Ногиронлиги бор шахсларнинг таълим олиши, ёш спортчилар ва йўл-транспорт ҳодисаларининг сабаблари ва оқибатлари қўмиталар йиғилишида атрофлича ўрганилди

19:19 12 Декабрь 2018 Сиёсат
447 0

Эртага Тошкентда Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлайди. Бугун кун давомида Сенат қўмиталарининг мажлислари бўлиб ўтди.

Кун тартибидан мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти, унинг дунё давлатлари билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш билан боғлиқ янги қонун ҳужжатлари муҳокамаси, юқори палата қошида иш олиб бораётган бир неча ишчи гуруҳлари ва комиссияларнинг йиллик ҳисоботини эшитиш каби масалалар ўрин олган. Сенаторлар 2018 йил давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисобот ва 2019 йилдаги бюджетнинг асосий параметрларини ҳам кўриб чиқади. 

 

Хусусан, Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлисида имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Сўнгги икки йил мобайнида эҳтиёжманд инсонларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган ҳукуматнинг қатор қарорлари қабул қилинди. Олий таълим муассасаларига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилиш тартиби ишлаб чиқилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

Бироқ, олиб борилаётган ижобий ишларга қарамай, мамлакатимиз таълим соҳасида ушбу йўналишда қатор камчилик ва муаммолар ҳамон ўз ечимини кутмоқда. Хусусан, республика бўйича 9628 та умумтаълим мактабида таҳсил олаётган имконияти чекланган ўқувчилар тўғрисида статистик маълумотлар Халқ таълими вазирлиги томонидан юритилмайди. Бу эса, ўз навбатида, ўқувчиларнинг ногиронлик турлари ва гуруҳидан келиб чиқиб, таълим бериш усулларини кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш имкониятини чекламоқда.

Мактабга қатнай олмайдиган имконияти чекланган болаларнинг уй шароитида ўқитилишига давлатимиз томонидан алоҳида аҳамият берилаётган бўлса-да, жойлардаги мутасаддиларнинг эътиборсизлиги оқибатида бу шаклда билим бериш жараёни сифатли ташкил этилмаяпти. Ўқитувчиларга белгиланган тартибда қўшимча ҳақ ва йўл ҳақи компенсацияси тўланса-да, ногирон боланинг уйига бориб доим ҳам дарс ўтилмаяпти. Мактаб директорлари, синф раҳбарлари ва ўқитувчилар “Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ҳамда узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларнинг уйда якка тартибда таълим олишларини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига тўлиқ риоя этмаяпти.

Қолаверса, уйда якка тартибда таълим олувчи ўқувчиларни зарур ўқув қуроллари билан таъминлаш ишлари йўлга қўйилмаган. Бундай шаклда таълим олган ўқувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кирганлиги тўғрисида статистик ва таҳлилий маълумотлар юритилмаслиги уйдаги таълимининг сифат даражасини аниқлаш имконини бермаяпти.

Зарур асбоб-ускуналар ва эшитиш мосламаларининг чет элдан қиммат нархларда келтирилиши, уларни ишлаб чиқаришнинг мамлакатимизда йўлга қўйилмагани таълим муассасаларининг моддий-техник базасини кучайтириш имконини бермаяпти. Бу йўналишда мутасаддилар томонидан Республика маҳаллийлаштириш дастурларига тегишли бандлар киритилса ва уларнинг ўзимизда ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилса, кўплаб муаммолар ҳал этилиши мумкинлиги айтилди.

Шунингдек, мажлисда Олий ва ўрта махсус таълими вазирининг ҳамда Халқ таълими вазири ўринбосарининг муҳокама этилаётган масала юзасидан ахбороти эшитилди.

Мажлис якуни бўйича муҳокама этилган масала юзасидан Бош вазир ўринбосари А. Абдуҳакимовга парламент сўровини юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлисида эса “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуннинг Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигидаги ижроси юзасидан ўтказилган ўрганишлар натижалари таҳлил қилинди.

Спорт турлари бўйича жорий йилнинг ноябрь ойига қадар 84 мингдан зиёд спорт мусобақаси ташкил этилди, улар туман, шаҳар, вилоят ва республика миқёсида ўтказилган. Улар орқали миллий терма жамоа аъзолари таркибига кўплаб ёш иқтидорли спортчилар саралаб олинган.

Ўрганишлар давомида соҳага оид бир қатор камчиликлар ҳам аниқланган. Хусусан, спорт йўналишидаги таълим муассасаларини тамомлаган ёшларнинг бандлигини таъминлашда сусткашликка йўл қўйиляпти. Масалан, республикадаги 15 та ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб интернатини кейинги икки йилда жами 3216 нафар спортчи тамомлаган. Улардан 1984 нафари иш билан таъминланган, 785 нафари юртимиздаги олий таълим муассасаларида, 95 нафари хориждаги олий таълим муссасаларида ўқишни давом эттираётган бўлса, 256 нафари иш ёки ўқиш билан таъминланмаган.

Мамлакатимизда спорт соҳасидаги кадрларга эҳтиёж мавжудлиги инобатга олинса, битирувчиларнинг кейинги тақдири юзасидан мониторинг ишлари самарали ташкил этилмагани ойдинлашади.

Вазирлик томонидан профессионал спортчилар билан ишлашда самарали тизим йўлга қўйилган бўлса-да, аҳолини оммавий спортга жалб этиш, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғуллантириш ишлари етарли даражада йўлга қўйилмаган. Дарсдан ташқари вақтларда таълим муассасаларидаги спорт объектларидан барча ёшдаги одамларнинг фойдаланиши ташкил этилмаган.

Жойлардаги бўш турган хусусий объектлар негизида аҳолини оммавий спортга жалб қилиш учун имтиёзли хизмат кўрсатувчи спорт марказларини ташкил этиш, таълим муассасаларидаги спорт залларида ҳамда бўш турган объектларда спорт секцияларини очиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилмоқда.

Мажлисда ўрганиш давомида аниқланган камчиликларнинг сабаблари атрофлича таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан фикр-мулоҳаза ва тавсиялар билдирилди.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси доирасида “Автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб масалалари: амалиёт ва истиқболдаги вазифалар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Ўтган йиллар давомида автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш тизими тубдан қайта кўриб чиқилиб, ушбу йўналишда Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, “Ўзавтотранс” агентлиги ҳамда бошқа тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда бир қатор амалий ишлар қилинган.

Биргаликда олиб борилган тизимли ва изчил сиёсат натижасида 2018 йилнинг 9 ойи давомида 2017 йилнинг шу даврига нисбатан республика ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари 9,7 фоизга, уларда ҳалок бўлганлар сони 7,8 фоизга, жароҳатланганлар сони 12,2 фоизга камайган.

Бироқ, эришилган натижаларга қониқиб бўлмайди. Бу йўналишдаги фаолиятни кучайтириш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойида йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилиш омиллари ва бунга имкон яратаётган шарт-шароитлар аниқланиб, уларга барҳам бериш борасида Бош прокурор ва Ички ишлар вазири томонидан қўшма фармойиш имзоланди. Унга кўра, ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан жойларда 2018-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ижроси ва соҳага алоқадор бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ўрганилди. Бу жараёнда айниқса, автотраспорт воситаларининг техник ҳолатига аҳамият берилди. Аниқланишича, 2017 йил ва жорий йилнинг 9 ойида жами 700 мингга яқин автотранспорт воситаси мажбурий техник кўрикдан ўтмаган. Ваҳоланки, йўлда рўй берган, бир қарашда арзимасдек туюлган носозлик нохуш оқибатларга олиб келиши мумкинлиги барчага маълум.

Шу муносабат билан тадбирда автоулов эгалари ва ҳайдовчиларининг мазкур масала юзасидан масъулиятини ошириш, зарур бўлса, тегишли қоидаларга ўзгартиш киритиш лозимлиги айтилди.

Анжуманда ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезликни ошириш, маст ҳолда автотранспорт воситасини бошқариш каби қоидабузарликларнинг кўпайиши оқибатида Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Андижон каби қатор вилоятларда нохуш воқеалар кўпайгани қайд этилди. Шу муносабат билан республикамиз ҳудудида транспорт воситаларининг ҳаракатини назорат қилишнинг самарадорлигини ошириш, айниқса умумий фойдаланиладиган халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга эга автомобиль йўлларида хизмат ўтаётган ходимларнинг масъулиятини янада кучайтириш зарурлиги билдирилди.

Шунингдек, барча мавжуд йўл белгиларини замонавий юқори интенсив (нур қайтарувчи) қопламали йўл белгиларига алмаштириш, халқаро ва давлат аҳамиятдаги автомобил йўлларига йўл қатнов қисмини иккига ажратиб турувчи бетон ва темир тўсиқларни ўрнатиш ишларини давом эттириш чораларини кучайтириш зарурати таъкидланди.

Барча кўриб чиқилган масалалар бўйича тегишли тавсиялар қабул қилинди.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг мажлисида сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.

Мамлакатимизнинг келгуси йилга мўлжалланган энг муҳим молиявий ҳужжати Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида” Фармонида кўзда тутилган ўзгаришлар асосида ишлаб чиқилган.

Унга кўра, аввало мамлакатда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётга солиқ юкини камайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга солиққа тортишнинг умумий тизими бўйича тўловларни амалга ошираётган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида солиқ юки борасидаги номутаносиблик бартараф этилади.

***

Шунингдек, Сенатнинг қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси, Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси , Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг йиғилишларида кун тартибига доир масалалар кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Мунисхон КАРИМОВА.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019