Орол дарди ва сабоқлари. Исмоил Жўрабеков билан эксклюзив интервью

Фото: Х.Пайдоев / Халқ сўзи
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Орол фожиасининг салбий оқибатларини юмшатиш, минтақада экологик барқарорликни таъминлаш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларни нафақат юртдошларимиз, балки жаҳон ҳамжамияти ҳам диққат-эътибор билан кузатмоқда. Бинобарин, Орол дарди аллақачон оламнинг оғриқли дардига айланиб улгурган.
Мухбиримиз Оролбўйида амалга оширилаётган экологик тадбирлар, денгизнинг қуриган қисмида ўрмон барпо этиш ишларининг аҳамияти, шунингдек, Орол денгизи билан юз берган ҳодисанинг сабаблари ва сабоқлари тўғрисида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор, сув хўжалиги соҳасида таниқли мутахассис Исмоил ЖЎРАБЕКОВ билан суҳбатлашди.
— Оролни кўп кўрганман, ҳар йили бўлмаса ҳам икки йилда бир марта, албатта, борардим, — дея сўз бошлади Исмоил Ҳакимович. — Илк ташрифим аниқ эсимда. Ўшанда 1971 йил эди. Мўйноқ томон кетарканмиз, йўлнинг ўнг ва сўл томонида денгиз қирғоқларига тўлқинлар урилиб турарди. У вақтларда Орол сатҳининг пасайиши унчалик сезилмас, Сирдарё ва Амударёдан сув доим келиб турарди.

Баъзан сув бир оз камаяр, лекин бу иқлим шароитлари билан боғлиқ бўлиб, табиий ҳодиса эди.
Сув чекина бошлагани 1972 йилдаёқ маълум бўлиб қолди. Энг қийин давр 1979-1980 йилларга тўғри келди. Ўшанда денгиз шундай жадал суръатда орқага кетдики, қирғоғидан ҳатто 15 — 20 километргача нари кетди. Бугунги кунга келиб, денгизнинг аввалги қирғоғидан ҳозиргисигача бўлган масофа юз километрдан ҳам зиёдни ташкил этади. Бу — чинакам фожиа!
Қачондир катталиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда турган кўл деярли йўқолди, унинг ўрнида эса майдони 5,5 миллион гектардан иборат саҳро — Оролқум пайдо бўлди. Шамол бу ердан йилига юз миллион тоннагача қум ва тузни кўтариб, юзлаб километрга учиради. Бу, айниқса, Оролбўйида яшаб келаётган туб аҳоли учун ниҳоятда оғир шароит туфайли юзага келган катта синовдир. Аҳоли, биринчи галда, давлат томонидан кўрсатиладиган ёрдам ва кўмакка жуда муҳтож.
Тўғри, илгари Орол муаммосини ҳал этиш билан шуғулланилмаган, дея олмаймиз. Ўзбекистоннинг ўзида ҳам, халқаро миқёсда ҳам, масалан, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси томонидан турли чора-тадбирлар кўрилган. Назаримда, Оролбўйидаги вазиятни ўнглаш билан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра, аниқ ва комплекс тарзда шуғуллана бошладик. Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб, жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини Орол фожиаси оқибатларини енгиш учун фаол бирлаштиришга чақирди ҳамда ундан зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш бўйича қабул қилинган махсус БМТ Дастурини тўлиқ ҳажмда рўёбга чиқаришга даъват этди.
Халқаро ҳамжамият Ўзбекистон етакчисининг ташаббусига қўшилди. Мисол учун, БМТ ҳузурида Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди тузилди. Унга турли мамлакатлардаги донорлардан ҳудудда яшаётган аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган лойиҳалар рўёби учун маблағ келиб туша бошлади.
