Хўжандда Самарқанд кунлари ўтказилди

15:25 10 Сентябр 2018 Жамият
1777 0
Фото: Б. Мустанов / “Халқ сўзи”

Ўзбекистоннинг энг қадимги ҳудудларидан биридан келган ва таркибидан тадбиркорлар ҳамда маданият арбоблари жой олган делегация Сўғд вилоятида алоҳида иззат-икром билан кутиб олинди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” мухбири воқеа жойидан хабар қилди.

Меҳмонлар ташрифи муносабати билан фольклор-этнография жамоалари томонидан гўзал концерт дастури намойиш этиб берилди. Машҳур қўшиқчилар шўх ашулаларни ижро этди, меҳмонлару мезбонлар биргаликда рақсга тушишди.

​Фото: Б. Мустанов / “Халқ сўзи”

- Биз самарқандликлар билан янги учрашувни сабрсизлик билан кутдик ва ўзбекистонликларни бизнинг кўҳна заминимизда кўриб турганимиздан чин дилдан хурсандмиз, - деди Сўғд вилояти раиси ўринбосари Назира Ғафори. – Биргина шу йилнинг ўзида Самарқанд вилоятилик дўстларимиз билан кўплаб унутилмас ва илиқ дийдор кўришишлар бўлиб ўтди. Масалан, биргаликда Наврўз байрамини нишонладик. Мана, ҳудудимиз аҳолисини чин юракдан қувонтирган яна бир учрашувга гувоҳ бўлиб турибмиз.

​Фото: Б. Мустанов / “Халқ сўзи”

7-9 сентябрь кунлари Хўжандда ташкил этилган Самарқанд кунлари доирасида Сўғд ва Самарқанд вилояти ишбилармонлари иштирокида бизнес-форум, самарқандлик ишбилармонлар ва ҳунармандлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ўтказилди. Меҳмонларнинг Тожикистон Республикаси мустақиллик куни муносабати билан ташкил этиладиган тантанали тадбирларда қатнашиши ва Самарқанд вилояти санъат усталари томонидан катта концерт дастури берилиши бугунги кун дастурининг энг асосий воқеаларидан бирига айланди.

Эслатиб ўтамиз, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида жорий йил апрель ойида Самарқандда Сўғд ва Самарқанд вилояти ишбилармонларининг бизнес-форуми бўлиб ўтганди. Ушбу тадбир давомида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ҳамда кенгайтиришга қаратилган қатор битимлар имзоланганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?