“Навоий азот” АЖнинг сохта вакилини номери ўтмади

16:04 07 Сентябр 2018 Жамият
2410 0
Фото: afisha.uz

Темур Эшбоев, “Халқ сўзи online”/Навоий. “Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Ўзбекистон маҳалласи фуқароси Ойбек Жўраевнинг Навоий шаҳрига “гастрол”идаги фирибгарлик номери ўтмади.

Ойбек Навоий шаҳридаги “Навоий шарқ нури” МЧЖ раҳбарига ўзини “Навоий азот” АЖ вакили сифатида таништириб, унинг ишончига киради. Масъулияти чекланган жамиятга қарашли “Артел” савдо дўконидан 3 дона телевизор ва 2 дона совутгич — жами қиймати 10 миллион 845 минг сўмлик товарни сотиб олиш истагини билдириб, пулларни “Навоий азот” АЖдан олиб беришини баён этади.

МЧЖ раҳбари укасига товарларни манзилга элтиб қўйиш ва бир йўла пулни олиб қайтиш топшириғини беради.

Ойбек йўл-йўлакай уканинг ҳам ишончига кириб, буюмларни Кармана туманидаги савдо дўконларидан бирининг ёнига тушириб, “Навоий азот”га йўл олишади. Кетаверишда эса 10-кичик тумандаги деҳқон бозори ҳудудида уни адаштириб, фирибгарлик йўли билан буюмларни қўлга киритади.

Ички ишлар идораси ходимлари олиб борган тезкор тадбирлар натижасида фирибгар қўлга олиниб, мазкур ҳолат юзасидан О. Жўраевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди ҳамда унинг шунга ўхшаш жиноятларга дахлдор ёки дахлдор эмаслиги суриштирилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?