорат шакллари ва турлари

30-модда. Ҳисоб палатасининг ваколатлари

Ҳисоб палатаси:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, бошқа давлат органларидан ҳамда ўзга ташкилотлардан ўз ваколатларига кирувчи масалалар бўйича материаллар, маълумотлар ва тушунтиришларни сўраб олади;

ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун реал вақт режимида давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, шу жумладан банкларнинг маълумотлар базасидан фойдаланади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан давлат маблағларининг банк ҳисобварақларидаги ҳамда ягона ғазна ҳисобварағидаги ҳаракати тўғрисидаги маълумотларни сўраб олади;

давлат органларини ва уларнинг вакилларини, нодавлат аудиторлик хизматларини ва айрим мутахассисларни назорат ўтказиш учун ўз ваколатлари доирасида жалб этади;

Давлат бюджети даромадлари прогнозининг тўғрилигини баҳолаш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш, солиқларнинг тўлиқ йиғилишини ва солиқ солиш объектларининг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган назоратга молия, солиқ органларининг ҳамда бошқа давлат органларининг ходимларини жалб этади;

ўз ваколатларига кирувчи масалалар юзасидан дастлабки ва якуний назоратни амалга оширади;

сиёсий партияларга молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда бу маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг, шунингдек солиқ ва бюджет сиёсати асосий йўналишларининг лойиҳалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хулосалар тақдим этади;

Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботнинг ташқи аудитини ва уни баҳолашни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг банк ҳисобварақларидаги маблағларнинг қонуний шакллантирилганлиги, мақсадли ҳамда самарали сарфланганлиги устидан назоратни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил қилинган бошқа жамғармалар маблағларининг шакллантирилиши ҳамда улардан фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг, унинг таркибий бўлинмалари ва муассасаларининг молия-хўжалик фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

назорат натижалари бўйича кўрсатмалар, тақдимномалар, таҳлилий маълумотлар ва хулосалар киритади;

назорат ўтказиш даврида жиноят аломатларини кўрсатувчи маълумотлар, шу жумладан коррупцияга доир ҳуқуқбузарликлар аломатлари аниқланган тақдирда, тегишли материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширади;

назорат натижалари бўйича давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари, шунингдек олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар ҳамда стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилмаганлиги учун, шу жумладан уларнинг ижроси жараёни тўғрисидаги ахборот “ijro.gov.uz” ахборот тизими орқали тўлиқ, ҳаққоний тарзда ва ўз вақтида тақдим этилмаганлиги, расмиятчиликка ҳамда масалаларни ҳал этиш муддатлари бузилишига йўл қўйилганлиги учун вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг, идораларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва бошқа ташкилотларнинг раҳбарларини жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликни, шу жумладан бюджет ташкилотлари, бюджетдан маблағ олувчилар, бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларни биргаликда назорат қилишни режалаштириш ва амалга ошириш масалалари бўйича ҳамкорликни ташкил этади;

Ҳисоб палатаси билан олдиндан келишиб олиниши лозим бўлган барча масалалар бўйича хулоса беради;

бюджет ва смета-штат интизомини бузганликда, шунингдек Ҳисоб палатасининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганликда айбдор шахсларни белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортади;

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат божи тўламасдан судга мурожаат қилишга ҳақли.

31-модда. Ҳисоб палатаси томонидан амалга ошириладиган назоратнинг шакллари ва турлари

Ҳисоб палатаси ўз зиммасига юклатилган вазифалар ва ваколатлар доирасида дастлабки ҳамда якуний назорат тарзида тафтиш, текшириш (шу жумладан бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг аввалги тафтишда ёки текширишда аниқланган бузилишларини бартараф этиш юзасидан назорат тартибида текшириш) ва ўрганиш шаклида назоратни амалга оширади.

Ҳисоб палатаси ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида кўрсатмалар ва тақдимномалар қабул қилади, шунингдек таҳлилий маълумотлар ҳамда хулосалар тайёрлайди.

32-модда. Кўрсатма

Якуний назорат жараёнида назорат объектларининг молия-хўжалик фаолиятида ва бошқа фаолиятида давлатга зарар келтираётган ҳамда шу сабабли кечиктирмасдан барҳам бериш талаб этиладиган бузилишлар, шунингдек якуний назорат натижалари бўйича, шу жумладан давлат органлари ва ўзга ташкилотларнинг солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун фойдаланиладиган маълумотлар базасининг ҳаққонийлигини текширишдаги бузилишлар аниқланганда Ҳисоб палатаси назорат объектларининг ёки юқори ташкилотнинг раҳбарларига аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларни бартараф этиш, давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўриш учун кўрсатма юборишга ҳақли.

Ҳисоб палатасининг кўрсатмаси Ҳисоб палатаси раиси томонидан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Регламентида белгиланган ҳолларда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари ёки ўринбосарлари томонидан қабул қилинади.

Ҳисоб палатасининг кўрсатмаси аниқланган камчиликлар ва қонун ҳужжатларининг бузилишлари тўғрисидаги ҳамда уларни бартараф этиш, шунингдек бундай бузилишларнинг юзага келишига имкон берувчи сабаблар ва шароитларни бартараф этиш юзасидан чоралар кўриш ҳақидаги талабларни ўз ичига олиши керак.

Ҳисоб палатасининг кўрсатмаси унда кўрсатилган муддатда ёки, агар муддат кўрсатилмаган бўлса, у назорат объектига киритилган кундан эътиборан ўттиз кун ичида бажарилиши керак. Кўрсатмани бажариш муддати Ҳисоб палатаси раисининг қарори билан яна шу муддатга, лекин бир мартадан ошмаган ҳолда узайтирилиши мумкин. Кўрсатманинг бажарилиши натижалари бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида Ҳисоб палатаси назорат объекти раҳбари ёки унинг юқори турувчи ташкилоти томонидан ёзма шаклда хабардор қилинади.

33-модда. Тақдимнома

Якуний назорат жараёнида Давлат бюджети даромадларининг тасдиқланган прогнози бажарилмаганлиги ва бюджетга тўловлар бўйича солиқ қарздорлиги камаймаганлиги аниқланган тақдирда Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига, Давлат солиқ қўмитасига ҳамда Давлат божхона қўмитасига, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳудудий молия органларининг, давлат солиқ ва божхона хизмати органларининг раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида тақдимномалар киритишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари ўз вақтида ҳамда сифатли ижро этилмаганлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларини, шунингдек олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларнинг ҳамда стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг ижроси тўғрисидаги ахборот “ijro.gov.uz” ахборот тизими орқали тўлиқ, ҳаққоний тарзда ва ўз вақтида тақдим этилмаганлиги учун Ҳисоб палатаси вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларга уларнинг ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида тақдимномалар киритишга ҳақли.

Ҳисоб палатасининг тақдимномаси Ҳисоб палатаси раиси ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Регламентида белгиланган ҳолларда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари ёки ўринбосарлари томонидан қабул қилинади.

Ҳисоб палатасининг тақдимномаси аниқланган камчиликлар ҳақидаги ахборотни ва интизомий жазо чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш, шунингдек бундай камчиликларнинг юзага келишига имкон берувчи сабаблар ва шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги талабни ўз ичига олиши керак.

Ҳисоб палатасининг тақдимномаси киритилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай бажарилиши керак.

Тақдимноманинг бажарилиши натижалари бўйича кўрилган чора-тадбирлар ҳақида Ҳисоб палатаси ёзма шаклда хабардор қилинади.

34-модда. Таҳлилий маълумот

Ҳисоб палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг сўровлари бўйича ўтказилган назорат натижалари юзасидан, шунингдек назорат объектининг муайян соҳасини ва фаолиятини ўрганиш натижалари юзасидан таҳлилий маълумот тайёрланади.

Таҳлилий маълумот Ҳисоб палатаси раиси ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Регламентида белгиланган ҳолларда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари ёки ўринбосарлари томонидан имзоланади.

Таҳлилий маълумотда ўтказилган ўрганиш ёки таҳлил тўғрисидаги умумлаштирилган маълумотлар, аниқланган муаммолар, мавжуд тўсиқлар ва камчиликларнинг қисқача тавсифи, шунингдек уларни бартараф этиш бўйича таклифлар кўрсатилиши керак.

35-модда. Хулоса

Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳалари параметрлари шакллантирилишини таҳлил қилиш натижалари, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ташқи аудитдан ўтказиш ҳамда баҳолаш натижалари, сиёсий партияларга молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ҳамда бу маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат натижалари юзасидан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда Ҳисоб палатаси томонидан хулоса тайёрланади.

Хулоса Ҳисоб палатаси раиси ёхуд Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Регламентида белгиланган ҳолларда Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари ёки ўринбосарлари томонидан имзоланади.

36-модда. Ҳисоб палатасининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш

Ҳисоб палатасининг кўрсатмалари ва тақдимномаларини бажаришдан бўйин товлаш ёки ўз вақтида бажармасликда, маълумотлар базасидан ҳамда ахборотдан фойдаланиш имкониятини бермасликда, била туриб нотўғри ахборотни тақдим этганликда намоён бўладиган тарзда Ҳисоб палатасининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, шунингдек Ҳисоб палатасининг фаолиятига аралашганлик ва унинг мансабдор шахслари зиммасига юклатилган вазифаларнинг ҳамда функцияларнинг қонуний равишда ижро этилишига тўсқинлик қилиш мақсадида бирор-бир шаклда таъсир кўрсатганлик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

6-боб. Ҳисоб палатасининг фаолиятини ташкил этиш

37-модда. Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Регламенти

Ҳисоб палатасининг фаолияти масалалари, Ҳисоб палатаси мансабдор шахслари ўртасида мажбуриятларнинг ички тақсимланиши, ишларни юритиш тартиби Ҳисоб палатаси раиси томонидан тасдиқланадиган Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг Регламентида белгиланади.

38-модда. Ҳисоб палатасининг ишини режалаштириш

Ҳисоб палатаси ўз фаолиятини Ҳисоб палатаси ваколатларига кирувчи масалалар устидан таъсирчан тизимли назоратни таъминлаш заруриятидан келиб чиққан ҳолда шакллантириладиган назорат ишларининг йиллик дастури асосида ташкил этади. Назорат ишларининг йиллик дастури Ҳисоб палатаси раиси томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг сўровлари асосида ўтказиладиган назорат тадбирлари Ҳисоб палатаси назорат ишларининг йиллик дастурига киритилиши шарт.

Ҳисоб палатаси назорат ишларининг йиллик дастури ижросини ташкил этиш Ҳисоб палатасининг фармойиши асосида амалга оширилади, бунда Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари орасидан ҳар бир назорат тадбирини ташкил этиш учун масъуллар тайинланади.

39-модда. Ҳисоб палатасининг стандартлари

Ҳисоб палатасининг стандартлари Ҳисоб палатаси фаолиятини ташкил этиш стандартларидан, шунингдек Ҳисоб палатаси томонидан амалга ошириладиган ташқи аудит ва молиявий назорат стандартларидан иборатдир.

Ҳисоб палатаси фаолиятини ташкил этиш стандартлари, шунингдек Ҳисоб палатаси томонидан амалга ошириладиган ташқи аудит ва молиявий назорат стандартлари Ҳисоб палатаси томонидан ишлаб чиқилади ҳамда тасдиқланади.

Ҳисоб палатаси фаолиятини ташкил этиш стандартлари Ҳисоб палатасида услубий таъминлашни, ишларни режалаштиришни, ҳисоботлар тайёрлашни, бошқа давлат органлари ва ўзга ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишни ҳамда Ҳисоб палатасининг бошқа ички фаолият турларини ташкил этиш ва амалга ошириш хусусиятлари, қоидалари ҳамда тартиб-таомилларини белгилайди.

Ҳисоб палатаси томонидан амалга ошириладиган ташқи аудит ва молиявий назорат стандартлари назорат фаолиятининг умумий талаблари, хусусиятлари, қоидалари ҳамда тартиб-таомилларини белгилайди.

7-боб. Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш

40-модда. Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кафолатлари

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари давлат ҳимоясида бўлади.

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари ўз мажбуриятларини бажариш чоғида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри раҳбарга бўйсунади.

Бевосита қонун билан ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким Ҳисоб палатаси мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига аралашиш, шунингдек Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларини Ҳисоб палатаси зиммасига қонун билан юклатилмаган вазифаларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас.

41-модда. Ҳисоб палатаси мансабдор шахсларининг дахлсизлиги кафолатлари

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларини маъмурий жавобгарликка тортиш масаласи Ҳисоб палатасининг раиси томонидан ҳал этилади.

42-модда. Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларини моддий ва ижтимоий жиҳатдан таъминлаш

Ҳисоб палатасининг раиси мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий хизмат ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисига, Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосарига, Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосарига, Ҳисоб палатасининг масъул ходимлари — Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли ходимларига тенглаштирилади.

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларига лавозим маошига нисбатан алоҳида меҳнат шароитлари ва узоқ муддатли узлуксиз иш стажи учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамда миқдорларда коэффициентлар қўлланилган ҳолда ҳар ойлик устамалар тўланади.

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари учун аввалги иш жойида берилган узоқ муддатли хизматлари, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака даражалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун устама ва қўшимча тўловлар сақланиб қолади.

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари аввалги иш жойи бўйича ходимлар учун белгиланган барча имтиёзлардан, моддий ва ижтимоий ҳимоя чораларидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида амалда бўлган меҳнат шароитларини ҳисобга олган ҳамда лавозим маоши ва бошқа тўловлар миқдори сақланган ҳолда фойдаланади.

Ҳисоб палатасида ишланган давр ҳарбий ва махсус унвонларни бериш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.

Ҳисоб палатасида ишлаш даврида ҳарбий ва махсус унвонларни бериш аввалги иш жойи бўйича назарда тутилган тартибда тегишли ҳарбий ва махсус унвонларни бериш учун зарур бўлган муддатлар ўтгандан сўнг амалга оширилади.

Меҳнат фаолиятида юқори натижаларга эришганлиги, мажбуриятларини намунали бажарганлиги, шунингдек бошқа алоҳида хизматлари учун Ҳисоб палатасининг мансабдор шахслари Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотларига тақдим этилиши мумкин.

43-модда. Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларини уй-жой билан таъминлаш

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларига уй-жой ижараси учун пуллик компенсация тўланади.

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларига имтиёзли узоқ муддатли ипотека кредитларидан фойдаланган ҳолда уй-жой олиш ҳуқуқи берилади. 

44-модда. Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларини иш билан таъминлаш кафолатлари

Ҳисоб палатасининг мансабдор шахсларига уларнинг меҳнат фаолияти тугаганидан сўнг, улар Ҳисоб палатасига қабул қилингунига қадар эгаллаган аввалги иши (лавозими), у мавжуд бўлмаган тақдирда эса, унга тенг бўлган бошқа иш (лавозим) уларнинг давлат органларидаги ва бошқа ташкилотлардаги мутахассислиги ҳисобга олинган ҳолда берилади, бундан мансабдор шахснинг малакаси етишмаслиги ёки соғлиги ҳолати туфайли бажариладиган ишга нолойиқлиги ёхуд мансабдор шахснинг ўз меҳнат мажбуриятларини бузганлиги учун меҳнат фаолияти тугатилган ҳоллар мустасно.

8-боб. Якунловчи қоидалар

45-модда. Ҳисоб палатасининг молиявий ва моддий-техника таъминоти

Ҳисоб палатаси фаолиятининг молиявий ва моддий-техника таъминоти Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Молия-хўжалик департаменти томонидан амалга оширилади.

46-модда. Халқаро ҳамкорлик

Ҳисоб палатасининг чет давлатларнинг ташқи аудит ва молиявий назорат органлари, халқаро ташкилотлар ҳамда уларнинг ваколатхоналари билан ҳамкорлиги Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига ва халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

47-модда. Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

48-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

49-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

50-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун 2020 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                                    Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри,

2019 йил 1 июль

№ ЎРҚ—546


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019