Рақамларни яширишдан нима наф? Қашқадарёдаги тўйда аслида неча киши заҳарланган эди?


Мухбиримизнинг мазкур ҳодиса тафсилотларини ўрганганда рақамлар жуда фарқ қилди.
Одамлар нимадан оммавий заҳарланди?
Жорий йилнинг 30 сентярб куни Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 2018 йил 29 сентябр куни соат 21:25да олинган маълумотга асосан, жорий йилнинг 28 сентябр куни вилоят Юқумли касалликлар шифохонасига 16 нафар ва 29 сентябр куни 7 нафар, жами 23 нафар фуқаролар овқатдан заҳарланиш “Ўткир гастроэнтерит” ташхиси билан ётқизилганини хабар қилди. Хабарда изоҳланишича, улар жорий йилнинг 27 сентябр куни Қарши шаҳридаги “Бахтли оила” тўйхонасида тўй маросимида турли хилдаги озиқ-овқат маҳсулотларини аралаш истеъмол қилишиб, соғлигидан шикоят қилишган.
Орадан бир кун ўтиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати томонидан юқоридаги ташхис билан ётқизилган беморлар жами сони 74 нафар (шундан 4 нафари 18 ёшгача бўлганлар, 10 нафар эркак ва 60 нафар хотин-қизлар), шифохонага ётқизилганлар сони 72 нафар, уйига жавоб берилганлар 2 нафарни ташкил этгани, ётқизилган 72 нафар беморнинг аҳволи ўртача енгил ҳолатда экани маълум қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарида улар тўй дастурхонига тортилган турли салатларни истеъмол қилиб, заҳарлангани айтиб ўтилиб, айбдорларга тегишли чоралар кўрилгани маълум қилинган.
Вилоятдаги мухбиримиз воқеани жойига чиқиб ўрганди. Суриштирув давомида заҳарланиш ҳолати ҳақиқатдан ҳам Қарши шаҳридаги “Бахтли оила” маросимлар уйида бўлган тўйда иштирок этганлар экани аниқланди.
Шифохонадан маълум қилишларича, тўй кундузи соат иккиларда бошланган. Кечки соат 7 ларга келиб, Қашқадарё вилоят юқумли касалликлар шифохонасига “ўткир гастроэнтерит” ташхиси қўйилган дастлабки беморлар кела бошлаган.
Навбатчи шифокор Баҳром Шодиевнинг айтишича, худди шу шикоят билан шифохонага жуда кўп одам мурожаат қилган. Шу боис шифохона тўрт кундан бери кучайтирилган режимда ишламоқда.
“Барча жабрланганлар керакли муолажалар ўтказилмоқда, уларга зарур препаратлар берилмоқда. Жабрланганлар орасида болалар ҳам бор, уларнинг сони 25 нафар. Болаларнинг аҳволи қониқарли”, - дейди Б. Шодиев.
“Жиянларим 20 ёшли Юлдуз ва 17 ёшли Умидани тўйдан кейин учратдим. Улар соғлиғидан шикоят қила бошлашди ва биз дарҳол касалхонага бордик. Уларга ўткир гастроэнтерит ва салмонеллёз ташхиси қўйилди. Касалхонага келганда заҳарланганлар фақат улар эмаслигини билдик. Афсус қувончли кун бундай воқеа ёқимсиз ҳодиса билан якунланди”, - дейди Марҳабо Наимова.
Шифохона бош шифокори жуда бандлиги боис воқеага изоҳ бериш беришдан бош тортди. Бироқ, қабул қилиш бўлимининг ҳамшираларидан бири Шаҳзода Эшмуродованинг айтишича, сўнгги кунлари касалхонага 400 нафарга яқин киши худди шундай шикоят билан мурожаат қилган. Уларнинг ҳаммаси ҳам шифохонага ётқизилмаган. Шифохонага қолишни истамаганлар, муолажалар ва инъекцияларни қабул қилиб, уйда даволанишга кетишган.
“Бахтли оила” ресторани Қашқадарёдаги энг йирик маросимлар уйларидан бири бўлиб, бир вақтнинг ўзида 600 нафар меҳмонни қабул қилиш имкониятига эга. 27 сентябрь куни бу ерда ўтказилган тўй маросимида у меҳмонлар билан тўла бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати томонидан маълум қилинишича, вилоят Юқумли касалликлар шифохонасида махсус штаб ташкил этилди, айни пайтда Республика санитария-эпидемиология назорати марказининг малакали мутахассислари ушбу штабга жалб этилиб, амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар белгилаб олинди, беморларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида барча зурур дори-дармонлар захираси яратилган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг