Намозгоҳнинг ноласини ким тинглайди?

15:03 14 Май 2019 Маданият
568 0

Фото: «Халқ сўзи»

Маълумотларга қараганда, айни дамда Бухоро вилоятида жами 660 та (мажмуа ва ансамбллар таркибидаги объектлар билан бирга ҳисоблаганда жами 777 та) моддий маданий мерос объекти мавжуд. Улар давлат муҳофазаси остига олинган. Тарихий ёдгорликларни асраш, таъмирлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Бу ўринда Бухоро шаҳрининг тарихий марказида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларни эслашнинг ўзи кифоя. Ёки бошқа бир далил. Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий – ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Бухоро ва Навоий вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекциясида ишловчиларнинг билдиришларича, ҳозиргача 52 та объект инвестиция киритиш шарти билан тадбиркорларга танлов асосида берилган. Бу эса мазкур тарихий иншоотларни асраб – авайлаш, таъмирлаш, улар умрига умр қўшишда қўл келади.

Фото: «Халқ сўзи»

Шу билан бирга турли сабабларга кўра эътибордан четда қолаётган, ташқи таъсир (ёмғир) оқибатида нураб бораётган ноёб ёдгорликлар ҳам афсуски, оз эмас. Улардан бири Намозгоҳ масжидидир. Бу ҳақда тўхталишдан аввал обидага оид айрим маълумотларга бир қур назар ташлаш фойдали, албатта.

Буюк аждодимиз Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида ёзилишича, турк хоқони Арслонхон шаҳарга яқин жойда намозгоҳ қилишга буйруқ берган. Натижада 1129 -1120 йилларда Намозгоҳ қуриб битказилган. Бу ерда Ийд намози ўқилган. Байрам қилинган. Ён – атрофи боғ – роғ, жуда хушманзара бўлган. Бинобарин, Намозгоҳ 900 йиллик тарихга эга. Бунақанги узоқ ва бой тарихга эга обидалар дунёнинг ҳамма жойида ҳам учрайвермайди. Лекин Намозгоҳнинг бугунги аҳволини кўрган киши ёқа ушлаши тайин. Салобатли иморат қаровсизлик оқибатида нураб бормоқда. Унинг минбари, меҳроби, супаси, ҳовузи,нураган деворларини кўрган киши бу обиданинг эгаси борми, деган мулоҳазага бориши тайин. Тутдек тўкилиб бораётган тарихий обидага боқаркансиз, мабодо Намозгоҳнинг тили бўлганида оҳи – ноласи дунёларга сиғмас эди, деб юборасиз. Пештоқидаги қадимий битиклар кўчиб тушганини айтмайсизми?!

Фото: «Халқ сўзи»

Намозгоҳ шу пайтга қадар таъмирланмаган, деган фикрдан йироқмиз. Таъмирланган. Аммо ишлар қўл учида бажарилган. Йўлакларнинг аҳволи бунинг яққол тасдиғидир. Ҳали беш – олти йил ўтар – ўтмас, йўлак тошлари ўрнидан кўчиб кетган. Эсиз меҳнат, эсиз маблағ. Мабодо, фалакнинг

гардиши бир айланиб, Намозгоҳдек салобатли иншоотни қурган меъмор тирилиб келса, бу ерни таъмирлаган одамларга нима деган бўлар эди?! Бунисини билмадик. Ҳар ҳолда “Отангизга балли” демаган бўларди.

Шуларни ўйларкансан, Бухорода, эҳтимол, барча вилоятларда тарихий ёдгорликларни асраш ва таъмирлашга ихтисослашган мутахассис кадрлар тайёрловчи махсус мактаблар очиш мавриди келмадимикан, деб ўйлаб қоласан, киши. Негаки, ҳозир обидаларни асл ҳолича таъмирлай оладиган меъмору қурувчилар бармоқ билан санарли даражада оз. Уларнинг ҳам кўпчилиги кексайиб қолишган...

Фото: «Халқ сўзи»

Шу ҳудуддаги экин майдонининг аҳволини кўриб, эссиз ер, деб юборасан, киши. Агар шаҳар ободонлаштириш ташкилоти ўз ишчиларини лоақал бир кун жалб этганида ҳам бу ер бир обод гўшага айланиши тайин эди. Жилла бўлмаса, Намозгоҳнинг олд қисмидаги бир парча ерни кўз кўрса қувонадиган гулзор қилиш мумкин –ку? Буни алоҳида таъкидлашимизнинг боиси бор. Обиданинг ёнида вилоят перинитал маркази, нефт ва газ коллежи бинолари қад ростлаган. Йўлнинг нариги томонида эса кореялик инвесторлар томонидан замонавий клиника барпо қилинди. Бухоро тиббиёт коллежи, спорт мактаби қўл чўзса етгудек масофада жойлашган. Шаҳарнинг обод, гавжум жойида не – не кечмишларнинг тилсиз гувоҳи бўлган Намозгоҳ шундай забун аҳволда туриши керакми?!

Фото: «Халқ сўзи»

Агар Намозгоҳ ва унинг ён – атрофи ободонлаштирилса, зарур шарт – шароитлар яратилса, бу ердан хорижий сайёҳларнинг ҳам, бухороликларнинг ҳам қадами узилмайди. Обиданинг умрига умр қўшилади. Намозгоҳда ҳар куни байрам бўлади. Ҳозирча эса... бу ширин бир орзу, холос.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019