Ўзбекистон гилоси илк бор Туманли Альбион расталарида пайдо бўлди

15:42 27 Май 2019 Жамият
1836 0

Ўтган ҳафта, тўғрироғи 25 май куни Лондон расталари, жумладан, шаҳардаги машҳур Ғарбий халқаро бозори(Western International Market)га Наманган вилоятидан сархил гилослар етказиб берилди. Бу Ўзбекистон-Буюк Британия савдо алоқалари тарихида илк воқеадир, деб хабар берди “Дунё” АА.

Дунёнинг турли мамлакатларидан сархил мева-сабзавот маҳсулотларини сотишга ихтисослаштирилган “Western International Market” Лондондаги энг йирик улгуржи бозорлардан ҳисобланади.

Серқуёш диёримизда етиштирилган гилоснинг илк партиясини ўз юртига импорт қилган Туманли Альбиондаги “AKS Services Group” компанияси бош директори Ваис Каис мазкур кунни тарихий деб атади.

“Бугун — тарихий кун. Ўзбек гилосининг илк партияси британ бозорига олиб келинди. Ўзбекистон — бетакрор мамлакат ва биз бир неча ой олдин ўзбек мева-сабзавот маҳсулотларини Буюк Британия бозорларига етказиб беришни бошлашга қарор қилган эдик”, - деди у.

Англиялик тадбиркор Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудлари, жумладан, Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани ва Наманган вилоятига ташриф буюрганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, компания Британияда импорт учун қўйиладиган барча талаблар, жумладан, сертификатлаш ва стандартлаш тартиб-таомиллари, санитар ва фитосанитар назоратидан ўтган. Ваис Каис синов натижасига кўра ўзбек гилоси аъло даражадаги таъм сифатига эга эканлиги яна бир бор ўз тасдиғини топганини таъкидлар экан, маҳсулот калибровка(ўлчам), саралаш ва қадоқлаш бўйича ҳам барча меъёрларга тўғри келганини билдирган.

“Биринчи етказиб келиш синов учун эди ва энди бизда келажак учун катта мақсадлар пайдо бўлди. Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотлари ҳажми ҳамда турини кўпайтиришни мўлжаллаяпмиз, - деди В.Каис”.

AKS Services Group техник директори Карим Мерчанд ҳам ўтказилган барча лаборатория тестларида ўзбек гилоси сифати тасдиқлаганига урғу берди.

Компания вакиллари яқин вақт ичида Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидан пиёз, бодринг, анор, ҳурмо, қуруқ мевалар каби мавсумий неъматларни ҳам импорт қилишни режаштирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер