Халқаро армия ўйинларига тайёргарлик қизғин

17:34 24 Июль 2019 Жамият
3135 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан ОАВ ходимлари учун Жиззах вилоятидаги “Фориш” тоғ полигонида медиатур ташкил этилди. Тадбир асносида мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Азизбек Икрамов мазкур полигонда хорижлик ҳарбийларни кутиб олиш учун яратилган шароитлар, Халқаро армия ўйинларига кетаётган қизғин тайёргарлик ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги бўйича журналистларга атрофлича маълумот берди.

V Халқаро армия ўйинларининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” йўналиши ўтказиладиган мазкур тоғ-дала ўқув машғулотлари полигонида энг замонавий ҳарбий техника ва барча шароитлар мавжуд. Бу ерда кўплаб халқаро ҳамкорликдаги дала-ўқув машғулотлари ташкил этилган. Мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган “Халқаро армия ўйинлари-2019” танловининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” йўналиши – ҳарбий врачлар ва тиббий бўлинмалар орасидаги ўқ отиш, махсус тиббий кўникмаларни ошириш, биринчи ёрдам, ярадорни жанг майдонидан олиб чиқиш шартларини бажариш бўйича мусобақадир. Унда индивидуал маҳорат, жамоавий биринчилик ва “Энг яхши механик-ҳайдовчи” каби босқичларда жамоалар ўз маҳоратини синовдан ўтказади.

Жорий йилги мусобақада Арманистон, Ангола, Озарбайжон, Беларусь, Россия, Вьетнам, Зимбабве, Қозоғистон, Мьянма, Тожикистон ва Ўзбекистон каби давлатлар жамоалари Венесуэла давлати кузатувчи мақомида жами 211 иштирокчи қатнашади. Мақсад шифокорлар, тиббиёт ходимлари ва кичик тиббий мутахассисларнинг ҳарбий-назарий билимларини чуқурлаштириш ва бўлинмаларнинг жанговар ҳаракатларини, тиббий таъминотини ташкил этишдир. Шунингдек, тиббиёт мутахассисларининг жанг майдонида ярадорларни қидириш, жамлаш ва олиб чиқиш билан бирга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича дала кўникмаларини такомиллаштирилади.

Тиббиёт мутахассисларининг ҳарбий-касбий фаолиятидаги жисмоний ва аҳлоқий-руҳий тайёргарлиги ҳам баҳоланади.

Мусобақада Қуролли Кучлар қўшинлари бўғинида 40 ёшдан катта бўлмаган, 6 ойдан кам бўлмаган муддат давомида тиббиёт лавозимларида хизмат ўтаётган шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилар орасидан ҳарбий шифокорлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ва ҳарбий-тиббиёт билим юртларининг курсантлари иштирок этади.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

—Мусобақа икки — индивидуал ва жамоа босқичида бўлиб ўтади, — дейди Мудофаа вазирлиги тиббий таъминот бошқарма бошлиғи Носиржон Фозилов. — Шу билан қўшимча равишда ҳайдовчиларнинг маҳорати инобатга олинади. Бундан ташқари, аёллар ва эркаклар жамоаси ҳам отиш тайёрлиги бўйича иштирок этади.

Медиатур иштирокчилари, шунингдек, “Фориш” тоғ-дала полигонида яратилган шароитлар билан танишди. Бу ерда ташкил этилган махсус шаҳарчада халқаро мусобақада қатнашадиган давлатлар жамоалари учун барча шароит яратилган. Махсус ётоқхоналар, ювиниш жойлари, халқаро стандартларга мос сузиш ҳавзаси, машғулот ўташ учун спорт заллар, стадионлар шай ҳолатга келтирилган,

Миллий маданиятимизни, бетакрор урф-одатларимиз, қадимий меъморчилигимиз акс эттирилган майдончада ҳар бир вилоятнинг ўзига хос анъаналари ифодаланган кўргазмалар ташкил этилган. Меҳмонлар учун кўплаб миллий таомлар ҳам тайёрлаш режалаштирилган.

Медиатур давомида ҳарбийлар томонидан Ўзбекистон армиясининиг замонавий қурол-яроғ ва техникалар бўйича маълумот берилиб, аскарлар томонидан ҳарбий қўл жанги машғулотларидан намойиш этилди.

Ҳасан ПАЙДОЕВ, “Халқ сўзи”.

Муаллиф олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер