Маънавият ва маърифат маркази Элмира Боситхонованинг “фикрлари ўринли ва асосли“ эканини таъкидлади

10:23 15 Июль 2019 Жамият
544 0

“Маънавият” ўзи нима ва нима учун керак? Ким учун керак? Қачон ва қаерда керак? У нечоғлик тушунча ёки мавжудликки, бугун жамиятнинг унга зарурати қолмабди? Айниқса ижтимоий тармоқ обуначиларининг шу қадар меъдасига тегиб кетибдики, бу сўзни ким ва қаерда айтмасин, дарҳол акс таъсирларга, турли истеҳзога қоришган танқидларга учрамоқда, узундан-узоқ баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда...

Аслида, барчамизга маълумки, “маънавият” сўзи араб тилига мансуб бўлиб, “маъно” сўзининг жамъини, яъни “моддий бўлмаган нарсалар” маъносида инсоннинг руҳияти, имон-эътиқоди, тафаккури, онги, ақлу заковати, илму фаросати, кийиниш, сўзлашиш, муомала маданияти, миллий ҳамияти, миллий қадрияти, тарбияси каби тушунчаларни мужассамлаштирган яхлит тушунча. Шу жиҳатдан маънавият ҳар қандай давр ва замонда ҳам, ҳар қандай жамиятда ҳам инсониятнинг бирламчи ва асосий эҳтиёжи,бўлиб келади, унга ҳамиша зарурат сезилади.

Маънавий эҳтиёжни қайси ўринга қўйиши ва намойиш қилиши билан шахснинг индивидуал хусусияти ҳам, эътиқодий мақоми ҳам, маърифий мартабасию ижтимоий онг даражаси ҳам аниқ белгиланади.

Маънавият – очлик, йўқчиликка гўзал сабрни, жаҳлу нафсни тийиш ва енгишни, хуллас барча иллатларга қарши тура олишни кўрсатади, ўргатади. Уни чин маънода, борлиғича ҳис қила олмайдиганлар, англаб етмаганларгина инкор этади, паст баҳо беради, аҳамиятсиз кўради.

Мана, икки-уч кундирки, ижтимоий тармоқларда бонг уриб, ОАВ ходимларию блогерларни, кенг аҳоли қатламини ўзига жалб этиб келаётган, турли кўриниш ва мазмундаги эътирозларга сабаб бўлаётган “маънавият” ва “маърифат” тушунчалари инсон яралгандан буён унинг руҳияти билан чамбарчас боғлиқ бўлган заруратдир. Тор маънода, маънавият ҳар бир инсон билан биргаликда туғилади: дунёга янги келган ҳар гўдак руҳияти покиза, фитрати тоза бўлади. У оила ва жамият, моддият ва илоҳиёт таъсирида шаклланади, ривожланади, ўзгаради, ўсади, тобланади, товланади. Шу инсон билан бирга ўлади. Бу маънавиятнинг индивидуал жиҳатлари саналади. Кенг маънода эса, маънавият умумийликни, миллийликни, давомийликни, барқарорликни ҳам намойиш қилади.

Шу томонлар эътиборга олинса, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонованинг жорий йил 11 июль куни қўмита томонидан “Оиладаги зўравонлик масалалари, турли вазиятлар таҳлили ва бу борада олиб борилаётган чора-тадбирлар” мавзусида ОАВ ходимлари билан ўтказилган брифингда илгари сурган фикрлари, албатта, ўринли ва асосли. Чунки, ҳар қандай ҳолат ва кўринишдаги зўравонликлар, кўнгилсизликлар, иллатлар илдизи, албатта, шу ҳодисот иштирокчи ва ижрочиларининг руҳияти, эътиқоди, онгу тафаккури – маънавиятига бевосита ва билвосита боғлиқ, шуларнингда тақозоси, ҳосили.

Э.Боситхонованинг озгина силлиқланмасдан ошкор этилган фикрида айнан “маънавият” сўзи иштирок этгани учун ҳам турлича талқин этилмоқда, мунозарага учрамоқда. Жиддийроқ қаралса, мамлакат хотин-қизларининг ҳимоячиси бўлган бу раҳбар аёл аслида “Бозорчи аёлларда маърифат йўқ, маънавият йўқ. У бозорчи. Шу сўзга мос бўлмаслиги учун Хотин-қизлар қўмитаси нима қилди? Мен топшириқ бердим, бозорда Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотини тузасизлар, бозорда алоҳида хона қилиб беради. Бозорда ишлайдиган аёлларни ўша ташкилот хонасига олиб кириб, маърифий суҳбатлар ўтказилади”, дея ўзига хос ва мос ташаббус билан чиққанлигининг нимаси ёмон, қўрқинчли ва ваҳимали... Ушбу фикрлар билан худдики, мамлакат бозорларини сел босди... Жиддийроқ, таҳлилий қаралса, бундай ёндашувга эҳтиёж ва зарурат юқори ҳам ҳатто.

Аммо ижтимоий тармоқда фаол бўлиб, ўзини халқ дарди, ташвиши, тақдирига ҳамоҳанг кўрсатиб, фикрлари оммалашишини хушлайдиганлар узоқ ҳаётий ва касбий тажрибага эга бу раҳбар опаниннг юқоридаги фикрларидан айнан “Бозорчи аёлларда маърифат йўқ, маънавият йўқ” жумласини юлволиб, қўлма-қўл қилиб, турли қарши чиқишлар қилишни бошлаб юборишди. Бунинг замирида эса “маънавият” ва “маърифат” тушунчаларига, ҳаттоки, ушбу соҳа ходимларига нисбатан ҳам кескин ва ошкора танқидий муносабат кўрсатишмоқда.

Аччиқ бўлса ҳам тан олиш керакки, бозорларда аёл шаънига номуносиб ҳақоратли сўзлар ишлатадиган, жамоа жойи эканлигига қарамай, ҳаттоки, бегона эркаклардан шарм қилмай, ёқа бўғиб, урушиб-талашиб кетадиган аёллар ҳам талайгина. Уларни ким ёки нима бундай жирканч ҳолатга олиб келди? Аввало, ўзлари. Ўзларининг тарбиясизлиги, одобсизлиги, андишасизлиги, орсизлиги, яъники, “маънавият”сизлиги, “маърифат”сизлиги! Бундай вазиятларга ҳамма-ҳаммамиз кўп бора дучор бўлганмиз. Барчамиз ҳали кийим, ҳали озиқ-овқату яна бошқа эҳтиёж заруратидан тез-тез бозорга тушиб турамиз. Кези келганда, бундай нохуш вазиятларни жамоа транспортларида ҳам кузатишимиз мумкин. Шундай экан, қачонгача бундай беандишаларга нисбатан эътиборсиз ва лоқайд бўламиз? Уларга дакки-дашном бериш, хатосини англатишдан тортинамиз, чекинамиз. Ахир бозор турли ёш ва қарашдаги аҳоли гавжум маскан, ўзига хос муносабат майдони. Бу ердаги тартиб-интизом харидорларнинг ҳам, савдогарларнинг ҳам руҳиятига муносиб таъсир ўтказади. Ўзаро даҳанаки уруш-жанжаллар, соч юлиб, ёқа бўғиб “кураш тушишлар” ён атрофдагиларга салбий таъсир этади, ҳаттоки, баъзиларга ўрнак-намуна бўлади. Сирасини айтганда, бундай нохуш ҳолатларни бартаф этиш, олидини олиш вақти ўтиб ҳам кетмоқдаку.

Боситхонованинг фикрига диққатлироқ бўлинса, айнан шу нуқтаи назарларга ҳамоҳанг. Бироқ вазиятга муносабат ва ечимда ёндашув бошқача бўлиши керак эди. Маънавиятдан, инсонийликдан аввал қорни ва қадрини ўйлайдиганлар учун албатта “маънавият”, “маърифат” сўзлари ари чаққандек таъсир қилади, энсасини қотиради. Аммо ўзбек халқи бошидан баъзи вақтларда пули бўлса ҳам емоққа нону масаллиқ олиш имкони бўлмаган ёки чекланган қийин кунлар ўтган. Лекин бугунги кундагидек оқибатсизлик, инсофсизлик, қотилликларнинг ранг баранг кўринишлари бўлмаган, андиша, орият устун бўлган.

Э.Боситхонова сўз қўллашда эҳтиёткор бўлмадилар холос. Баҳо ҳам умумий берилмаслиги керак эди. Бу фақат шундайларгагина тегишли муносабат. Бизнинг бозорларда ўз ҳамиятини биладиган, хушмуомала, хушхулқ сотувчи аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Улар ожиза аёл боши билан, эътиқод-тақвоси, ғайрату шижоати билан кечани кеча, кундузни кундуз демай, елиб-югуриб меҳнат қилади, рўзғори камига ярашга интилади, оиласи фаровонлиги учун талпинади. Уларни ҳар қанча эътироф этсанг, олқишласанг ҳам камлик қилади. Хотин-қизлар қўмитаси ўз фикрида “бозорчи аёллар” деган бўлса ҳам, асло бу каби тарбияли, меҳнаткаш, заҳматкаш, ориятли аёлларни назарда тутмаган. Фикр йўналиши аниқ ва чин маърифатли инсонлар бу сўзларни ўзларига нисбатан ҳақорат деб қабул қилмайдилар, ҳаттоки, бозорларда маърифат хоналари, маънавий ҳордиқ масканлари ташкил этилишидан мамнун бўладилар, қўллаб-қувватлайдилар. Ушбу юзасидан бозорларда бемалол сўров ўтказишингиз, сотувчи аёллар фикрини аниқлаштиришингиз мумкин.

“Маънавият”ни ҳазм қила олмайдиганлар, ушбу сўз ва тушунчани жисму руҳиятига сингдиришни истамайдиганларгина ўзларини ҳақоратланган, хўрланган сезадилар, оғринадилар, қарши турадилар. Энг даҳшатлиси, маънавият, маърифат, китобхонликка нисбатан очлик, йўқчилик, моддий эҳтиёжларни қарама-қарши қўядилар, ўзаро таққослайдилар. Бу ўринлимикан? Моддият билан руҳиятни қаршилантириш, қиёслаш нечоғлик тўғри?

“Китоб ўқиш оч қоринни тўйдирадими?”, “Маърифий суҳбату тадбирлар камингни бут қиладими?”, “Моддий муаммолар турганда маънавиятга умуман зарурату эҳтиёж йўқ” каби муносабатнинг ўзи киши тафаккури нечоғли қашшоқ эканлигини кўрсатмайдими? Шундай ўринсиз ва бемаъни саволни қўя олиш учун инсон қай даражада етук ёки тубан бўлиши керак?

Биров очдан ўладиган замонми шу давр? Излаган, истаган ва Яратгандан тилаганларҳар қандай вазиятда ҳам хайрли, безиён имкон топиб, кун кечирмоқда. Давлатимиз томонидан яратиб берилаётган қатор имконият, имтиёз, шарт-шароитларга бирма-бир тўхталиб ўтиришга ҳожат йўқ. Буни билмаганлар, кам санаганлар ношукур, бесабрдирлар холос. На тинчлик, на соғлик, на бойлик уларни қаноатлантира олмайди.

Нафақат олди-сотди билан шуғулланаётган савдогар аёллар, хоҳ қишлоқ, хоҳ шаҳарда бўлсин, ҳар қандай касбий фаолият билан ҳалол меҳнат қилиб оиласи бюджетига фойда киритаётган, ҳам ишлаб ҳам рўзғор тебратаётган аёллар зиммасида юк оғир. Уларнинг оғирини енгиллатиш, ҳар томонлама ривожлантириш учун тегишли чора-тадбирлар кўриб борилаётган, амалий натижаларга эришилаётган даврда жамиятнинг асосий бўғини, оиланинг мустаҳкам устуни бўлган аёлларимизни руҳий, маънавий-маърифий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, йўналтириш янада долзарб, янада самарали. Чунки, аёл, аввало, Она! Келажак авлод тарбиячиси, давомчиси, оиланинг маънавият машъали! Шу жиҳатдан, аёл қадр-қимматини, шаънини сақлашга ва юксалтиришга қаратилган ҳар қандай хайрли ташаббусларни юртимизнинг турли ҳудудларида оиласи ва жамият учун ўз соғлиги, куч-ғайрати, билим-заковатини аямай сарфлаб, меҳнат фаолияти олиб бораётган барча салоҳиятли, тарбияли, маърифатли аёллар мамнунлик билан қарши оладилар.

Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кишидан ортиқча вақт, қўшимча маблағни талаб қилади. Асосий вақтини интернет саҳифаларидан бемақсад фойдаланишга сарфлаётган норози кайфиятдаги қатлам ҳар қандай ташаббус ва янгиликни дастлаб танқидий қабул қилади, очиғини айтганда, “тирноқ ичидан кир қидиради”. Уларга ўзлари каби ҳамфикрлар тезда қўшилиб, шов-шувли, мунозарали вазиятларни юзага келтиришади. Дунёқараши кенг, тафаккури теран, руҳияти покиза, шукроналик кайфияти устуворлар эса вазиятларга мулоҳазали, умидли ёндашишади, хайрли жиҳатларни кўришга интилишади. Шу маънода, Э.Боситхонованинг бозорда маърифатни тарғиб этишга қаратилган ташаббусини ижтимоий тармоқда фаол бўлмаса-да, жамиятда, ўз оиласида фаолликка интилиб яшаётганлар оддий ва эътирозсиз қабул қила оладилар.

Тасаввур қилинг, бозордаги ёки маҳалла гузаридаги радиоузеллар орқали майин ва ширали мусиқий оҳанглар узра маълум ва машҳур сухандонлар, санъат усталари, ёш адабиётхонлар томонидан Алишер Навоий, Бобур, Машраб, Огаҳий, Увайсий, Нодира, Чўлпон, Усмон Носир, Ойбек, Зулфия, Саида Зуннунова каби бир қанча адибларнинг бадиият манзумалари ёинки, диний-тарбиявий манбалар ифодали, жарангдор овозда янграб турса... Бундай ифода кимни бефарқ қолдиради? Кимнинг ғашини келтиради? Фақатгина қалби қотган, ҳислари сўнган, моддийликка талпинган, бугунги куни билан яшайдиганларнингда, албатта.

Ҳақиқатдан ҳам, инсон яралишидан, яшашидан мақсад қорнини тўйғазиш, моддий заруратларни қоплаб яшаш эмаску. Руҳни қачон ва қандай озиқлантирамиз унда? Тафаккурни қачон тўйдирамиз? Маънавиятни қачон бойитамиз? Қовжираб бораётган руҳни қачон суғорамиз? Аслида руҳ оч ва юпун бўлиб бормоқдаку...

Ушбу жиҳатларни эътиборга олсак, маънавий озуқа эҳтиёжи бирламчи заруратлиги янада ойдинлашади. Бу муаммо ҳамиша долзарб, ҳамиша баҳсли, ҳамиша бардавом... Унга ёндашувни ўзгартириб, таъсирнинг беозор усулларини танлай билиш кифоя. Жумладан:

бозорлар ва маҳалла гузарларида, лозим бўлса, аёллар кўпчиликни ташкил этадиган корхона ва ташкилотларда “Маданий ҳордиқ” хоналарини ташкил этиш, “Маърифат” радиоузелларини йўлга қўйиш, ушбу жараёнларнинг масъулларини ва вазифасини аниқ белгилаш;

танланаётган материал ва манбаларнинг миллийлиги, маърифийлиги, бетакрорлиги, таъсирчанлигига жиддий эътибор қаратиш;

тарбияси, муомала-муносабатида нотугалликлар кўзга ташланадиган, норозилик кайфиятини тарқатадиганларни аниқлаб, улар билан психологик тушунтириш ишлари олиб бориш;

жамоа жойида ўзини тутишни билмайдиган, жанжалга мойил, ён-атрофдагиларга беписанд шахсларни кузатиб, ижтимоий, руҳий аҳволини ўрганиш, тегишли чора-тадбирлар қўллаш механизмини йўлга қўйиш;

ҳар бир шахс, ҳар бир оила жамиятнинг таянч бўғини эканлигини назарда тутган ҳолда, уларнинг ижтимоий-маънавий ривожланиши учун олиб борилаётган ҳаракатлар дастурини такомиллаштириш;

мутолаа маданияти, китобхонликни тарғиб этишнинг ўзига хос усуллари орқали инсонларнинг ўз ўзини англаши, ўз ўзини ривожлантиришига эришиш каби фаолиятлар бу борада нисбатан самарали.

Бир сўз билан айтганда, “Маънавият энг қудратли ва таъсирчан қуролимиз”, сув ва ҳаво янглиғ эҳтиёжимиз, икки дунё саодати калити эканлигини дилдан ҳис қилиш ва ҳамиша унга талпиниб, ундан баҳра олиб яшаш лозим!

Феруза Азимова, Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019