Орол фожиасининг салбий оқибатларига қарши курашда бошқа давлатларнинг кўмаги жуда муҳим. Мазкур кенг кўламли ишга Ўзбекистоннинг ўзи бош бўлиши керак. Дарҳақиқат, мамлакатимизда ушбу йўналишда қатор йирик лойиҳалар фаол амалга ошириляпти. Масалан, Оролнинг қуриган қисмида саксовул экишга алоҳида эътибор бериляпти. Маълумотларга кўра, мустақиллик йилларида Оролбўйида саксовулзорлар 400 гектардан ортиқ майдонни ташкил этган. Аммо ҳамма кўчатлар ҳам тутиб, ўсиб кетмаган. Давлатимиз раҳбари томонидан 500 минг гектар ерга кўчат экиш топшириғи берилди. Шу кунларда оммавий ахборот воситалари орқали барчамиз кўриб-кузатиб турганимиздек, Орол туби бўйлаб ўнлаб ҳайдов ва чопиқ тракторлари ариқ тортмоқда. Улар республикамизнинг барча вилоятларидан шу ерга жалб этилган. Тортилган ариқларга 50 сантиметр чуқурликда саксовул экиляпти, яъни барча агротехника қоидаларига риоя қилинмоқда. Бу эса бир неча йилдан сўнг Оролқум ўрнида миллионлаб дарахтлар ўсиши, қум бўронини тўсиб қолишга қодир бўлган ҳақиқий чўл ўрмони — саксовулзор юзага келишига ишонч уйғотмоқда.
Мамлакатимизда Оролбўйида турмуш шароитларини яхшилаш бўйича белгиланган чора-тадбирларни рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор берилмоқда. Жумладан, Мўйноқ туманида барча талабларга жавоб берувчи замонавий тураржойлар барпо этилади, ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектлар қурилиб, зарур инфратузилма яратилади. Бугунги кунда ўша ерга ҳар сафар борганимда, катта ўзгаришларга гувоҳ бўляпман.
— Исмоил Ҳакимович, бугунги кунда Орол билан боғлиқ ҳалокат оқибатларини юмшатишга қаратилган чора-тадбирлар нафақат фаоллашди, балки янада аниқ режалар асосида олиб борилмоқда. Лекин нима бўлганда ҳам, бу — оқибатларга қарши ишлар. Хўш, аслида унинг дастлабки сабаблари ҳақида сўзлаб бера оласизми? Ўзбекистонда янги ерларни ўзлаштиришнинг илк ташкилотчиларидан бири сифатида Сизнинг фикрингиз, қарашларингиз кўпчилик ўқувчиларимиз учун қизиқ, албатта.
— Орол фожиасининг илк сабаблари нимада? Мен бу масалада кўплаб мутахассислар, олимлар ва экспертларнинг фикри билан танишман. Айтиш лозимки, бу — ниҳоятда мураккаб мавзу. Баъзан ушбу масала бўйича баҳс бошланса, ҳис-туйғуларга берилиб кетиш ҳам кузатилади. Ўз вақтида у, менимча, ҳаддан ташқари сиёсийлаштириб юборилган эди.
Хўш, фожиага ўзи нима олиб келди? Буни тушуниш учун, келинг, ҳис-туйғуларни бир четга суриб, оддий далилларга мурожаат қилайлик. Харитага қаранг. Сирдарёни олсак, у Тожикистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудларидан оқиб ўтади. Лекин дарё оқимининг деярли тўртдан уч қисми Қирғизистонда шаклланади, яъни музликлар эришидан ҳосил бўлган Қорадарё ва Норин дарёларининг қўшилишидан Сирдарё ташкил топади. Амударё оқимининг 80 фоизи эса Тожикистон ва Афғонистондаги тоғларда вужудга келади. Шундан кейин бу дарё Ўзбекистон ва Афғонистон чегараси бўйлаб оқади, Туркманистоннинг шимоли-шарқий қисмини кесиб ўтиб, яна Ўзбекистон ҳудудида оқишни давом эттиради. Ҳаттоки, бугунги глобал исиш ва музликлар эриши шароитида ҳам Оролни тўлдириб турган бу икки дарёнинг суви уни сақлаб қолиш учун етган бўлар эди.
Энди тарихга назар ташласак. Ўтган асрнинг 60-йилларида Ўрта Осиёнинг барча республикалари ва Қозоғистонда жадал суръатлар билан чўлларни ўзлаштириш бошланди. Йилига 70 — 80 минг гектар ер ўзлаштирилар эди. Бир гектар майдонни қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун тайёрлаш, у ерда ҳосил етиштиришга ҳеч бўлмаганда ўн ва ундан ортиқ минг куб метр сув керак бўлади. Шундай қилиб, чўлни ўзлаштириш учун ҳар йили 600 — 700 миллион, баъзан бир миллиард куб метргача сув сарфланар эди. Сирдарё ва Амударёдан сув олиш ҳажми йилдан-йилга ортиб борди. Вақти келиб, дарёлар энди Оролга етиб бормай қўйди, бундай ҳолат кейинги йилларда юз берди.
Хўш, биз Оролни йўқотиб қўйишимиз мумкинлигини қачон тушуниб етдик? Аслида чўл ерларни кенг кўламда ўзлаштириш натижасида дарёлар суви Оролга етиб бормаслиги аввалдан маълум эди. Шуни билган ҳолда, нега бўлмаса, бунчалик тез ўзлаштириш ва кўп сув сарфига йўл қўйилди?
Бунга бир нечта сабаб бор эди. Шулардан асосий иккитасини келтириб ўтаман. Биринчи галда — Ўрта Осиё республикаларида аҳоли сонининг йилига 2 — 2,5 фоизгача ўсиши. Шу ўринда қатор саволлар пайдо бўлади. Мабодо, ўша вақтда суғориладиган ерлар майдони 1,8 миллиондан 4,3 миллион гектаргача етказилмаганида, бугун Ўзбекистон ўзининг 33 миллиондан зиёд аҳолисини боқа олармиди? Тўғри, ерлар, асосан, пахта экиш мақсадида ўзлаштирилган ва кўпгина озиқ-овқат маҳсулотлари Ўзбекистонга бошқа республикалардан келтирилган. Бу — собиқ иттифоқ марказининг ўша даврдаги сиёсати эди. Лекин агар ўшанда ерлар ўзлаштирилган бўлмаганида, иттифоқ парчаланиб кетганидан кейин қандай аҳволга тушиб қолардик — буни энди тасаввур қилиш қийин эмас. Озиқ-овқат маҳсулотларини четдан валютага сотиб олишга тўғри келган бўларди, мустақил республикада эса валюта етишмасди. Шу ерда Ўзбекистон суверенитетга эришган дастлабки кунларда бор-йўғи бир ҳафтага етадиган буғдой захираси мавжуд бўлганини эслашнинг ўзи кифоя. Ўшанда ва ундан кейин ҳам валюта, асосан, пахта толасини экспорт қилиш ҳисобига топилган ва унга озиқ-овқат маҳсулотлари, энг аввало, дон харид қилинган.
Орол учун салбий оқибатларга олиб келишини билган ҳолда, барибир нимага чўл ўзлаштиришга зўр бериб, Сирдарё ва Амударёнинг сув захиралари кўп сарф қилинаверган? Энди бунинг иккинчи сабабига келсак. Бу Ўзбекистонни ҳам, қўшни республикаларни ҳам ривожлантириш билан боғлиқ. Айнан ўша даврда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни жадал кўпайтириш билан бир қаторда, йирик корхоналар ҳам қурилган, улар эса ҳам маҳсулот ишлаб чиқарган, ҳам аҳолини иш ўринлари билан таъминлаган. Ерларни ўзлаштириш билан бир пайтда, бугун миллионлаб одамлар яшаётган аҳоли пунктлари бунёд этилган. Яъни агар янги ерларни ўзлаштирмаганимизда, иқтисодиётимизнинг бугунги тараққиёти даражасига, унинг мустақиллик йилларидаги ўсиши учун замин яратишга эришган бўлмасдик.
Йўқ, ҳозир ҳикоя қилаётганларимни ўз вақтида Оролни ҳалокатга олиб келган саъй-ҳаракатларни оқлаш, дея қабул қилмаслигимиз керак. Асосий айб инсоннинг табиатга аралашувида эканлиги аниқ. Шундай бўлса-да, адолат нуқтаи назаридан, инсонга нима учун шу қадамни қўйиш зарур бўлганини ҳам ҳисобга олишга тўғри келади. Унчалик чиройли бўлмаса ҳам, қуйидаги ўхшатишни келтирмоқчиман: тарозининг икки палласини кўз олдимизга келтирсак, бир паллада — Орол қисмати, иккинчи паллада эса — бугунги кунда эришганларимизнинг катта қисми ва кўплаб одамлар тақдири.
— Олдиндан тасаввур қилиш мумкинки, бундай ўхшатиш кўпчиликка ҳам ёқавермайди. Аммо тарозининг икки палласини мувозанатга келтириш, яъни ҳам Оролни сақлаб қолиб, ҳам ерларни ўзлаштириш учун бошқа йўл бўлмаганми?
—Бўлган. Ўзбекистонда “юқори”дан туширилган ҳар бир буйруқни ҳамма индамай бажараверган, деб ўйлаш керак эмас. Оролга сув қуйилмай қўйиши аниқ бўлгач, Шароф Рашидов бошчилигидаги ўша вақтдаги республика раҳбарияти бу масалани собиқ иттифоқ раҳбарияти олдида кўтариб чиққан. Унга қулоқ тутишган ва Сибирь дарёлари оқимининг бир қисмини Қозоғистон ҳамда Ўрта Осиё республикаларига буриб юбориш бўйича қарор қабул қилинган. Қарорда Сирдарё ва Амударёдан янги ерларни ўзлаштириш учун олиб сарфланаётган сувнинг ўрнини қоплаш мақсадида Сибирь дарёларидан 17 куб километргача сувни бизнинг минтақага йўналтириш кўзда тутилган. Бундай ҳажмдаги обиҳаёт Оролни тўлдириш учун етган бўларди. Бу иш бошлаб ҳам юборилди. Айрим маълумотларга кўра, ўшанда Сибирь дарёлари ўзанини ўзгартириш лойиҳаси устида 160 дан ортиқ ташкилотлар, 48 та лойиҳа ва 112 та илмий-тадқиқот институти, иттифоқ миқёсидаги 32 та вазирлик ҳамда иттифоқдош республикаларнинг 9 та вазирлиги ишлаган. Ўзбекистонда бу улкан лойиҳани рўёбга чиқариш учун қурилишга тамал тоши қўйилган. Аммо юз берган муайян воқеалар, раҳбарият алмашинуви туфайли собиқ “марказ”да турли-туман фикрлар кўпайиб, лойиҳа ўта қизғин муҳокамага учради. Асосан, катта минтақанинг экологиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деган важлар кўрсатилди, шундай қилиб, лойиҳа бўйича ишларни тўхтатишга қарор қилинди.
Агар лойиҳа амалга оширилганда, бошқа минтақаларга қандай таъсир кўрсатган бўлар эди, буни ҳозир айта олмайман. Ўзбекистон эса мазкур лойиҳадан ютиши аниқ эди ва Орол ҳам қуримасди. Аммо... тарихий мазмундаги матнларда грамматик жиҳатдан (“шундай бўлганда эди” каби шаклларда) “феълнинг шарт майли” қўлланилмайди.
— Сибирь дарёлари оқимининг бир қисмини Қозоғистон ҳамда Ўрта Осиё республикаларига ташлаш бўйича кейинроқ ҳам яна лойиҳалар ишлаб чиқилган-ку?!
—Уларни пухта ҳисоб-китобларга асосланган лойиҳа, деб аташ қийин. Кўпинча ғоя босқичида қолиб кетган. Улар устида олимлар, вазирлик ва идоралар иш олиб бормаган. Тўғрисини айтганда, у ёки бу кўринишдаги шунга ўхшаш лойиҳа, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам керак.
Мен нимани назарда тутяпман? Айни замонда ҳамма Орол фожиасида Ўрта Осиё республикаларини айблаш билан овора — гўёки қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун жуда катта ҳажмдаги сувни сарфлаётгани сабабли. Ваҳолонки, ҳозирча ўзини намоён қилмаётган бошқа каттароқ хавф ҳам мавжуд. Яна бир марта харитага қараймиз. Амударёга Афғонистон ҳудудининг катта қисми ҳам туташ. Ўша ерда, яъни дарё оқимининг чап тарафида 600 минг гектарга яқин кафтдек текис ер майдони бор. Ҳозирги мураккаб шароитда ерни комплекс ўзлаштириш учун на шароит, на маблағ ва на қувватлар етарли, шу боис бу масала ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. Агар вазият ўзгариб, шу ерларни ўзлаштириш бошланса, сувни, албатта, Амударёдан олишади-да. Кейин бундай ҳолат пастки қисмда жойлашган Ўзбекистон ва Туркманистон учун қандай таъсир кўрсатади, башорат қилиш қийин. Унда экологларнинг ҳаракатлари фойда берадими, йўқми?
Воқеаларнинг бундай ривожи яқин келажакда намоён бўлиши кўриниб турибди. Демак, унга тайёр бўлиш лозим.
— Лекин унда Сибирь дарёлари оқимининг бир қисмини буриш бўйича лойиҳалардан умид қилиш беҳуда бўлади. Яхшиси, ўз куч ва имкониятларимизга таяниб, сув тежовчи технологияларни кенг ва жадал жорий этиш билан шуғулланганимиз маъқул бўлса керак?
—Ҳозирча бундан бошқа ечимни кўрмаяпман. Кейинги вақтларда мамлакатимизда айнан сув захираларидан тежаб фойдаланишга катта эътибор қаратилмоқда. Президентимиз аграр соҳага хос хусусиятлар ва сув таъминоти масалаларини яхши билади. Янги сув омборлари қурилмоқда. Кўп суғориш талаб этиладиган экин майдонлари қисқартириляпти. Бу, масалан, ғўза — ҳар бир гектар далага ўн минг куб метргача сув сарфланади ёки шоли — уни етиштиришда ушбу кўрсаткич 20 — 22 минг куб метрга етади. Уларнинг ўрнига боғлар ва узумзорлар барпо этилмоқда, яна кам сув талаб қилувчи бошқа экинлар экиляпти.
Томчилатиб суғоришга тенг келадиган муқобил усул йўқ. Давлатимиз раҳбари томонидан ерларнинг кўп қисмида шу технологияга ўтиш масаласи кўтарилгани бежиз эмас. Унинг фойдалилиги аввал ҳам маълум эди. Лекин жорий этиш учун маблағ ҳам, жиҳозлар ҳам, техника ҳам йўқ эди. Энди бўлса, буларнинг ҳаммасини топиш учун энг юқори даражада чоралар кўрилмоқда. Мен ўзим иккита қўшни далада ғўза қандай етиштирилаётганига гувоҳ бўлдим. Биттасида томчилатиб суғориш усули, иккинчисида эса анъанавий усул қўлланилмоқда. Натижани қаранг: биринчи даладан иккинчисига нисбатан 35 фоиз кўпроқ пахта ҳосили териб олинибди ва уч баравар кам сув сарфланибди.
Хитойда бўлганимда бир фермернинг даласи ёнида тўхтаб, ҳосил етиштириш учун қанча миқдорда сув сарфлашини сўраган эдим. У “гектарига 3 800 — 4 000 куб метр”, деб жавоб берди. Ишонмаган эдим, фермер мендан хафа бўлиб қолди. Ахир бизда ўшанча жойга 12 ва ундан ортиқ минг куб метр сув сарфланади-да. Бунинг сири эса айнан томчилатиб суғоришда экан.
Тўғри, томчилатиб суғориш соҳасида дунёда Исроил давлати етакчилик қилади, у ерда ушбу технология барча суғориладиган ерларнинг деярли 75 фоизида жорий этилган. Лекин майдон катталиги жиҳатидан оладиган бўлсак, у рақобатлаша олмайди. Масалан, Хитойда томчилатиб суғориш беш миллион гектардан зиёд майдонларда, Ҳиндистонда эса икки миллион гектар ерда қўлланилади. Бизнинг мамлакатимизда-чи, бу усул 50 минг гектардан камроқ майдонда жорий этилган ва мазкур кўрсаткич барча суғориладиган ерларнинг атиги бир фоиздан зиёдроғини ташкил қилади. Ана энди Ўзбекистон сув тежаш бўйича қандай катта салоҳиятга эга экани кўриниб турибди.
— Агар ўз вақтида Сув хўжалиги вазирлиги тугатилмаганида, балки томчилатиб суғориш анча илгарироқ жорий этилиб, сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳам ошган бўлармиди?
—Ҳа, мен буни катта хато, деб ҳисоблаганман ва ҳозир ҳам шундай деб ўйлайман. Ўша вақтда Сув хўжалиги вазирлигини тугатишга иложи борича қарши чиққанман. Афсуски, бу қарорга таъсир кўрсата олмаганман. Энди Президент Шавкат Мирзиёев Сув хўжалиги вазирлигини қайта тиклагани ва унга энг жиддий вазифаларни юклаганидан хурсандман. Ҳеч кимни танқид қилмоқчи эмасман-у, кўп йиллар давомида катта меҳнат эвазига қурилган иншоотлар борган сари яроқсиз ҳолга келаётганини кўриш биз, ирригаторлар учун аянчли эди. Натижада 600 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати ёмонлашди, 200 минг гектар ер эса умуман фойдаланишдан чиқиб кетди. Ўзбекистон учун 200 минг гектар ер қандай аҳамиятли эканини биласизми? Бу — дастурхонимизни безаши ва экспорт қилиниши мумкин бўлган улкан ҳажмдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дегани. Бу — юз минглаб иш ўринлари дегани. Ишонасизми, баъзи қишлоқларда сув йўқ бўлгани учун ҳаёт ҳам йўқолди, одамлар иш излаб бошқа жойларга кетиб қолишганди. Буни кузатиш нақадар ачинарли эди! Энди эса қайта тикланган мелиорация тизими ерни яна жонлантирмоқда, одамлар ҳам ўз жонажон ерига қайтяпти! Мана, давлатимиз раҳбари белгилаб берган мақсад. Лекин йўқотилган тизимни қайта тиклашнинг ўзигаёқ ҳеч бўлмаганда 3-4 йил кетади. Бу давр ичида фойдаланишдан чиқиб кетган ер майдонлари тикланади ва уларда яна деҳқончилик қилиб, ҳосил ундириш мумкин бўлади. Юз минглаб гектар ерларда мелиоратив ҳолатни яхшилаш тадбирлари олиб борилади. Мен ҳам ўз тажрибам билан Сув хўжалиги вазирлиги мутахассисларига ёрдам бериш орқали бу катта ишга ҳисса қўшишим мумкинлигидан хурсандман.
— Исмоил Ҳакимович, асосий мавзуга қайтсак. Демак, Орол бутунлай кетди ва энди қисман бўлса-да тикланмайдими?
—“Ҳеч қачон “ҳеч қачон” дема”, деган ибора бор. Лекин хавотирдаманки, аввалги Оролни, ҳатто кичикроқ ўлчамда бўлса ҳам, энди кўрмаймиз. Унинг ўрнида ҳозир мавжуд бўлган учта кўл сақланиб қолади. Улар Сирдарё ва Амударёдан эмас, балки ер ости сувлари ва бошқа манбалардан сув олади. Пайдо бўлган Оролқумга саксовул ва қурғоқчиликка чидамли бошқа ўсимликларни экиш зарур. Энг муҳими, Оролбўйи аҳолиси учун яхши шароитлар яратиш, уларнинг саломатлиги, муносиб турмуш тарзи ва меҳнат қилиши учун ҳаракат қилиш керак.
Афсуски, Оролни қайтара олмаймиз. Фақат, биласизми, Ўзбекистондагина эмас, балки бошқа мамлакатларда ҳам Орол фожиаси берган сабоқларни яхши англаш, инсон фаолияти, у ҳатто эзгу ниятлар билан қилинган бўлса-да, аянчли натижага олиб келиши ҳеч гап эмаслигини чуқур тушуниш лозим.
Бу — сабоқлар жуда долзарб. Негаки, дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам денгиз ва уммонларни тўлдирувчи дарёлар сувидан хўжалик мақсадлари учун назоратсиз фойдаланиш ана шундай вазиятга олиб келяпти, оқибатда уларнинг ҳажми кичрайиб бормоқда. Мутахассисларга ишонадиган бўлсак, кейинги 40 йил ичида машҳур Ўлик денгизнинг майдони уч баравар қисқарибди. У икки бўлакка бўлиниб қолган ва саёзлашиб бормоқда, ҳатто ярим асрдан сўнг умуман йўқолиб кетишини ҳам башорат қилишмоқда. 1960 йилдан бошлаб Африкадаги энг катта сув омбори — Чад кўли ҳам кичраймоқда. АҚШдаги Катта Тузли кўл ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Эроннинг шимоли-ғарбий қисмидаги Урмия кўли дунёдаги энг катта оқмас шўр кўл ҳисобланади, айни вақтда уни қутқариш бўйича иш олиб бориляпти. Мабодо, у қуриса, ўрнида миллиардлаб тонна туз қолади. Ҳавза яқинида яшайдиган миллион-миллион кишилар бўлса, худди Оролбўйи аҳолисига ўхшаган ҳолатга тушади.
Бунинг устига, кўл ва денгизларни тўлдириб турувчи дарёлардан (айниқса, улар трансчегаравий бўлса) сув олишни назорат қилиш жуда қийин. Баъзи экспертлар эса дунёнинг муайян минтақаларидаги чучук сув ва озиқ-овқат тақчиллиги ҳатто мамлакатлар ўртасида низо келиб чиқишига сабаб бўлиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас, дейишмоқда.
Дарвоқе, бу ерда ҳам Ўзбекистон тажрибаси қўл келиши мумкин. Сув захиралари сабабли қўшни мамлакатлар билан бизнинг ўртамизда баҳслар бўлгани эсимизда. Баъзан ўзаро даъво қилишгача борганмиз. Шавкат Мирзиёевнинг Президент бўлганидан кейин биринчи қилган иши қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш ва ҳамкорлик ўрнатиш бўлди, шу жумладан, сув захираларидан биргаликда фойдаланиш масаласида ҳам. Маълум бўлдики, “давра столи” атрофида, учрашув ва музокаралар йўли билан, сув масаласини қўшиб ҳисоблаганда, кўпгина муаммоларни ҳал қилиш мумкин экан. Мана, ўтган йили сув тақчиллиги сезилган вақтда қўшнилар билан бирга, шундай қўшма чора-тадбирлар қўлланилдики, сувсизликдан кўриладиган зарар минимал даражагача камайтирилди.
Қисқаси, яна бир бор такрорлайман, Орол фожиасининг сабоқлари жуда долзарб ва ҳамма улардан тегишли хулоса чиқариши лозим.
Собир АЛИЕВ (“Халқ сўзи”) суҳбатлашди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда нутқ сўзлади
- Нодавлат олий таълим муассасалари устав фондини камида 2 миллион АҚШ доллари эквивалентида шакллантирилиши шарт – Вазирлар Маҳкамаси қарори
- «Жасорат мактаблари»га ўқувчиларни қабул қилиш тартиби белгиланди
- Етакчилар «Иморат» тарихий-меъморий мажмуасига борди
- «Халқ сўзи» бўлим муҳаррири «Олтин қалам» мукофоти соҳиби бўлди
- Хива шаҳрида Биринчи Ўзбекистон-Озарбайжон парламентлараро форуми муваффақиятли якунланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг