Ўзбек миллий электромобили яратилди (фото)
Фарғона давлат политехника институтида таҳсил олиб, айни дамда Бухорода истиқомат қилаётган 27 ёшли Саидбек Ғуломов ўзбекона миллий электромобил ихтиро қилди. Бундай дейишимизнинг сабабларидан бири шундаки, Саидбек автомашина дизайнини яратишда Фарғона дўпписи шаклларидан фойдаланган.
— Енгил автомашина яратиш ғояси менда 2017 йилда туғилган эди, — дейди у. — Изланиш, ўрганиш ортидан сиз кўриб турган машина модели юзага келди. Унинг узунлиги 4 метр 75 сантиметрни, эни 2 метрни, баландлиги эса 1,53 метрни ташкил этади. Баландлиги “Кобольт” русумли машина билан деярли тенг.

Электромобилнинг кузови юз фоиз алюминийдан тайёрланди. Чунки бу материал енгил. У машинанинг юриш давомийлигини оширишга хизмат қилади. Автоуловнинг афзалликларидан бири ёқилғи сарфининг тежамкорлигида. Негаки, у электр токи воситасида юради. Бензин ва газ тежалади. 6,5 секундда 100 километр соат тезликка эришади. Қиёслаш ўрнида айтиш жоизки, “Малибу-2”да бу кўрсатгич 7,8 секундни ташкил этади. Нархи эса нисбатан арзон. Хомаки ҳисоб–китобларга кўра, 110–150 миллион сўм. Яна бир қулайлиги, у харидор хоҳиш–истагига кўра, индивидуал буюртма асосида ишлаб ишлаб чиқарилади.
— Бу моделни яратишда итальян, немис, инглиз, япон автомобилларининг барча устун жиҳатларини уйғунлаштиришга ҳаракат қилдим, — дейди ёш ихтирочи. — Унинг ягона камчилиги бу қайта зарядлаш вақтининг узоқ давом этишидир. Аммо ҳозир дунёнинг ривожланган давлатларида қаттиқ жинсли аккумуляторлар синовдан ўтказиляпти. Бу эса муаммонинг ечими борлигидан дарак беради. Электромобил бўйича патентга эга бўлиш учун республика Интеллектуал мулк агентлигига зарур ҳужжатларни топшириб, дастлабки хулосаларни олдик.

Айтмоқчи, бизда 14 кишилик жамоа шаклланган. Барчаси иқтидорли, изланувчан. Агар қобилиятли ёшлар бўлса, уларни ўз сафимизга қўшишга тайёрмиз.
Автоуловнинг моделини яратиш, инновацион ғояларни амалда татбиқ этишда ёш ихтирочига вилоят ҳокими ёрдам қўлини чўзди. Когон тумани ҳудудида фаолият кўрсатаётган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Когонремстройкомлект” Ўзбекистон –Россия қўшма корхонаси ҳомийлик қилмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Тошкентда дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ўртасида ХІХ халқаро мини-футбол турнири ташкил этилди
- Ҳар бир ҳудудда “Касаба уюшмалари боғлари” ташкил этилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг