“Халқ сўзи” ахборотига Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий муносабат билдирди

Онлайн нашримизда Қашқадарёда тўйда одамларнинг оммавий заҳарланиши бўйича “Рақамларни яширишдан нима наф? Қашқадарёдаги тўйда аслида неча киши заҳарланган эди?” сарлавҳали хабар чоп этган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу хабарга расмий муносабатини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика бош Давлат санитар врачи Саидмурод Саидғаниевич Саидалиевнинг маълум қилишича, 28 сентябрь куни соат 20:00дан 29 сентябрь куни соат 19:30 гача 40 нафар, 29 сентябрь соат 20:00дан 30 сентябрь соат 13:00гача яна 28 нафар, 30 сентябрь соат 13:00 дан кейин яна 22 нафар, жами 90 нафар фуқаро Қашқадарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасига соғлиғидан шикоят қилиб мурожаат қилган.
Олиб борилган текширишлар натижасида уларнинг овқатдан заҳарлангани аниқланиб, мурожаат қилганларга “Ўткир гастроэнтерит” ташхиси қўйилган. Улар жорий йилнинг 27 сентябрь куни Қарши шаҳридаги “Бахтли оила” тўйхонасида тўй маросимида турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотларини аралаш истеъмол қилиши туфайли соғлиғида ана шундай муаммоларга дуч келган.
Шундан сўнг Қашқадарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасида махсус штаб ташкил этилган. Айни пайтда Республика санитария-эпидемиология назорати марказининг малакали мутахассислари ушбу штабга жалб этилиб, амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар белгилаб олинди, беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида барча зарур дори-дармонлар захираси яратилган.
Республика бош давлат санитар врачи Саидмурод Саидалиевнинг айтишича, бугун, 2 октябь соат 12:00гача тўйда овқатдан заҳарланган, касалхонада бўлиб турган 90 нафар фуқародан 48 нафарига уйига жавоб берилган. Айни пайтда яна улардан 42 нафари касалхонада даволанмоқда. Уларнинг ҳам аҳволи қониқарли, тез орада уйига жавоб берилади.
Тўйда қатнашган фуқароларни уйларига бориб, патронаж ўтказиш учун оилавий поликлиникалардан 108 нафар ва шаҳар ДСЭНМдан 40 нафар мутахассис жалб этилди. Натижада тўйда қатнашганлар орасида касаллик белгилари бўлган фуқаролардан 67 нафари фаол аниқланиб, шифохонага ётқизилди. Беморларни даволаш ва овқатдан заҳарланиш ҳолатлари профилактикаси юзасидан тадбирлар давом этмоқда.
Текширишлар якуни бўйича маълумот берилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг